Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида суд-хуқуқ соҳасини такомиллаштириш ислоҳотлари давом этмоқда

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

 Ҳаммамизга маълумки, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Қонун устиворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш” йўналиши бўйича ўтган давр мобайнида ривожланган демократик давлатлар тажрибасига мос келадиган, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўлида суд-ҳуқуқ соҳасида бир қанча ислоҳотлар изчил амалга оширилиб келинмоқда.
 Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йил 18 февраль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-675 сонли Қонун билан
-        Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш,
-        Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув,
-       Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтлари жорий этилди.
     Қонун талабларига кўра, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш гувоҳ ва жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига биноан гувоҳни, жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) объектив сабабларга кўра (Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетиши, уларда жиноят ишини юритишда иштирок этишни истисно қиладиган оғир ва давомли касаллик мавжудлиги) ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда, уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мақсадида сўроқ қилишдан иборат бўлиб, у суд муҳокамаси қоидаларига кўра суд томонидан амалга оширилиши, бунда суд кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соатдан кечиктирмай кўриб чиқилиши ва илтимосномани қаноатлантириш ҳамда суд мажлисини тайинлаш ёки илтимосномани қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилиши, илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, судья кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш бўйича суд мажлисини уч суткадан кечиктирмай ўтказиши, агар судья кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлашни илтимосномани ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижасида асоссиз деб топса, илтимосномани қаноатлантиришни рад этиши белгилаб қўйилди.
     Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ЖПКга киритилган янги 491-бобда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, суд муҳокамасининг умумий қоидалари бўйича ўтказилиши, дастлабки эшитув ўтказиш учун:
1)   жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш;
2)   жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш;
3) жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш;
4)   ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш;
5)  номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш тўғрисидаги асослар мавжуд бўлган ҳоллар асос бўлиб хизмат қилиши, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув судья томонидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан беш суткадан кечиктирмай бошланиши ва уни ўтказиш давомийлиги дастлабки эшитув бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги кераклиги белгилаб қўйилди.
    Мазкур қонун билан жорий этилган ва жиноят-процессуал кодексининг 621 боби билан тўлдирилган “айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув” жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишув эканлиги ва бу келишув: 1) гумон қилинувчи, айбланувчи ўз ҳаракатларининг моҳиятини, шунингдек ўзи берган илтимосноманинг оқибатини англаб етган бўлса; 2) илтимоснома ихтиёрий равишда ва ишда иштирок этаётган ҳимоячи билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин берилган бўлса; 3) гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан қўйилган гумонни ёхуд айбловни, иш бўйича мавжуд бўлган далилларни, шунингдек етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини инкор этмаса ҳамда уни бартараф этган тақдирда тузилиши мумкинлиги, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув: 1) ушбу Кодекснинг 61-бобида белгиланган тартибда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун асослар мавжуд бўлса; 2) шахс томонидан бир нечта жиноят содир этилган бўлиб, улардан лоақал биттаси ушбу моддада белгиланган талабларга тўғри келмаса тузилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
  Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома ва уни бериш тартибига кўра гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида бериши мумкин.
   Келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси агар ишда қатнашаётган бўлса, қонуний вакили томонидан имзоланган бўлиши лозим.
   Илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ва дастлабки терговда қўйилган гумонни ёки айбловни тан олиши, далилларни инкор қилмаслиги, жиноятни тергов қилишга кўмаклашиши, жиноят натижасида олинган мол-мулкнинг топилиши учун қайси ҳаракатларни амалга ошириш шартлигини, жиноятга алоқадор бошқа ахборотни тақдим этишга доир мажбуриятларини ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар бартараф этилганлигини кўрсатади.
  Келишув тузиш ҳақидаги илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан бажариладиган ва жиноятни фош этиш учун кўмаклашадиган муайян ҳаракатлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
   Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома жиноят ишини юритаётган суриштирувчига ва терговчига тақдим этилади.
   Суриштирувчи, терговчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани олган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида жиноят иши материалларини келишув тузиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорга юборади.
 Прокурор келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани у келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суриштирувчи ёки терговчи ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси иштирокида кўриб чиқади ва ушбу Кодекснинг 5861-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этилганлигини текширади. Зарур ҳолларда, прокурор жабрланувчини ёки фуқаровий даъвогарни ҳам келишув тузиш масаласини кўриб чиқиш учун жалб қилади бунда прокурор келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқаётганда:
1) жиноят иши материалларини ва тақдим қилинган ёки талаб қилиб олинган қўшимча материалларни ўрганади, келишув тузишнинг асосларини текширади, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг келишув предмети бўлган ҳаракатларни амалга ошириш имкониятларини баҳолайди;
2) гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг барча шартлари билан танишган-танишмаганлигини, илтимосномани ихтиёрий равишда ва ўз хоҳиши билан, шунингдек ҳимоячи билан муҳокама қилганидан кейин берган-бермаганлигини, унга нисбатан бирон-бир тазйиқ ёки мажбурлов ўтказилган-ўтказилмаганлигини, тузилаётган келишувнинг моҳиятини тушунган-тушунмаганлигини аниқлаб, агар келишувга асосан ҳукм чиқарилиб, жазо тайинланганидан кейин гумон қилинувчининг, айбланувчининг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги ёки терговдан бирон-бир муҳим ва иш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни қасддан яширганлиги, келишувда назарда тутилган шартлар ва мажбуриятларни бажармаганлиги аниқланса, ҳукм қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақида илтимоснома берган гумон қилинувчига, айбланувчига тушунтиради.
     Прокурор айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиб:
    - айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақида ёки,
     - айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани рад қилиш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга доир ишлар ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда умумий тартибда, жиноят иши келишув билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади ва айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга оид ишлар бўйича суд муҳокамасида прокурор келишувнинг мазмунини ўқиб эшиттиради, судланувчининг суриштирув ҳамда дастлабки терговга кўмаклашганлигини тасдиқлайди ва бу айнан нимада ифодаланганлигини тушунтиради.
       Суд айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга оид ишларни кўриб чиқиш чоғида:
-        келишувни тузишда гумон қилинувчининг, айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари таъминланган-таъминланмаганлигини ва ушбу Кодекснинг 5861-моддасида кўрсатилган талаблар бажарилган-бажарилмаганлигини;
-        келишувнинг гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган-тузилмаганлигини;
-        гумон қилинувчи, айбланувчи келишувнинг моҳиятини, унинг шартларини тушунган-тушунмаганлигини, унинг оқибатларини англаб етган-етмаганлигини;
-        судланувчи келишувни қўллаб-қувватлаши ёки қўллаб-қувватланмаслигини;
-        гумон қилинувчи, айбланувчи етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўрган-кўрмаганлигини аниқлайди.
      Суд судланувчи ва унинг ҳимоячисининг, прокурорнинг, шунингдек зарур ҳолларда, жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) фикрини эшитади, шундан сўнг қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага кирадива айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги қарорни кўриб чиқиб келишувни тасдиқлаш тўғрисида ёки келишувни тасдиқлашни рад этиш ва ишни прокурорга юбориш ҳақидаги қарорлардан бирини чиқаради.
     Келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқаради.
     Суд айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги қарорни кўриб чиқиб, агар:
1) келишувни тасдиқлаш учун асослар мавжуд бўлмаса ёки келишувни тузишда процессуал қонунчилик талаблари бузилган бўлса;
2) суд келишувда назарда тутилган судланувчига қўйилган айбловда жиноятнинг малакаланишга тааллуқли шартларга рози бўлмаса;
3) судланувчининг айбдорлиги борасида судда асосли шубҳа туғилган бўлса;
4) тарафлар тузилган келишувдан воз кечса, келишувни тасдиқлашни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради ва жиноят ишини умумий қоидалар бўйича тергов қилиш ёки келишувни қайта кўриб чиқиш учун прокурорга юборади.
    Суднинг келишув бўйича чиқарилган ҳар қандай ажримига нисбатан судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), уларнинг қонуний вакиллари, ҳимоячи томонидан хусусий шикоят берилиши ҳамда прокурор томонидан хусусий протест келтирилиши мумкин.

 

Ф. САЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди судьяси.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM