Сўнгги афсус чин кўнгилданмикан?

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида 2013 йилда содир этилган ўғрилик билан боғлиқ суд иши кўриб чиқилди.
Судда аниқланишича, судланувчи А.Э. хавфли рецидивист бўла туриб, шу иш бўйича судланган З.И. ва қисми амнистия актига асосан тугатилган бошқа шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2013 йил август ойида Каттақўрғон тумани Омонбой маҳалла фуқаролар йиғини Қоракўлча қишлоғида яшовчи Н.Тошпўлатованинг яшаш уйи ҳовлисига деворини кетмон билан бузиб, ғайриқонуний равишда киришади ва бир бош, қиймати 3 000 000 сўмлик ҳўкизини яширин равишда ўғрилик йўли билан талон-торож қилиб воқеа жойидан яширинади. Ўғирланган қорамолни пуллаб, Россияга қочиб кетади.
Айтиш керакки, судланувчи А.Э. бундан олдин ва кейин ҳам бир неча марта Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг қатор моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этиб, турли ҳудудий судлар томонидан жазога тортилган. Лекин, минг афсуски, бу жазолар унга етарли таъсир кўрсатмаган. Бунинг оқибатида у кетма-кет жиноятлар содир этишдан тийилмаган.
Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, судланувчи А.Э.ни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга Каттақўрғон шаҳар судининг 2011 йил 4 август кунидаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 (уч) йил 6 (олти) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ   йилдан кейин ҳам  чиқади деганидай, шунча вақт ўтиб бўлсада айбдор ҳақли жазосини олди. Адолат қарор топди. Лекин, бундан судланувчи А.Э. тегишли хулоса чиқарармикан? 
Судланувчининг суд мажлиси давомида қайта-қайта ишонтиришга уриниб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини эшитиб,унинг  бошқа қайтиб жиноят кўчасига кирмаслигига ишонгимиз келади. Илоҳим, шундай бўлсин-да!

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM