Зўравон эр – энди пушаймон ер


Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида "Аллоҳ таоло сизларга хотинларга яхшилик қилишингизни буюради, чунки улар оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир" дейилган. Дунёнинг ярмига ҳукмронлик қилган Соҳибқирон Амир Темур "Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим" деб ёзган тузукларида. Демак, шундай улуғ зотлар аёлларни эъзозлаган экан, бугунги кунда аёлларга паст назар билан қараб, уларга зўравонлик қилаётган эркаклар қаердан пайдо бўляпти?  Бундай кишиларни ким деб аташ мумкин? Яна ҳадисларга мурожаат қиламиз. "Аёлларни улуғ одамлар ҳурмат қилади. Уларни фақат пасткаш одам хўрлайди". Рус ёзувчиси М. Горький эса "Маданиятнинг қай даражадалиги аёлга нисбатан муносабат билан ўлчанади" деб ёзади. Орамизда ҳамон аёлларга тазйиқ ва зўравонлик қиладиган пасткаш, маданиятсиз кимсалар бор экан, уларни тўғри йўлга солиш, аёлни онаси, синглиси, қизи ва хотини эканлигини ёдига солиб қўймоқ лозим. Энди бундай зўравонликка йўл қўйилмайди. Чунки,хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқи қонун ҳимоясига олинди. Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш" тўғрисида"ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг "Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида"ги Низом билан зўравонликка барҳам беришнинг аниқ меҳанизмлари белгилаб берилди.
Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бандлик, ички ишлар, таълим, соғлиқни сақлаш, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат тузилмалар, жумладан, хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ  ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланган. Масалан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсга расмий огоҳлантириш ва ҳимоя ордерини беради, зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради, каби пунктлар ҳам белгиланган. Низомда ҳам зўравонликка барҳам беришнинг аниқ меҳанизмлари белгилаб берилган. Илгари хотин-қизлар қўмитаси бундай зўравонликка қарши кўпроқ яраштирувчи вазифасини ўтаган  бўлса,энди ҳамкор ташкилотлар билан бу ҳолатга қарши жиддий курашади. Жабрдийдалар мурожаат қилмаса ҳам, зўравонлар жиноий жавобгарликдан қутилиб қолмайди.
Охирги уч йилда гендер тенгликни таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида" қонун қабул қилинди. Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилди.
Туманимиз аҳолисининг ярмидан кўпини - 132 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича "Ижтимоий мослашув маркази" ташкил этилди. Ҳозирга қадар ушбу Марказга мурожаат этган 45 нафар хотин-қизларга мутахассислар томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Хотин-қизларимиз ҳам оилада ота-онасига, қайнота-қайнонасига, эрига хушмуомала бўлиб аёллик вазифасини, эркаклар ҳам оиладаги бурч ва вазифаларини бажарса оила тинч бўлади. Акс ҳолда бундай оила дўзахга айланиб, жабрини болалар, яқин қариндошлар кўради.
Эркаклар "Хотин киши қовурғадан яратилган. Агар сен қовурғани тўғрилайман десанг синдирасан, муроса қилу у билан яша".  Жаҳлни тиёлмай ожиза аёлни ҳақоратлаб уриш, бу кучлилик эмас. Чунки, "Ғазаби келганда уни босаоладиган киши энг кучли одамдир".
Хулоса, қилиб айтганда ноҳақ хотинига зўравонлик  қилган  эр, энди пушаймон ейди. Шундай экан аҳли аёлингизга мулойимроқ бўлинг. Чунки, шоир ёзганидек уларни асраш керак:     
 
Ғоятда гўзалсиз, ғоятда ҳурсиз,
Сиз-иффат нурлари улғайган тилак.
Олам ганжи ичра дурдона дурсиз,
Сизни асраш керак, ардоқлаш керак.
    
Эшпўлат САФАРОВ.
2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM