“ПАҚИЛДОҚ” ЭРМАК ЭМАС

Тобора яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида шаҳару қишлоқлар, кўчаю хиёбонлар янада ажойиб қиёфа касб этмоқда. Майдонларда безатилган арча атрофида болажонларнинг шодон кулгуси авжида. Таниган-танимаган барча бир-бирини “Янги йилингиз муборак бўлсин, байрамни яхши кутиб олинг!”, деб тилак билдиради.
Ҳа, қувончли кунлардан мамнунлик туйиб, янги йил айёмини шодон кутиб олишга нима етсин. Шундай деймизу, айримлар саломатлигимиз учун хавфли бўлган “пақилдоқ”, яъни пиротехника воситаларини хушнудликнинг бир қисми, эрмак деб билади.
Мамлакатимизда пиротехника буюмларидан фойдаланиш тақиқланган. Шунга қарамай, Янги йил байрами арафасида пиротехника буюмлари масаласида ноқонуний ҳолатлар учраб турибди. Бу айрим кимсаларнинг фақат ўз нафсини ўйлаши оқибатидир.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш гуруҳи ходимлари томонидан олинган тезкор маълумот асосида Ургут тумани Ипакли МФЙ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди. 
Натижада фуқароси И.Б.га тегишли бўлган коробкалардан умумий қиймати 6 миллион сўмдан ортиқ жами 14 400 дона, умумий оғирлиги 7,0 килограмм “Трения” ёзувли пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан дастлабки божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.. 
Вилоят божхоначиларининг хатти-ҳаракатлари билан жамоат жойларида, хонадонларда пиротехника буюмлари муомаласи оқибатида юз бериши мумкин бўлган, байрам кайфиятига таъсир этувчи, саломатлигимизга путур етказувчи нохушликларнинг олди олинаётир.
 

 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM