Ўзбекистон Қахрамони – “Хосил” фермер хўжалиги раҳбари Аваз Хосиловнинг вилоятимиз фермерларига М У Р О Ж А А Т И

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Ҳурматли ва азиз Самарқандликлар !

Бугун мамлакатимиз миқёсида муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизни Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Инсон қадрини улуғлаш ғоялари атрофида бирлаштирди.

Она табиатни асраш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Азал-азалдан кўчат эккан, боғ яратган инсонларга халқимиз алоҳида эҳтиром билан қараб, улуғлаб келади.

Ўз навбатида, баҳор эшик қоқиб келган шу кунларда вилоятимизнинг ҳар бир фуқаросини ён-атрофни хушманзара бўлишига ҳисса қўшишини хоҳлаймиз.

Кўчат экиш, гулу-ниҳолларни кўпайтириш бу мусаффолик, экологик муҳит софлиги ҳамда она табиатга ғамхўрлик ва инсонийликнинг юксак намунасидир !

Энг муҳими, шу тоза ҳаводан ўзингиз, оила аъзоларингиз, борингки келажакда невара-эвараларингиз нафас олади. Ёнига фарзанди, невараларини олиб кўчат эккан ҳамюртимиз уларга ибрат бўлади, бу қадриятнинг давомли бўлишини таъминлайди.

Агар “экологик муҳит ифлосланди” ёки “бузилди” деб қўл қовуштириб тураверсак, кейинги 5-10 йилликда аҳвол қандай бўлади? Бир ўйлаб кўринг.

Ҳурматли Самарқандликлар !

Ҳадиси шарифда бизга ато этган неъматларни, она табиатни асраб-авайлаш, кўчат экиш, боғ яратиш, иймоннинг ярми экани, экилган ҳар бир дарахтнинг мевасидан ёки соясидан бошқалар баҳраманд бўлса, уни эккан кишига савоб ёзилиши ҳақида айтилади.

Шундай экан, дарахтни кесиш, борни йўқ қилиш билан эмас, яратиш, экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан шуғулланиш улкан савоб, келажак авлод учун юксак хазинадир !

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Демак, халқимизнинг ибратли ўтиши ўзимиз яшаётган муҳитда табиатга оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаш, келгуси авлодлар ҳам яшаши учун қулай макон барпо этишга ундайди.

Айни чоғда боғлар, кўчалар ҳамда йўл четларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк улашиши баробарида ҳаво мусаффолигини таъминлаб, дастурхонимизни мевалар билан тўлдиради.

Дарахтларга меҳр бериш, уларни парваришлаш энг эзгу ва хайрли амал саналади. Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандга атаб ерга ниҳол қадаган. Ўша дарахт билан бирга фарзанд ҳам улғайган.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида берган кўрсатмалари ана шундай эзгулик йўлидаги жуда ҳам муҳим ташаббусдир.

Президентимиз раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2024 йил баҳор мавсумидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ишларни кенгайтириб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида вилоятимиз бўйича қарийб 10,2 миллион дона дарахт экиш вазифаси белгилаб берилди.

Президентимиз таъкидлаганларидек “Яшил макон” виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги маъсулиятимиздир.

Қайд этиш керакки, ўтган йили куз ва жорий йилнинг баҳор ойларида маҳаллаларда, фермер ва деҳқонларимиз далалари четларига ва аҳоли томорқаларида 11.8 миллиондан зиёд кўчат экилди. Албатта, бу савобли ишларда кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик қатори Сиз меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимизнинг ҳам муносиб улуши бор.

Мавжуд 846 та маҳалла ва 6500 дан ортиқ кўчаларни обод қилиш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш, боғ барпо этиш, она табиатни асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш бўйича Дастур ишлаб чиқилди.

 

Ҳозиргача вилоят бўйича 5 млн 874 минг туп манзарали, мевали дарахт, буталар кўчатлари ҳамда қаламчалари экилди.

Дарахт экканимиз билан у ўз-ўзидан кўкариб қолмайди. Аслида экишдан ҳам кўра уни кўкартириш биздан алоҳида ғамхўрликни талаб қилади. Кўчатларнинг тўлиқ кўкаришини таъминлаш учун томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади.

Энди Сиз азизларга бир маълумотни айтиб ўтмоқчиман, айни вақтда тумандаги “Рўзимурод Мавлонов” фермер хўжалигининг дала четларига экилган теракларни кесиб қарийб 200 млн.сўм даромад олган. Кўтарган даромади ҳисобига замонавий дала шийпони қурган.

Хусусан, фермер ишчиси Бобур ака шу кунларда 250 туп теракни кесиб, 30 миллион сўмга сотган.

Бундан ташқари 2023 йилнинг кеч кузида 35 минг дона терак қаламчаларини экиб, ҳозирда экишга тайёрлаб қўйган. Бу эса кейинги йилда ўртача ҳисобда ҳар бир донасини 1000 сўмдан сотганда 35 миллион сўм даромад деганидир.

Ҳурматли фермерлар!

Жорий йил баҳор мавсумида Сиз ҳам далангиз четидаги бўш ерларга терак, тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экиб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссангизни қўшинг.

Бунинг учун вилоятимиздаги кўчат етиштирувчи фермер, деҳқон хўжаликларида, томорқа ер эгаларида ва тадбиркорларда терак, тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа дарахт ниҳоллари мавжуд.

Сиз улар билан ҳамкорлик қилсангиз, юртимиз яшиллик оламига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Хусусан, ҳар бирингиз ўз далангизда ҳар йили 10 минг донадан терак қаламчаларини экиб қўйсангиз, келгуси мавсумда Сизга тайёр кўчат бўлади.

Меҳнаткаш деҳқонлар!

Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан жорий йилдан бошлаб пахта-ғалладан бўшаган майдонлардан деҳқон хўжаликлари учун ер ажратилиб, Сизлар шу йилдан бошлаб бу ерлардан даромад олишни бошладингиз.

 Сизлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланган ҳолда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилини амалга ошириш доирасида дала четига ва кўча бошига  терак, тут, ток ва бошқа кўчатларини экишни ташкил этишга чақирамиз.

Муҳтарам томорқачилар!

Мамлакатимиздаги 846 га яқин маҳалла фуқаро йиғинларида

 631 мингдан зиёд томорқа ер эгалари фаолият юритади.

Натижалар ҳисоб-китобларда аниқ кўринади. Агар ҳар бир томорқачи ўз томорқасига, маҳалла гузарига ва кўча бошига 10 тупдан кўчат экса, вилоят бўйича 6.3 миллион туп кўчат экилади. Бундай саховатпешалик билан қилинган ишларингиз таҳсинга сазовор бўлади!

Сизларга терак, тут, ток ва бошқа кўчатлар керак бўлса жойлардаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига мурожаат этишингиз мумкин.

Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!

Сизларни ҳурматли Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фаол иштирок этиб терак, тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экишга чақирамиз!

Бу билан сиз халқимизга хос эзгу фазилатларга ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз! Зеро, нафақат ҳовли ва уйларимиз мана шу, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодалиги ва кўркамлигига барчамиз масъулмиз.

Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Сизларга чукур хурмат ва эхтиром билан,

А. Хосилов, Ўзбекистон Қахрамони,

“Хосил” фермер хўжалиги раҳбари           

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM