Каттақўрғон тумани ҳокими Насриддинов Жамшид Тўлқиновичнинг 2023 йилда ўтган даврида амалга оширилган ислоҳотлари ҳамда 2023 йил якунига қадар белгиланган вазифалари юзасидан МУРОЖААТНОМАСИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Ассалому алайкум ҳурматли маҳалла фаоллари

Каттақўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2023 йил ўтган даврида амалга оширилган ишларни натижадорлигини танқидий кўриб чиққан ҳолда жорий йил якунига қадар мўлжалланган режаларимиз, туманни ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича белгилаб олинган янги вазифа, мажбурият ва устувор йўналишларимиз бўйича мурожаат қилмоқчиман.

2023 йил ўтган даврида туманнинг асосий иқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қиладиган бўлсак, албатта, сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди.

Ҳурматли иштирокчилар биласиз, 3-4 йил ортга назар солсак  туманда саноатни ўзи йўқ эди. Аввал битта пахта тозалаш заводи Каттақўрғон шахар худудида  фаолият юритган.

2017 йилда туманда катта-кичик 101 та саноат корхоналари фаолият  кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 335 тага етди ёки охирги беш йилда 3,3 баробарга кўпайди.

Хизмат ва савдо объектлари сони 1,6 баробарга, 616 тадан
978 тага ошди.

Туманда 2017 йилда 5,6 млн. долларлик экспорт амалга оширилди ҳолос ўтган йилни ўзида 15 млн. долларлик экспорт амалга оширилди, 2023 йил якунида бу кўрсаткич 22 млн. долларга етади.

Муҳтарам Президентимизнинг ижтимоий соҳадаги ислоҳотлари натижасида болаларни мактабгача таълим билан камров даражаси 2017 йилдаги 25 фоиздан 57 фоизга етди.       

 

Ҳурматли мурожаатнома иштирокчилари!

Тумандаги 69 та маҳаллаларда 52,2 мингта хонадон,                     68,2 мингта оилалар мавжуд бўлиб, шундан 9,2 мингтаси кам даромадли оилалар ҳисобланади. Ҳисоб-китобларга кўра, туманда камбағаллик даражаси 13,4 фоизни ташкил этади.

 Йил якунига қадар бу кўрсаткични 12 фоизга туширишни режа қилиб олганмиз. Бунинг учун, энг аввало аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлашимиз керак.

Бугунги кунда туманда аҳоли сони 290 минг нафарни, шундан меҳнат ресурслари 149 минг нафарни ташкил этиб, иқтисодий фаол аҳоли яъни меҳнат қилишга тайёр аҳоли 111 минг нафарни ташкил этади.

Улардан қарийб 101 минг нафари (91 фоиз) иш билан банд. Йил бошида ишсизлар сони 10,3 минг нафарни, ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил этган эди.

Яратиб берилган имконият ва дастаклардан фойдаланиб, ўтган 7 ой якуни билан ишсизларнинг 8,2 минг нафари даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди.

Маълумот учун, биринчидан  ишлаш истагини билдирган 900 нафар ишсизлар инвестиция дастури доирасида ташкил этилган корхона ва ташкилотларга доимий иш жойларига жойлаштирилди. Уларга ҳар ойда ўртача 2 млн. сўмдан 7 млн. сўмгача иш ҳақи тўланмоқда;

иккинчидан ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан тадбиркорлик ташаббуси бор 2180 нафар фуқарога аҳолига 48 млрд.сўм кредитлар ажратилди;

учинчидан деҳқончилик қилиш учун 4 минг 800 нафар аҳолига 1 минг 358 гектар экин ер майдонлари ижара асосида ажратиб берилди;

тўртинчидан тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчилик фаолиятига жалб этиш мақсадида 286 нафар камбағал оилаларнинг аъзоларига 754 млн сўм субсидия ажратилиб, меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб берилди;

Бугунги кунда, туманда ишсизлар сони 2,1 минг нафарни ташкил этиб, ишсизлик даражаси 9,3 фоиздан 1,9 фоизга туширилди.

Ҳурматли Президентимизнинг 2023 йил 24 август куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ва вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишида берган топшириқлари бўйича ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Бугунги кунда, биз қолган 2,1 минг нафар ишсизларнинг манзилли рўйхати, касби, мутахассислиги, ёши ва истаклари бўйича маълумотларни шакллантириб олдик.

Бундан ташқари, жорий ўқув йилини 4,4 минг нафар битирувчилар тамомлади.

Маълумот учун, 3,3 минг нафари умумий ўрта мактабларни, 800 нафари касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумларни, 300 нафари олий таълим муассасаларини битирувчилари ҳисобланади.

Улардан 1,7 минг нафари (39 фоиз) таълимнинг кейинги босқичи билан қамраб олиниши, қолган 2,7 минг нафари меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда.

Шунингдек, йил якунига қадар 3,2 минг нафар фуқароларимиз миграциядан қайтиб келиши мумкин.

Ҳисоб китобларга кўра, йил якунига қадар яна 8 минг бандлигини таъминлаш, 1,7 мингта (8,5 минг аҳоли) оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси турибди.

     Ҳурматли иштирокчилар!

Уларни тўлиқ даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағаллкидан чиқариш учун имкониятларимиз етарли. Жумладан,

1. “20 минг тадбиркор ва 500 малакали мутахассис дастури” доирасида яратиладиган янги иш ўринлари ҳамда корхона ва тадбиркорлик субъектларидаги бўш иш ўринларига 1,4 минг нафар ишсизлар ишга жойлаштирилади;

Мисол учун, 20 минг тадбиркор ва 500 малакали мутахассис дастури” доирасида “Каттақўрғон электротехника заводи” МЧЖ томонидан қиймати 40 млрд.сўмлик вакумли ва элегаз ўчиргичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ва 32 млрд.сўмлик “Кучланиш ва ток ўлчов трансформаторлари” ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташкил этиш ҳисобидан 204 та янги иш ўринлари яратилади.

2. Ишсиз хотин-қизларни бандлигини таъминлашда уларни касб-ҳунарга ўқитган ҳолда 60 дан ортиқ кичик тикувчилик корхоналари ва касаначилик фаолияти ташкил этилган, уларда 400 нафардан ортиқ хотин-қизлар банд бўлиб, ушбу корхоналарни фаолиятини ривожлантиришда Тошкент шаҳридаги тикувчилик корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Бу йўналишда 1000 дан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.

Хусусан Ёнбошсой маҳалласида тадбиркор Шомуродов Жахонгир томонидан “Muslim textile 474” МЧЖ ташкил этилиб, маҳалла ҳудудидаги 71-умумтаълим мактаби биносининг бўш турган қисмини аукцион  орқали ижарага олиб, 20 ўринли тикувчилик корхонаси ташкил этилди, шунингдек корхонада келгусида 50 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

3. Тумандаги Мундиён, Жонкел, Валижон, Каттаминг, Муминхўжа, Қирғиз, Мойбулоқ, Андоқсой, Жизмойсон, Қўшховуз маҳаллалари узумчиликка ихтисослашган бўлиб, аҳолининг 80 фоиз хонадонларида Қора кишмиш, Ҳусайни, Келин бармоқ, Ризамат ота, Тойифи, Мерс навлари экилиб, кўп навлар эскирган.

Туманда мева сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда “Олтиариқ тажрибаси” жорий қилинади: туманда логистика маркази қурилади(ташаббускор аниқ), эскирган узум навлари янгиланади, 1000 гектар ерлар ўзлаштирилиб, янги узумзорлар барпо қилинади, натижада 2000 та доимий иш ўрни яратилади, 4 минг 800 деҳқон хўжалиги ва 17 мингдан ортиқ хонадоннинг томорқадан оладиган даромади кўпаяди.

2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-373-сон қарорни ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда қулупнай экиш йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда аҳолимиз 20-25 сотих ердан 40-45 млн сўмгача даромад олишмоқда.

Бундан ташқари, туманимизда қулупнайчилик бўйича шаклланган ушбу катта тажриба асосида етиштирилган қулупнай маҳсулотларимиз Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг ички бозорларини ҳам таъминлаб келмоқда.

4. Туман ҳудудидан ўтувчи М-37, “4Р-46 Самарқанд-Каттақўрғон” автомагистрал йўли бўйида жойлашган очиқ ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш, шунингдек  мавжуд турар ва нотураржойларда 100 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш имконияти мавжуд. Бу лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 400 дан ортиқ аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш мумкин.

Мисол учун, ЯТТ “Абдумажидов Феруз” томонидан қиймати 3 млрд.сўмлик замонавий автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электромобилларни қувватлаш ва умумий овқатланиш шаҳобчалари ташкил этилиб 20 та янги иш ўрни яратилади.

5. Туманда паррандачилик  бўйича яхши кўникма ва тизим бор,
19 та паррандачилик фермер хўжаликларида жами 1 миллион 336 минг бош паррандалар парвариш қилинмоқда. Шунингдек, аҳоли хонадонларида 50-60 фоизи парранда сақлайди, жумладан 145 та хонадонда 500 тадан 2000 тагача парранда боқилади.

Паррандачилик буйича 5 та янги лойиҳа ишга туширилиб, улар томонидан 3,7 млрд. сўм ўз маблағи ҳисобидан сарфлаш эвазига
170 минг бош паррандалар олиб келинади ва 300 та аҳоли хонадонларига 60 мингта парранда тарқатилиши ҳисобига 400 та иш ўрни яратилади.

6. Хатлов натижасида аниқланган турли мулкчилик шаклига тааллуқли бўлган 10 та бино-иншоотга (4,9 минг кв.м) қарийб 7,5 млн долларга яқин инвестиция киритиш ҳисобига 450 та иш ўринлари яратилади.

Мисол учун, “Мундиён” маҳалласидаги туман ҳокимлиги балансида бўлган бўш турган бинони ташаббускор Турсунов Бурхон аукцион савдоси 1,8 млрд. сўмга ғолиблик баённомасини олди, шу жойда 1,0 млн долларига тенг хорижий инвестиция ҳисобига “Хусусий клиника  хизматини ташкил қилиш” лойиҳаси ишга тушиши орқали 50 та иш ўрни яратилади.

7. Ташкил этилган 7 та кичик саноат зонасида 5,1  гектар майдон бўш турибди. Ушбу ерларда 22  та янги лойиҳаларни жойлаштириш ҳисобига 522  та иш ўрни яратилади.

Мисол учун, “Яккабоғ” ҳудудида “THE STRONGEST EXPERT” МЧЖ томонидан қиймати 2,5 млрд.сўмлик мебел ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 10 та янги иш ўринлари яратилади.

8. Маҳаллаларда қиймати 126 млрд сўм бўлган 296 та кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш микролойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 1,3 минг нафар аҳоли иш билан таъминланади.

Мисол учун, “Навбаҳор” маҳалласида “Эргаш ота” ХК томонидан қиймати 96 млрд.сўмлик  “тиббий клиника” лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 100 та янги иш ўринлари яратилади.

9. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 38 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 1,7 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади;

10. Аҳолини тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятига жалб қилиш учун субсидия асосида 2,6 млрд. сўмлик меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб берилиб, 1,0 минг нафар фуқаролар банд қилинади.

 

Албатта, бундай олий мақсадларга эришиш барчамиздан фидойилик ва машаққатли меҳнатни, катта синовлардан ўтишни, юртбошимиз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттиришни, юксак ватанпарварликни, бир ёқадан бош чиқариб, бирдамлик билан баҳамжиҳат ҳаракат қилишни талаб этади.

Имом Бухорий бобомиз ўз китобларида келтирган муборак ҳадисда айтилганидек, “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”.

Дарҳақиқат, пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта, ўз ижобатини топади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ва сизлар орқали бутун туманимиз аҳолисини Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, бахт ва саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM