“Келажак болажони” иш бошлади

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, ҳатто марказдан олисдаги бўлган қишлоқ жойларида ҳам замонавий  мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Каттақўрғон туманидаги Кумушкент маҳалласида 60 ўринга мўлжалланган давлат-хусусий шерикчилик асосидаги замонавий болалар боғчаси фойдаланишга топширилди.

Кейинги йилларда туманда мактабгача таълим тизимида салмоқли ишлар амалга оширилиб, 3 ёшдан 7 ёшгача болажонларни таълимнинг илк босқичига қамраб олиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили муассасаларга бола қамрови 21.4 фоизни ташкил қилган бўлса ҳозирда 41.9 фоизни, йил якунига қадар 6 ёшли болажонларни ҳам қамраш ҳисобига 57.4 фоизга етказилиши кўзда тутилмоқда. 

Туман марказидан анча олисда бўлган Кумушкент маҳалласида тадбиркор Шавкат Турдиевнинг ташаббуси билан давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият бошлаган “Келажак болажони”  мактабгача таълим ташкилоти ҳудуд аҳолисининг чексиз қувончига сабаб бўлди. Лойиҳа қиймати 1 млрд. 608 млн.сўм бўлган ушбу мактабгча таълим ташкилотининг очилиш маросимида сўз олган туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов ҳукуматимиз томонидан миллатимиз келажи – болажонлар учун барча имкониятлар ишга солинаётганини эътироф этар экан, бу борада туманда ҳам қисқа фурсатларда салмоқли ишлар қилинаётганини таъкидлади.
 – Уйда телевизор кўриб ўтириб, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини эшитиб қолдим ва маҳаллада замонавий боғча қуриш истаги пайдо бўлди,  – дейди ташаббускор Шавкат Турдиев. - Менинг бу таклифимни туман ҳокимлиги ва мактабгача таълим бўлими мутасаддилари ҳам қўллаб-қувватладилар. “Микрокредитбанк”нинг 1 млрд. 220 млн. сўм миқдоридаги имтиёзли кредитидан фойдаланган ҳолда 1 йил ичида муассаса қурилишини якунига етказдик. Эндиги вазифа фарзандларимизни ушбу даргоҳда баркамол ва интеллектуал салоҳиятли қилиб камол топдириш.
  Фойдаланишга топширилган боғчада болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган, жумладан, машғулотлар ўтказиш хонаси, ётоқхона ҳамда овқатланиш хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланган. Болажонларнинг мириқиб ўйнашлари учун болалар майдончаси ҳам қурилиб, чиройли безатилган. Бино атрофи ободонлаштирилиб, гул ва манзарали дарахт кўчатлари экилган. Муассасада қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш эвазига маҳалладаги яна қўшимча 30 та мактабгача ёшдаги болажонларни таълим билан қамраб олиш кўзда тутилмоқда.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM