Конституция – фуқаролик жамиятининг мустаҳкам пойдевори

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг, давлатимизнинг дунёдаги мавқеи, истиқболини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаган ва кафолатлаган муҳим ҳужжат бўлди.

Дарҳақиқат, давлат ўз ҳуқуқий ҳужжати – Конституцияси билан дунё саҳнига қадам қўяди. Шу жиҳатдан Асосий қонунимизнинг яратилиши халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиши билан бирга, улуғ мақсадлар сари собит қадам ташлашида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир.

Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимиз соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.

Бош қомусимизнинг муҳим ғояси, энг аввало, инсонни қадрлашга, унинг манфаатларини муҳофазалашга қаратилган. Бу давлатимиз сиёсатида инсонпарварлик тамойили устуворлигининг яққол намунаси, десак, муболаға бўлмайди. Чунки мустақилликкача бўлган даврда, яъни собиқ тузумда давлат манфаатлари барча нарсадан устун қўйилганини ёдга олсак, бугунги мақсад-муддаоларимиз эзгулиги, Конституциямиз эса энг юксак инсоний қадриятлар мужассамлашган халқчил қомус экани ойдинлашади.

Асосий қонунимизда эътироф этилганидек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Ушбу конституциявий тамойиллар ва уларнинг амалда таъминланаётгани туфайли юртимизда ҳар бир инсон ўзини ҳимояланган ҳис этади. Тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Аҳолининг ўз муаммо ва ташвишлари билан давлат органларига мурожаат этиши учун имкониятлар "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да янада кенгайди.

Президентимиз илгари сурган "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган тамойил амалда ўз ифодасини топаётир. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтилди. Бу нафақат халқимиз томонидан, балки халқаро миқёсда ҳам эътирофга этилаётгани диққатга сазовор.

Хулоса қилиб айтганда, ҳаётимиз қомусида мустаҳкамланган тамойиллар амалга изчил татбиқ этилаётгани туфайли мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга бўлган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилмоқда.

Давлатимиз халқ фаровонлигини, унинг ҳаёт сифатини ва даражасини муттасил ошириб бориш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида улкан ютуқларга эришмоқда.

Самарқанд вилоят суди судьяси А.Холбоев

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг раиси Т.Алмаматов.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM