СУРХОНДАРЁЛИКЛАР КАТТАҚЎРҒОНГА ТАШРИФ БУЮРИШДИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Жорий йилнинг 20 август куни муҳтарам Президентимиз томонидан ўтказилган видеослектор йиғилишида туманимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ижобий ўзгаришларга юксак баҳо берилиб, “намунали туман” деган таъриф берилди. Бу эътироф мамлакатимизда катта қизиқиш уйғотди ва эндиликда туманимизда олиб борилаётган ишлар кўлами билан яқиндан танишиш ва муваффақиятларимизни ўз кўзлари билан кўриш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида меҳмонлар келиши давом этмоқда. Ўтган куни Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдисалом Хўжақулов бошчилигидаги Узун, Олтинсой, Шўрчи, Бандихон, Қизириқ ва Ангор туманлари сектор раҳбарларидан иборат делегация туманимизда меҳмон бўлди. Меҳмонлар туман ҳудудидига кираверишдаги “Маржон” тўйхонаси олдида кутиб олиниб, уларнинг ташрифи тумандаги “Чорвачилик комплекси”да чорвачиликни ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан танишишдан бошланди. Меҳмонлар Энамяхши қишлоғининг тепа қисмидаги адирликка чиқиб, дашт зонасида қилинган ишлар билан яқиндан танишдилар. Танишиш давомида табдиркор Анвар Норбоев томонидан қурилган 200 ўринли болалар боғчаси ҳамда аҳолига газ етказиб бериб шахобчасини бориб кўрдилар. Каттақўрғон сув омбори, юқори кучланишли электр станцияси мажмуаси ва яқин 2-3 йил ичида қуриб ишга туширилган ғишт заводларини тепаликдан туриб томоша қилдилар, уларга бу объектлар тўғрисида атрофлича тушунчалар берилди. Энамяхши қишлоғининг фойдаланилмай ётган серунум тепаликлари ўрнида барпо этилган иссиқхоналар фаолияти меҳмонларда катта қизиқишга сабаб бўлди. Шундан сўнг меҳмонлар “Каттақўрғон электро монтаж” корхонасида ҳаётга тадбиқ этилаётган инновацион лойиҳалар билан танишдилар, “Шакар ота” фермер хўжалиги ерларида етиштирилаётган пахта далаларида бўлдилар. Меҳмонлар туман маркази томон йўл олишар экан, йўл-йўлакай янги қад ростлаган қурилиш объектлари билан ҳам танишишди. Жумладан, улар яқинда фойдаланишга топширилган Давлат хизматлари марказининг янги биносини бориб кўрдилар. Меҳмонларга туман марказидаги Истироҳат боғида ўрнатилган рангли, мусиқали фавворалар, Нуронийлар маскани, ҳокимлик атрофидаги ташландиқ ерда барпо этилган манзарали дарахт ва гул кўчатлари билан безатилган дам олиш маскани, шу ҳудуд яқинидаги янги уй-жойлар кўрсатилди. Янгидан қурилиши режалаштирилаётган Мажлислар зали лойиҳаси таништирилди. Шунингдек, меҳмонлар Қўшҳовуз массивида ташкил этилган узумчилик йўналишидаги кооператив фаолияти билан ҳам танишдилар. Яқин йиллар ичида харид қилинган ва ҳозирда деҳқонларимизга қанот бўлиб хизмат қилаётган янги қишлоқ хўжалик техникалари кўргазмаси орқали қишлоқ хўжалиги соҳасига берилаётган алоҳида эътибор намойиш этилди. Меҳмонлар тумандаги 20-умумтаълим мактабида бўлишиб, мактабга қарашли ер майдонида экилган “Зинга-Зингана” навли қулупнайнинг правариши билан танишдилар. Ташриф давомида тумандаги Мундиён маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси ва унинг атрофида қад ростлаган бошқа инфраструктура объектлари кўрсатилди. Сурхондарёликлар Каттақўрғон туман ҳокими раҳбарлигидаги 1-Сектор штабида ҳам бўлишиб, бу ерда фуқароларга яратилган шароитлар ва секторнинг иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Ташриф ниҳоясида Сурхондарёлик меҳмонлар яқинда тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, барча қулайликлар яратилган туман ҳокимлиги биносида бўлишиб, бу ерда ишнинг ташкил этилиш жараёнига алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу ташриф давомида меҳмонлар туманимизда ҳақиқатдан ҳам барча соҳада ишлар кўнгилдагидек ташкил этилганини эътироф этдилар. Шунинг билан Сурхондарё вилояти вакилларининг Каттақўрғонга ташрифи ниҳоясига етди.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM