Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Шавкат Рахмонов Каттақўрғон туман маданият бўлими концерт залида сайёр қабул ўтказди.
Президентнинг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов, тумандаги тегишли ташкилот раҳбарлари ҳамда туман ИИБ масъул ходимлари иштирокида ўтган сайёр қабулда туман маҳаллаларида яшовчи 23 нафар фуқародан мурожаатлар келиб тушди.
- Сайёр қабул давомида этикдўзлик устахонаси ташкил этиш масаласида ёрдам сўрадим, — дейди Дўстлик маҳалласида яшовчи Шуҳрат Рўзиев. – Шунга асосан туман ҳокими тегишли ташкилот раҳбарларига мурожаатимни ижобий ҳал этиш бўйича топшириқ беришди.
Қабулда аксарият мурожаатлар ички ишлар идораларига ишга кириш, паспорт олиш, алимент ундириш ва уй-жой масалаларига оид бўлди. Шунга мувофиқ 14 та мурожаат жойида ижобий ҳал қилинди, 5 таси ижрога йўналтирилди, қолганлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабул сўнгида 5 нафар биринчи марта фуқаролик паспорти олишда амалий ёрдам сўраган ёшларга вилоят ИИБ бошлиғи Шавкат Рахмонов ва туман ҳокими Аъзамхон Бахрамовлар фуқаролик паспортлари ва эсталик совғаларини топширишди.