Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юртимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юртимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён саналади. Мазкур воқелик мамлакатимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ,
2022 йилнинг май ойида  фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказилади. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси фуқаролар йиғини органлари сифатида белгиланган.

Мазкур қонуннинг 11-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини), унинг маслаҳатчиларини, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссиясини сайлаш фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) ваколатига киради.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунининг 30-моддасида: “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови натижалари бўйича фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) бир ой ичида фуқаролар йиғини кенгашини шакллантиради, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчиларини, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни ва тафтиш комиссиясини сайлайди”, деган норма белгиланган.

Демак, ушбу қонунга асосан сайловлар ўтгандан кейин бир ой ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўзининг биринчи мажлисида фуқаролар йиғини органларини шакллантириш учун фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчиларини ҳамда фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни ва тафтиш комиссиясини сайлаш каби фуқаролар йиғинининг самарали фаолияти учун муҳим бўлган масалаларни ҳал этиши лозим бўлади. Шунинг учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва фаоллари ушбу тадбирга жуда жиддий тайёргарлик кўришлари, ҳар бир номзодни синчиклаб ўрганиб, улар орасидан энг муносибларини масъулиятли лавозимларга тавсия этишлари талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 18 июндаги 380-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғини тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини комиссиялари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари тўғрисида”ги намунавий низомларда фуқаролар йиғини кенгашини тузиш тартиби, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини), унинг маслаҳатчиларини, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахсларини сайлаш, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби ҳамда фуқаролар йиғини тафтиш комиссиясини тузиш ва унинг фаолиятини тугатиш тартиби белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 1 мартдаги
ПФ-81-сон Фармонида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб фуқаролар йиғини кенгаши таркибига фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), унинг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари (профилактика инспектори) ва маслаҳатчилари (фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари), кўчабоши, уйбоши, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, шунингдек, ҳудуддаги мактабгача таълим ва таълим муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарлари ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудга бириктирилган масъул ходимларини киритиш тавсия этилади.

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш бўйича коммиссиялар бу – сайловни ташкил этувчи, унинг ўтказилишини назорат қилувчи ва якуний натижаларни чиқарувчи орган ҳисобланади. Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишда комиссиялар ташкил этилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғинида сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга ошириш учун тузилади.

 Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш
ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини самарали йўлга қўйиш лозим.

Ишчи гуруҳи ўз фаолиятини жамоа фикрини ўрганиш, ҳар бир хонадонга кириб бориш орқали маҳаллаларда аҳолини кўпроқ ташвишлантираётган масалаларни аниқлаш асосида шакллантиради.

Одамларнинг кундалик ўй-ташвишларини яқиндан тушуниб, ҳамдард, ҳамфикр бўлишда, уларнинг оғирини енгил қилишда энг яқин кўмакчи, энг халқчил тузилма бўлган маҳалла тизимида муносиб шахсларнинг вакиллар сифатида иштирок этиши фуқаролар йиғинлари фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчаларга бириктирилади, фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишларини ўтказиш жадвалини тасдиқлайди.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига вакиллар сайлаш мақсадида маҳалла (шаҳарча, қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг умумий йиғилиши ишчи гуруҳ томонидан ўтказилади. Ишчи гуруҳининг ҳар бир аъзоси томонидан ўзига бириктирилган кўча, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар аҳолиси билан йиғилишлар ўтказилиб, сайлов ёшига етган ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлган аҳоли томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига вакиллар кўрсатилади. Бунда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган фуқароларнинг вакиллар сифатида сайланишига эришиш фуқаролар йиғинларининг келгуси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Йиғилиш натижалари бўйича унинг баённомаси тузилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига ўз ишига масъулият билан ёндашувчи, фуқаролар йиғини жойлашган ҳудуддаги аҳолини бирлаштира оладиган ва ўзига эргаштира оладиган номзодларни танлаш имконияти фуқароларда доимо мавжуд бўлиши лозим. Шунинг учун ишчи гуруҳ томонидан тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг раис лавозимига номзодлар бўйича таклифлари олинади ва умумлаштирилади.

Ишчи гуруҳ туман (шаҳар) ҳокимининг ижобий ҳулосалари бўйича тақдим этилган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ҳақидаги ахборотни (автобиографияси, сайлов олди дастурини) фуқаролар йиғини биносига, гузарларга ва аҳоли гавжум бўлган жойларга осиб қўяди.

Ишчи гуруҳи томонидан сайлов кунига қадар ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчаларда ўтказилган умумий йиғилиш баённомасига асосан фуқароларнинг сайланган вакилларининг рўйхати тузилиб, ишчи гуруҳ раиси ва котиби томонидан имзоланади. Фуқаролар вакилларининг рўйхати сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиши учун маҳалла идораси ҳамда сайлов ўтказиладиган жойга осиб қўйилади.

Фуқаролар йиғини раиси сайлови бўйича ўтказиладиган фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакилларининг йиғилишига) ишчи гуруҳнинг раҳбари раислик қилади.

Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) кун тартибига, қоида тариқасида, қуйидаги масалалар киритилади: саноқ комиссиясини сайлаш;фуқаролар йиғини раисини сайлаш.

Иш регламенти (номзодларнинг маърузалари ва муҳокамаси, савол ва жавоблар учун вақт белгиланади.Фуқаролар йиғини раиси сайлови бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш учун камида уч кишидан иборат таркибда саноқ комиссияси ҳамда комиссия раисини сайлайди. Йиғилишга раислик қилувчи фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларни эълон қилади ва алифбо тартибида номзодларнинг ҳар бирига сўз беради. Номзодлар ўз дастурий маърузалари билан сўзга чиқадилар.

Фуқаролар йиғини раисини сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан сайлов қутилари очилади ва фуқаролар йиғини раиси лавозимига ҳар бир номзод бўйича санаб чиқилади. Овозларни санаш натижалари бўйича саноқ комиссияси томонидан баённома тузилади ҳамда комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Саноқ комиссиясининг баённомаси саноқ комиссиясининг раиси томонидан ўқиб эшиттирилади ва фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан тасдиқланади.

Сайлов якунлари бўйича фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори қабул қилинади ҳамда раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади.Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) баённомаси икки нусхада тузилиб, бир нусхаси сайлов якунларини умумлаштириш учун тегишли туман ва шаҳар комиссиясига тақдим этилади.

 

Каттақўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM