Солиқ назорати жараёни видеотасвирга олинади

"Давлат солиқ   хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомга кўра, солиқ органининг ходимлари, солиқ тўловчилар ҳамда уларнинг вакиллари солиқ тўловчилар фаолиятида ўтказиладиган солиқ назорати тадбирларини видеотасвирга олишлари мумкин. Ушбу назорат тадбири жараёнида олинган видеотасвир маълумотларидан назорат тадбирлари натижаларини кўриб чиқишда, солиқ органлари томонидан қарор қабул қилишда, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда зарурат бўлганда фойдаланиш мумкин.

Жараённинг видеотасвирга олиниши  шаффофлик ва  холисликни янада таъминлайди, коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. Назорат тадбирини видеотасвирга олиш солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда амалга оширилади.

Ушбу қарорга кўра, назорат тадбирини видеотасвирга олиш жараёнида солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари қуйидаги ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга. Солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат: солиқ органининг назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан танишиш, назорат тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха олиш, солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш, солиқ органлари мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш, солиқ органи томонидан амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олиш.

Солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари мажбуриятлари қуйидагилардан иборат: назорат тадбирини солиқ органи томонидан видеотасвирга олиш учун шароит яратиш, солиқ органи мансабдор шахсларининг назорат тадбирини видеотасвирга олишига тўсқинлик қилмаслик, солиқ органи ходимларининг талабига кўра назорат тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха бериш.

Шунингдек, видеотасвирга олиш жараёнида солиқ органининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга (солиқ органи мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари): солиқ органи томонидан амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари ва бошқа шахслар иштирокида видеотасвирга олиш, солиқ тўловчидан видеотасвирга олиш жараёнининг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этишни талаб қилиш, назорат тадбири якуни бўйича солиқ тўловчи ва унинг вакиллари томонидан олинган видеотасвир маълумотларидан нусха олиш. Солиқ органи мансабдор шахсларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат: иштирокчиларни назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш, назорат тадбири жараёнида солиқ тўловчи ҳамда унинг вакиллари ва бошқа шахсларга видеотасвирга олиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари талабига кўра солиқ назорати тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха бериш, солиқ тўловчи ва унинг вакиллари фаолиятига алоқадор ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно, солиқ тўловчи ва унинг вакилларининг назорат тадбирини видеотасвирга олишига тўсқинлик қилмаслик.

Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM