КАТТАҚЎРҒОНДА МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАР ҚАЙТА ИШЛАНАДИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан 2 февраль куни видеоселектр йиғилиши бўлиб ўтди.

 Йиғилишда муҳтарам Президентимиз “Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Агар шу юрт, шу тупроқ биз учун муқаддас бўлса, нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда, “Бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларимизни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”,-деб алоҳида таъкидлаб ўтди.

   Йиғилишда дунёда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бораётгани, мамлакатимизда сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши натижасида ўсиш 2 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етгани айтилди. Лекин, ушбу чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас, деди давлатимиз раҳбари.Шунингдек, чиқиндиларни олиб чиқиш қамрови 90 фоизга етган бўлсада (2017 йилда атиги 25 фоиз эди), 781 та маҳаллада 30 йилдан буён чиқиндини олиб чиқиш масаласи ҳал этилмагани танқид қилинди.

   Президент жорий йилда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга, хусусий сектор улушини 50 фоизга етказиш вазифасини қўйди. Бунинг учун:

- импорт қилинадиган махсус техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йилга озод этилади;

- саралаш ва қайта ишлаш техникаси хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади;

- чиқиндини қайта ишлашга қодир кластерларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади;

- кластерларни ташкил этиш тартиби қайта кўриб чиқилади, уларга ўз ҳудудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоизга олиб чиқиш талаби қўйилади;

-1 мартга қадар 51 туман ва шаҳарда хусусий шерикчилик асосида жами 38 та корхона ташкил этиш бўйича танловлар бошланади, йил якунига қадар ушбу ҳудудлар учун 500 та махсус транспорт харид қилинади;

- 1 октябрга қадар ижтимоий муассасалар ва бозорларга 8 мингта, келгуси йил 1 майга қадар 11 мингта контейнер ўрнатилади.

Органик, қурилиш, тиббиёт чиқиндиларини йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг хавфсиз тизимини яратиш керак. Шу муносабат билан 1 июлга қадар чиқинди корхоналари негизида ҳар бир вилоятда 1 тадан тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш марказини ташкил этиш топширилди.

Шунингдек, йиғилишда янги кўп қаватли уй-жойлар лойиҳасида санитар-гигиеник талаблар асосида замонавий чиқинди йиғиш шохобчалари қуриш талаби шаҳарсозлик нормаларига киритилиши зарурлиги таъкидланди.

  Каттақўрғон туманида лойиҳа қиймати 28 млрд.сўм бўлган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш кластери”Аnvarjon biznes invest” МЧЖ 2022 йил декабр ойида тўлиқ ишга туширилиб,150та иш ўрни яратилади .4 гектар ерда жойлашган бу корхонанинг йилига маиший чиқиндини қайта ишлаб чиқариш қуввати 97 000 тоннани ташкил этади .

  Ҳа, Юртбошимиз йиғилишда таъкидлаганидек:“Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак”.

Эшпўлат САФАРОВ.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM