Ўзбек халқи уволдан қўрқадиган, тадбирли эл

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Ҳар бир халқнинг тарихий шаклланган, унинг маърифати, маданияти акс этадиган удумлари, маросимлари мавжуд. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ҳам фақат ўзигагина хос бўлган анъаналарни кўриш мумкин. Аммо миллатнинг ҳақиқий маънавияти унинг тўй ва аза маросимларида яққол намоён бўлади.

Охирги 20-30 йил ичида бизнинг ана шу тадбирларимиз ўзининг асл моҳиятини йўқотиб, манманлик, ким ўзарлик мусобақасига айланиб қолган эди. Оиланинг эҳтиёжларини инобатга олмасдан, фарзандлар келажаги учун нима муҳимроқ эканлигини ўйлаб ҳам кўрмасдан, уч кунлик ёлғон обрў орттириш мақсадида йиллаб оғир меҳнат эвазига тўпланган маблағлар ҳавога совурилиб келди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати бўлмиш аҳолимизнинг эҳтиёжманд қисми турмушида бу иллат оилаларнинг камбағаллашувига, тўй учун маблағ топишни мақсад қилиб, хорижга ишга кетишларига сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам партиямиз ўз сайловолди дастурида халқимизни бундай исрофгарчиликка йўл қўймай, маблағларини фарзандлар келажаги, уларнинг билимли, ҳунарли бўлиши учун сарфлаш чақириғи билан чиқди. Шундай вақтларда аҳоли айрим қисми томонидан танқидларга ҳам учрадик. Лекин масала Олий Мажлиснинг иккала палатаси томонидан чуқур ўрганилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Халқимиз қарорни ижобий қабул қилсада, бу қарорга ҳам эътироз билдирувчилар топилди.

Дунёдаги барча давлатларга таҳлика солган, ривожланган давлатларнинг ҳам иқтисодиётига кучли таъсир кўрсатиб, режаларини ўзгартиришга мажбур қилган коронавирус пандемияси маълум муддатга тўй маросимларини тўхтатишга, аза маросимларни эса кескин ихчамлаштиришга мажбур қилди.

Ҳар ёмонликда бир яхшилик яширин, деганларидек тадбирларни ихчамлаштириб ўтказилиши аҳолимиз онгига ижобий таъсир қилди, деб ўйлайман. Яқин танишимиз 10 киши иштирокида келин туширди, тўйдан кейин аввалдан тўй учун деб йиғилган маблағ ортиб қолгач, оила маслаҳат қилиб автомашина харид қилди. Тўйдан қанча қарз билан чиқар эканмиз, деган хавотирдаги ота-она учун бу кутилмаган совға бўлди. 

 

Махсус комиссиянинг қарорига асосан тўйларни 30 киши иштирокида ўтказиш аҳолимиз томонидан яхши қабул қилинаяпти. Харажатлар ана шу меъёр асосида режалаштирилмоқда. Тўғри, ҳамманинг онгини қисқа муддатда ўзгартириш қийин, лекин ортиқча дабдаба, исрофгарчилик маросим ўтказаётган оила учун катта зарар эканлиги, маблағлар оила қураётган ёшларнинг эҳтиёжи, уй шароитларини яхшилаш ёки бўлмаса ота-оналарнинг саломатлиги учун сарфланиши энг мақбул иш эканлигини ҳаммамиз ҳам аста-секин тушуниб бораяпмиз. Дабдаба, исроф тарафдорлари бу ишларини миллий қадрият, урф-одат билан изоҳламоқчи бўлади. 

 

Бу эса азалий анъаналарга эга, маърифатли халқимизнинг қарашлари, қадимий анъаналари, менталитетига ёт деб биламан. Чунки ўзбек халқи исроф, уволдан қўрқадиган, фарзанди бахтини барча нарсадан устун қўядиган, ҳалол меҳнат билан топилган ҳар бир тийинни режалаб сарфлайдиган халқ. Кейинги йилларда ўзича кайвониликни қўлга олган, халқ тадбирларига янгича “хурмача қилиқлар”ни киритаётган, халқимиз тарихи, маданияти, маърифатидан йироқ кимсаларни эса вақтнинг ўзи йўлимиздан четга суриб қўяди.

Президентимиз томонидан олға сурилган “Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак”, деган ғояни амалга ошириш учун ҳаммамиз бирлашиб, келажагимиз – болаларимиз бахти, юрт фаровонлиги учун ақл-идрок, шижоат билан ҳаракат қилишимиз лозим.
 

Мақсуда Ворисова,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

марказий кенгаши раиси ўринбосари,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

ЎзА

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM