Байрам яхши ўтсин десангиз пиротехника воситаларидан сақланинг

Янги йил яқинлашгани сайин одамларда пиротехника воситаларига бўлган қизиқиш кучаяди. Бу, гарчи тақиқланган бўлса-да, пиротехника воситалари савдоси пайдо бўлишига олиб келади. Энг ёмони, ушбу воситаларнинг фарзандларимиз соғлиғига, ҳаётига хавф туғдиришидир.
Ноқонуний пиротехника воситаларини сотиш ва ишлатиш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 25 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан "Пиротехника буюмларини яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш, уларни йўқ қилиш ва утилизация қилиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисида"ги Низом тасдиқланган.
Аксарият ҳолатларда пиротехника воситаларини ўсмирлар ва ёш болалар сотиб олиб, кўчалар ва бошқа жамоат жойларида тўсатдан портлатишади. Баъзи пайтларда эса тан жароҳати олиш, ёнғин келиб чиқиши, ҳар хил бахтсиз ҳодисалар ҳам юз бериши мумкин. Пиротехника буюмларини сотувчилар болалар ва ўсмирлар учун жиддий таҳдид туғдиришини яхши билишади. Шунга қарамасдан ўзларининг моддий манфаатларини бошқаларининг соғ­лиғи, ҳатто ҳаётидан устун қўйишади.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу соҳага оид бир нечта қарорлари асосида туман ички ишлар органлари, ёнғин хавфсизлиги бўлими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, тегишли ташкилот ва кенг жамоатчилик фаоллари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг туманимизга олиб кирилишига, туман ичкарисида сақланиши, сотилиши ва ишлатилишига йўл қўймаслик  мақсадларида аҳоли гавжум жойларда, маҳаллаларда, мактаб ва коллежларда пиротехника воситаларининг зарарли оқибатлари ҳақида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ёш болалар пиротехника воситалари туфайли юз-қўллари куйган, оғир тан жароҳатлари олган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ота-оналар фарзандларига ана шу зарарли матоҳнинг ўрнига китоб олиб берсалар фойдадан холи бўлмасди.
Хуллас, ҳаммамиз ҳамкорликда ишласак, ушбу ҳолатларни олдини олган бўламиз. Шунда ҳаётимиз тинч-осойишта бўлади. Айниқса, кириб келаётган Янги йилни кўнгилдагидек нишонлаймиз.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM