Субсидия кимларга берилади?

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Жорий йилнинг 1 мартидан даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга субсидиялар беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Қуйида биз сизга субсидия ўзи нима эканлиги, кимларга берилиши ва арзон уй-жойлар ҳақида тушунча беришга ҳаракат қиламиз.
Субсидия ўзи нима?

Субсидия — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан ажратиладиган, қайтариб берилмайдиган маблағдир.
Бунда, қишлоқ жойларда биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
шаҳарларда эса дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида;
Тошкент шаҳрида биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига субсидия ажратилади.
Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади.
Субсидия олиш учун аризани Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин. Аризалар 2020 йил 1 октябрига қадар қабул қилинади.
Субсидиялар кимга берилади?
Эслатиб ўтамиз, мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.
Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Фуқаро меҳнат мигранти бўлган тақдирда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.
Эътибор беринг! Фуқароларнинг арзон уй-жой олиш учун навбати ДХМлари орқали ўзгартирилмайди. Ушбу масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.
Субсидия олишда баллар... Бу нима?
Субсидия — бу бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилади дегани эмас. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим.
Субсидия берилиши учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.
Масъул органлар — ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи шаҳар ёки туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари. Улар ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққоний эканлигини текширишади.
Балл беришда талабгор ёки унинг оиласи даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳоказо), шунингдек, оилада ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги инобатга олинади.
Субсидия белгиланган баллни тўплаганларга тартиб бўйича берилади.
Субсидия олиш учун қандай маълумотларни тақдим этиш керак?
– паспорт;
– оила аъзоларининг паспорти ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;
– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);
– доимий рўйхатда турган жойидан кадастр рақами ва турга тегишли маълумотлар;
– доимий рўйхатда турган жойидан уй дафтарининг ёки кўп қаватли уйдаги квартира карточкасининг(17-шакл бўйича) нусхаси;
– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).
Талабгор аризаси бўйича ижобий жавоб олган тақдирда танловига кўра субсидияни уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга қаратилган маблағ шаклида олиши мумкин бўлади.
Танганинг орқа томони
Агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларни) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.
Эътибор беринг! Субсидия олиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари Сиздан фақатгина ариза қабул қилиш ва якуний натижани тақдим этишгагина ваколатлидир.
Қолган масалалар, яъни кимга, қанча миқдорда субсидиялар ажратишни ташкил этиладиган комиссия томонидан ҳал қилинади. Бу ишга Давлат хизматлари маркази аралашмайди.
Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақат бир марта берилади.

Аброр МАХСУДОВ,
Давлат хизматларини агентлиги катта маслаҳатчиси.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM