Ҳамширалик соҳаси бугун қай даражада қониқарли?

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

«Беморларга қараш – рассомлик ва ҳайкалтарошлик каби санъат. Парвариш қилиш санъати энг олий санъат ҳисобланади», деган эди ҳамширалик иши асосчиси Флоренс Найтингейл ўз даврида. Дарҳақиқат, ҳамширалик касби ҳам шифокорникидан кам бўлмаган ҳолда масъулиятли, мураккаб ва шарафли касб саналади.

Маҳалла ҳамшираси бўлиш шифохонадагидан кўра икки карра оғирроқ десак, муболаға бўлмайди. Сабаби, турли одамлар, турли беморлар, турли характерлар билан индивидуал ишлаш учун тиббиёт ходимидан жуда катта сабр ва матонат талаб этилади. Аҳоли энг кўп мурожаат қилувчи тиббий ходим ҳам, бу — ҳамшира. Ҳамширалик соҳаси бугун қай даражада қониқарли? Бу борада йиғилган турли фикр-мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

ПАТРОНАЖ ҲАМШИРАСИ АСЛИДА КИМ?

Келинг, аввало, бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлмаган юртдошларимиз учун тушунтириш бериб ўтсак. Патронаж хизмати, бу - поликлиникалар, аёллар маслаҳатхоналари, сил диспансери ва бошқа хил диспансерлар томонидан ёш болалар, ҳомиладорлар, турли ёшдаги ногиронларга ва айрим беморларга уй шароитида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими. Поликлиникаларда маълум бир шифокорга у хизмат қиладиган участка бириктирилади, шунингдек, бир ёки иккита патронаж ҳамшира ёрдам беради, улар ўз участкасидаги аҳолига уйда тиббий ёрдам кўрсатади. 

Бирор-бир хонадон аъзоси касал бўлиб қолса, қандай парвариш қилишни бошқаларга ўргатади. Айниқса, она туғруқхонадан чиққанидан кейин уч кун орасида патронаж ҳамшира ёки шифокор уйга бориб, чақалоқни синчиклаб текширади ва вақти-вақти билан боланинг ҳолидан хабар олиб туради. Аммо аксарият одамлар маҳалла ҳамшираларининг ваколат доирасида нималар борлигини билмайди. Мавзу юзасидан ўтказилган сўровнома орқали маълум бўлдики, айрим, айниқса, чекка ҳудудларда патронаж ва аҳоли ҳамкорлиги суст.

Шоҳиста Юнусалиева, журналист (Тошкент вилояти, Янги йўл тумани):

– Фарзандимни дунёга келтириш арафасида бир куни туман поликлиникасида кўрикдан ўтгани борган эдим, назорат варағини қидириб қолишди ва ҳамширангиздан билиб келинг, қаерда экан, дейишди. Ҳамширамни танимайман, деб жавоб бердим. Ҳақиқатдан ҳам билмасдим. Фарзандли бўлганимдан кейин ўзим телефон орқали фалон ойлик бўлдик, бизда эмлаш вақти келмадими, дея ўзим сўрайдиган бўлдим патронаждан. Аслида ҳар ойда келиб оила аъзоларини кўрикдан ўтказиши керак эмасми, улар?  

Тиббиёт мутахассисларининг маълумот беришича, патронаж ҳамшира ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг соғлиғини, оиланинг моддий-маиший турмушини ўрганиб бориши лозим. У вазифасига кўра, рахит, сил, меъда-ичак каби турли касалликларнинг олдини олиш, чечак, дифтерия, кўкйўтал, полиомиелит, силга қарши эмлаш каби бир нечта жараёнларнинг аҳамиятини аҳолига тушунтиради. Патронажни танимайдиган аҳолида ишига лоқайдлик билан қараган ҳамшираларга чора кўриладими, деган савол туғилиши табиий.

Менинг қўл остимда 14 та патронаж ҳамшира бириктирилган. Улар нафақат болаларга, балки барча контингентга баробар қарайди, — дейди Сирдарё вилояти, Мирзообод тумани 12-сонли оилавий поликлиника катта ҳамшираси Дилором Омонова. — Ҳамшира ҳомиладор аёллар, болалар ва қариялар саломатлигидан, айниқса, бемори бор хонадондан тез-тез хабар олиб туриши керак. Агар ишига лоқайдлик билан қараса, бир марта оғзаки, бир марта ёзма огоҳлантириш берилади. Учинчи марта такрорланса, тўғридан-тўғри ишдан олинади. Бу жараёнда одамларнинг ўзидан ҳам эътибор ва фаоллик талаб этилади.

ҲАДДАН ЗИЁД ТАШРИФЛАР...

Маълумотларга кўра, хонадонларда ўтказиладиган патронаж ташрифларининг ҳаддан ташқари кўплиги патронаж хизмати сифатининг сусайишига сабаб бўлмоқда. Чунки ташрифлар қисқа муддатли бўлиб, ҳамширалар она ва боланинг жисмоний саломатлигини баҳолашга, болани навбатдаги эмлашга ёки фаол кўрикка таклиф қилишга қаратилган. 

Ҳамшира иш вақтининг қолган қисмини боланинг тиббий ҳужжатларини тўлдириш ёки кўрик вақтидаги шифокор тавсияларини бажариш учун сарфлайди. Хўш, бугунги патронажлар фаолияти қониқарлими? Бу борада мутахассислар нима дейди?

Рихси Солихўжаева, Республика бош ҳамшираси:

- Айни пайтда пандемия шароитида аксарият аҳоли уйга боғланганлигини ҳисобга олиб, патронаж ҳамшираларини янада малакасини оширишга жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Жумладан, май ойида Литва тиббиёт бирлашмаси бош шифокорлар ассоциацияси президенти Кястутис Штарас ҳамда болалар ва ўсмирлар психологи, COVID-19 эмлаш маркази раҳбари Дайва Грикшене каби хорижлик малакали мутахассислар билан вебинар ўтказилди. Бундан ташқари, айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида ўн кунлик оффлайн семинар ўтказилди. Бунда ҳамшираларимиз нафақат малака оширди, балки фаолияти давомидаги тажрибаларини синовдан ўтказди ҳам. Сабаби семинарларда амалий машғулотларга кўпроқ урғу берилди. Патронаж ва аҳоли ҳамкорлиги ҳақида гапирганда, аниқ бир тўхтамни айта олмаймиз ҳеч биримиз. Сабаби беморлар турли характерларга эга. Яхши патронаж хизматидан ҳам қониқмайдиган одамлар йўқ эмас. Турли феъл-атворга эга беморлар билан ишлаш мушкуллиги учун ҳам патронаж хизматида кадрлар етишмайди.

Ижтимоий тармоқларда ўтказган сўровномамиз натижасида патронаж ҳамширасига ҳавас қилиб фарзандига унинг исмини берган ота-оналар ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга, сўровномада ижобий фикр билдирганлар ҳам, салбий фикр билдирганлар ҳам, патронаж ўзи ким дея савол берганлар ҳам бўлди. Фикримизча, патронаж хизматларини рағбатлантиришга, айни пайтда, ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётган кадрлар фаолиятини атрофлича назорат қилишга қаратилган чора-тадбирлар кўриб чиқилиши керак.

Нурхон Турғунбоева ўқитувчи (Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани):

- Йил бошида кутилмаганда COVID бўлиб қолдим ва 1 февраль куни шифохонага ётдим, оёғимни боса олмай қолгандим. Туғруқ пайти ҳамширалар кетма-кет оғриқ қолдирадиган укол қилишди. Фарзандим дунёга келмай нобуд бўлди. Охири қайнонам келинимнинг ўзига ҳам бирор зиён етмасин, деб қўрқиб операция қилдирди. Мана, орадан неча ойлар ўтди, битта патронаж келиб, операция бўлдинг, боланг нобуд бўлди, ҳозир яхшимисан, деб қўйгани йўқ… Ҳомиладор пайтимда ҳам ўзим чиқар эдим ҳамшира ахтариб. Шу сабаб патронаж ҳамширалар фаолиятидан заррача қониқмайман. Тошкентга кўчиб кетгимиз келади баъзида. Қайдам, пойтахтда барибир шароит яхши деб ўйлайди кўпчилик...

ХОРИЖЛИК  МУТАХАССИСЛАР ФИКРИГА  КЎРА...

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСEФ томонидан патронаж ҳамширалар ишини ташкил этишга бағишлаб чоп этилган илмий-амалий қўлланмада қайд этилишича, бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматини замонавийлаштириш ва патронаж хизматининг янги моделига ўтиш зарурати, ҳомиладор ва фарзанд кўрган аёллар ҳамда ёш болаларнинг хонадонларига ташриф буюриш тизимининг замонавий сифат талабларига етарлича жавоб бермагани сабабли вужудга келган. 

Марказий ва Шарқий Европада, жумладан, Ўзбекистонда олиб борилган изланишлар натижасига кўра, патронаж ташрифлари давомида касалликлар, шикастланишлар, бахтсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарлик ва зўравонликларнинг олдини олишга, болаларнинг жисмоний, руҳий-ижтимоий ва ҳиссий ривожланишини издан чиқарувчи хавфларни эрта аниқлашга қаратилган асосий мақсадлар тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланган.  

Литва тиббиёт бирлашмаси бош шифокорлар ассоциацияси президенти Кястутис Штараснинг сўзларига кўра, ҳамширалар беморлар билан мулоқот қилиш орқали патронаж хизматларининг узлуксизлигини таъминлайди ва шу билан аҳоли саломатлигини сақлашга ҳисса қўшади.  

— Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, аҳолининг ўз уйларида мустақил тиббий чора кўра олиши яхлит соғлиқни сақлаш сифатини оширади. Бунда албатта патронаж ҳамшираларнинг олиб борадиган фаол тушунтириш ишлари муҳим аҳамиятга эга, — дея қўшимча қилади у.

Бир сўз билан айтганда, патронаж хизмати тизим эътибордан бироз четда қолиб кетмаяптими?

Юлдуз Ўрмонова, ЎзА

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM