ЯНГИОБОД МАЙИЗИ ХИТОЙ, РОССИЯ ВА ҚОЗОҒИСТОН ДАВЛАТЛАРИГА ЭКСПОРТ ҚИЛИНАДИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Жаҳон бозорида ўз харидорларини топиб улгурган Ўзбекистоннинг қуритилган мевалари ичида айнан майиз маҳсулотларига талаб кундан-кунга ўсиб бормоқда. Чунки Ўзбекистоннинг иқлим шароитида етиштирилган майиз сифати, фойдали хусусиятлари ва маззаси билан кўпчилик истеъмолчиларда ижобий таассурот қолдирган. 

Маълумки, иқлимимиз узум қуритиш учун ниҳоятда қулай. Иссиқ ёзнинг давомийлиги, нисбий намликнинг паст бўлиши, аъло сифатли майиз навларини етиштиришга, қуёшли очиқ ҳавода ва сояда мева қуритиш усулларидан кенг фойдаланишга, кам маблағ сарфлаб, юқори сифатли маҳсулот олишга имкон беради. 
Ушбу эзгу мақсад йўлида Каттақўрғон тумани Янгиобод массиви ҳудудида тадбиркор Жамолиддин Қобилов бошчилигида ташкил этилган "Жамолиддин Кластер" масъулияти чекланган жамияти иш фаолиятини бошлади. Иш бошланишига бағишлаб ташкил этилган тадбирда Каттақўрғон туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов, ушбу соҳа мутахассислари, кластер эгалари ҳамда Янгиобод массиви ҳудудидаги маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этдилар. Йиғилганлар жамият ишига муваффақиятлар тилаб, уни келгусида йирик экспортёр корхона сифатида эътироф этилишига ишонч билдирдилар. 
- Мақсадимиз ушбу ҳудудда узумчилик ривожини янги босқичга олиб чиқиш, - дейди Ж.Қобилов, - шунинг учун ҳам ишни мавжуд 300 гектарга яқин майдондаги узумзорларга агротехника талаблари асосида ишлов беришдан бошладик. Етиштирилган маҳсулотни тўлиқ шу ернинг ўзида қайта ишлаб, тайёрланган маҳсулотнинг асосий қисмини Хитой, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилишга қаратилган бизнес лойиҳа асосида иш олиб бормоқдамиз. Натижада етиштириладиган 1000 тоннага яқин узум маҳсулотидан тайёрланадиган майизни камида 1 млн АҚШ долларига хорижга экспорт қилиш устида иш олиб бормоқдамиз. 
Келгусида кластерчилар томонидан узумнинг серҳосил ва сифатли майиз берадиган навларини экиш, унумдорлиги паст даражага келиб қолган токзорларни ёшартириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, сув тақчиллигини бартараф қилиш мақсадида барча майдонларда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилади. 
"Жамолиддин Кластер" масъулияти чекланган жамиятининг ташкил этилиши билан Янгиобод ҳудудидаги 400 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилиб келаётган аҳоли доимий иш билан банд бўлади. 
Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган иқтисодий изланишлар натижасида туманимизда йилдан йилга узумчилик ҳам сердаромад соҳага айланиб бормоқда. Ана шундай соҳа ривожи йўлида жаҳон бозорига чиқаётган Янгиобод майизи ҳам албатта ўз харидорини топади, деб ишониб қоламиз. 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM