Илғор инновацион технологиялар ҳаётга

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Туманда, айниқса, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг имкониятлари жуда кенг. Туманимизнинг географик жойлашуви, иқлими, унумдор ерлари ва энг асосийси меҳнаткаш одамлари билан қишлоқ хўжалигида бугунгидан ўн карра юқори натижаларга эришишимиз мумкин. Фақат бугун бизга ушбу соҳада инновацион ёндашув, фан ва техниканинг илғор ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар талаб этилмоқда.

Ана шу мақсадда туман ҳокимлигида туманда фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари раислари, соҳага таллуқли корхона ва ташкилот ходимлари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Голландия билан боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олиш ва уни қайта ишлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга бағишланган семенар-тренинг ўтказилди.

Нидерландия нафақат лолалар ва хушманзара каналлар, балки юқори технологиялар ва ақлли муҳандислик ғоялари мамлакати ҳамдир.

Қишлоқ хўжалигидаги инновацион технологиялар нидерландияликларнинг энг илғор жиҳати. Голландияда ҳар гектар ердан Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда икки баробар кўп ҳосил олинаркан.

– Бирга ишлаш учун имкониятлар катта эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Туманингиз фермерлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистондаги ўзгаришлар Голландия компанияларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бугун биз туманингизда деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик соҳаларида кенг имкониятларни кўряпмиз, – дейди Голландиянинг “Аминакор” компанияси бошлиғи Стивен Холвен. Мамлакатингизда ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида  инвесторлар учун яратилаётган қулай шароит ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эгамиз. Бу бизни жуда қувонтирди.

Қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширишнинг инновацион усулларига бағишлаб ўтказилган семенарда маърузачилар томонидан қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда илғор тажрибалар, инновацион ёндашувлар ҳақида маълумотлар берилди. Голландия олимлари томонидан яратилган ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилган биостимуляторлар, уларни синаш натижалари муҳокама қилинди. Анжуманда кўтарилган мавзулар кўплаб баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой бўлди. Айниқса, фермер хўжалиги ва тадбиркорлар томонидан амалий иш жараёнида учраётган муаммолар кўтарилди, экспорт учун маҳсулот етиштириш юзасидан саволлар берилди. Кўтарилган таклиф ва саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар берилди.

Шунингдек, семенар давомида томчилатиб суғориш технологияларининг афзалликлари ва ундан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ҳам сўз юритилди. Украина давлатидан ташриф буюрган олим Дмитрий Дмитрянко иштирокчиларга томчилатиб суғориш технологиясининг пайдо бўлиши тарихи, уни жорий этиш афзаликлари ва фойдаси, шунингдек суғориладиган деҳқончиликни ушбу технологияга ўтказишнинг долзарблиги ҳақида сўзлаб берди. Технологияни қўллаш афзалликлари аниқ фермер хўжалиги мисолида ёритилди, турли экинларга ишлов беришда технологияни қўллаш бўйича иқтисодий ҳисоб-китоблар кўрсатиб берилди.

- Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари жуда кўп дейди, - Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси Мардон Мавлонов. – Бу усул орқали ёқилғи ва техника харажатлари кескин қисқаради, ўғит кам ишлатилади. Энг муҳими, ернинг мелиоратив ҳолати бузилмайди. Сизот сувлари сатҳи кўтарилмайди ва тупроқнинг шўрланиш даражаси камаяди.

Ҳа, барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам фан ва техниканинг илғор ютуқлари тадбиқ этилаётгани натижасида юқори ҳосил ва баракали даромад олиш имкониятлари яратилмоқда.

Ғафур Қаршиев,

ўз мухбиримиз.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM