.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожатномасида "...пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фемер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфааат кўрмайди, ходимларнинг иш услуби ўзгармайди" деб таъкидлаб ўтган сўзлари биз - қишлоқ хўжалиги ходимларини руҳлантириб, янада самаралироқ меҳнат қилишга ундади. Ўтган йилда ҳам туманимиз қишлоқ хўжалик ходимлари самарали меҳнат қилиб, соҳаларда юқори натижаларга эришдилар. Турли йўналишларда жами 1066 та фермер хўжаликлари 44084 гектар майдонда ўз фаолиятини олиб борди. Шунингдек, 95 та фермер хўжаликлари янгидан ташкил этилиб, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган корхоналарда 2500 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Ўтган йилда 8926 гектар бошоқли дон экинлари, 10974 гектар майдонга ғўза экинлари, 657 гектар майдонга сабзавот экинлари, 2435 гектар майдонга озуқа экинлари, 250 гектар майдонга полиз экинлари, 257 гектар ерга нўхат экинлари ҳамда 140 гектар майдонга бошқа турдаги экинлар экилиб, мўл ҳосил олинди ва барча соҳаларда режалар ортиғи билан бажарилди. Шунингдек, 4388 гектар майдонга такрорий экинлар экилди.
Тумандаги барча тоифадаги хўжаликларда жорий йилда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан йирик шохли қорамоллар сони 109.4 фоизга, шу жумладан, соғин сигирлар сони 106,1 фоизга, майда шохли моллар сони 106,2 фоизга, отлар сони 106,6 фоизга, паррандалар сони 105,6 фоизга ўсишга эришилди. Шунингдек, гўшт етиштириш 107,5 фоизга, сут 105,9 фоизга, тухум 106,9 фоизга, асал 108 фоизга ,балиқ 106,7 фоизга ўсди.
Туманда пахтачилик йўналишида "KATTAKURGAN CLUSTER" МЧЖ ташкил этилиб, тумандаги 254 та фермер хўжаликлари билан 10 974 гектар майдонда 30 178 тонна пахта хомашёси етиштириш бўйича фючерс шартномаси тузилди. Фермер хўжаликлари 2019 йил пахта ҳосилидан 24 млрд. сўм даромадга эришдилар. Ғалладан давлатга 29 минг тоннадан зиёд дон топширилди.
2019 йил чет давлатларда ишлаб чиқарилган юқори ҳайдов унумдорлигига эга бўлган 4 дона Арион-630С русумли ҳамда 9 дона ТД5.110 русумли ҳайдов тракторлари олиб келиниб, улар ёрдамида туманимизда шудгорлаш ишлари сифатли ва ўз муддатларида якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда Орзи Махмудов ММТП ҳудудидаги "Рўзимурод Мавлонов" фермер хўжалигида 160,0 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизими жорий этилди ва ушбу технологиядан фойдаланиш ўз самарасини кўрсатиб, фермер хўжалигида пахта майдонларидан юқори ҳосил олишга эришилди. Шу сабабли 2020 йилда туманда яна 3000 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш режалаштирилган.
Туман ҳудудида жойлашган коллектор-дренаж тармоқларининг 73,97 км узунликдаги қисмида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиб, бунинг натижасида туманда 197 гектар ўрта шўрланган майдонларда шўрланишининг олди олинди.
Шунингдек, туманда "Томорқа хизмати" МЧЖда 2018 йилда 10 гектар ер майдонига Польша давлатидан келтирилган 650000 дона "ZINGA-ZINGA" навли қулупнай кўчати экилиб, жорий йилнинг август ойига қадар жами бўлиб, 4 млн. дона "ZINGA-ZINGA" навли қулупнай кўчатини етиштириш учун 100 гектар, яъни 10000 нафар аҳоли томорқа ер эгаларига тарқатилди. Келгусида кўчат етиштиришни ривожлантириш учун қўшимча 25 гектар ер майдонига 4 млн. дона "ZINGA-ZINGA" навли қулупнай кўчатини экиб, томорқа ер эгалари бандлигини таъминлаб, экспорт ҳажмини кўпайтириш режалаштирилган.
Туманда 2019 йилда жами 82 та балиқчилик фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларга жами 436 гектар ер майдони ажратилган, шундан 332 гектарида хавза яратилган. Шунингдек, 10 минг бош парранда парвариш қилиниб келинмоқда.
Лалми ва тоғ олди ҳудудларида, жами 4000 гектар, шундан 3200 гектар узумзор ташкил этилган.
Бугунги кунда тумандаги мавжуд 972 гектар боғларнинг 650 гектарини ҳосил берадиган боғлар, 322 гектарини ёш боғзорлар ва 1477 гектарини узумзор, 98 гектарини эса интенсив боғлар ташкил этади.
Узумчилик соҳасида "Янгиобод узум экспорт" ҳамда "Мойбулоқ голд агрофирмаси" ҳамда "Ғалаба оқ думча узумлари" агрофирмалари ташкил этилиб, замонавий агротехнологиялар асосида узум етиштириш йўлга қўйилди. Ҳар йили анъанавий усулда гектаридан 10 тонна атрофида узум олинган бўлса, замонавий агротехник тадбирлар ва маҳсулдор узум навларини жорий этиш эвазига ҳар гектардан 30 тонна узум олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. "Янгиобод узум экспорт" МЧЖ томонидан маҳсулотларни сақлаш омбори, қуритиш, саралаш, қадоқлаш цехи қурилиб, логистика маркази ташкил этилмоқда.
Туманнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида 270 гектар майдонда сабзавотчилик йўналишида "Аслам барака агро нур" фермер хўжалиги, "Полвонтепа саховати" ҳамда "Файз Баширбек юксалиш" МЧЖ лар ташкил этилди.
2019 йилда 13 гектар майдонда 3 та замонавий иссиқхона қуришга киришилди. Ташаббускорларга ер майдонлари ажратилиб, банк кредитларини расмийлаштиришда амалий ёрдамлар кўрсатилди ва бугунги кунда қадар 2 та замонавий иссиқхона қурилиши ишлари якунланиб, ишга туширилди. Бундан ташқари, шу кунга қадар 680 та аҳоли хонадонларида 1-1,5 сотих майдонда ихчам конструкцияли, ҳар йил 150 тонна атрофида маҳсулот етиштириб берадиган иссиқхоналар ташкил этилди.
Пиллакорларимиз томонидан ўтган йилда 6280 қути ипак қурти парваришланиб, режадаги 295,5 тонна ўрнига 338,1 тонна пилла хом ашёси олинди.
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан руҳланган туманимиз қишлоқ хўжалик ходимлари 2020 йилда янада самаралироқ меҳнат қилиб, барча соҳаларда юксак натижаларга эришади.