Замонавий “ҚУШХОНА” ишга тушди

Уй шароитида хонадонимизда, кўча-кўйда йўл-йўлакай енгил тамаддихоналарда, ошхоналарда, мактаб ва муассасалар, ресторанлар, тўйхоналар ва бошқа емакхоналарда турли хил мазали таомлар истеъмол қиламиз. Истеъмол қилаётган ушбу таомларни тотли ва ширин қилувчи унинг таркибидаги гўшт маҳсулоти. Гўшт солинган ҳар қандай таом кишига хуш ёқиши табиий. 

Ҳозиргача туманимизда замонавий, марказлашган, барча қулайликларга эга бўлган қушхоналар камлиги сабабли гўшт дўкони мудирлари чорва молларини ўз уйларида ёки аҳоли уйларида сўйиб, сўнгра дўконга олиб келиб сотишмоқда. Аслида эса чорва моллари сўйилишидан олдин ветеринар кўригидан ўтказилиши, сўнгра гўшт махсус лаборатория-экспертиза мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилганидан кейин сотишга рухсат берилиши лозим.

Юқоридаги камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этиш ва белгиланган барча меъёр ва талабларга тўлиқ амал қилинган ҳолда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича Каттақўрғон туманида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. 
Жумладан, тумандаги Навбаҳор маҳалласи ҳудудида тадбиркор Акром Бобоев томонидан замонавий қушхона қурилиши амалга оширилди. Куни кеча ушбу қушхона биноси фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимда туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов, тумандаги тегишли ташкилот раҳбарлари, нуронийлар, ОАВ ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Тадбиркор Акрам Бобоев томонидан қурилган янги қушхонанинг қурилиш ишларига 2 миллиард сўм маблағи сарфланди. Корхонага ўрнатилиши керак бўлган барча ускуналар Хитой, Германия ва Туркиядан олиб келинди. Корхонанинг ишга туширилиши билан янги 10 та янги иш ўринлари яратилди. Қушхона соатига 10-15 мол суйиш қувватига эга бўлиб, замонавий музлатгичларда 45 тоннагача сўйилган гўштни сақлаш мумкин. 

Шунингдек, қушхонада ветеринария врачи учун лабаратория хонаси ҳамда корхона ишчилари учун барча қулайликларга эга ётоқхона, ошхона, ҳаммом бинолари ҳам қурилди. 
Бу каби кенг қамровли чоралар амалиёти туманни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг вилоят тараққиётига қўшадиган ҳиссасини кўпайтириш, аҳоли даромади ва фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM