Яширилган ишни миси чиқади

Бугун юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни ҳоҳловчилар сони тобора ошиб, ишбилармон доира вакиллари кўпаймоқда. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган "Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ тадбиркорларимизга ҳар томонлама ёрдам беришда давлат идораларининг, шу жумладан солиқ идораларининг ҳам масъуллиги кўрсатиб ўтилган.
Туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан ҳам бу борада кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Натижада, туманда солиқ тўловчилар сони ортиб, тушумлар миқдори ҳам ўсиб бормоқда. Солиқ тўловчиларимиз ўртасида тўлов интизоми мустаҳкамланмоқда. Ходимларимиз томонидан доимий равишда аҳоли ўртасида солиқ тушумлари ва уларга яратиб берилаётган қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 
Лекин шуни ҳам айтиш керакки, айрим тадбиркорларимиз ва хўжалик юритувчи субъектларимиз яратилаётган имтиёз ва енгилликларни ўзларича бошқача талқинда қабул қилиб, солиқларни ҳисоблаш ва ҳисоботларни тақдим қилиш тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузиб келмоқдалар. Энг ачинарлиси, бу камчиликларга янги ташкил этилган субъект­лар ёки ёш тадбиркорлар эмас, аксинча кўпни кўрган, анча йиллардан буён фаолият олиб бораётган жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўл қўйилаётганлиги ачинарли ҳол.
Таҳлилларга кўра, туманимиз бўйича биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шаклдаги солиқ тўловчиларимиз томонидан 394 та турли даражадаги солиқ тўғрисидаги қонун бузилишлари қайд этилган. Шундан 297 та тўпланган ҳужжатлар йиғиндиси судларга маъмурий чора кўриш учун юборилган ва уларнинг аксариятига тегишли чоралар қўлланилган. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, шу давр мобайнида туман бўйича 25 нафар жисмоний ва 2 нафар юридик мақомга эга бўлган солиқ тўловчиларимиз Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 30,31 ва 59-моддаларига риоя қилмагани сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилган ва улардан 8 млн.142,7 млн.сўм миқдорида маъмурий жарималар ундирилган.
Кўриб чиқилган маъмурий ишлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда туманимиз тадбиркорлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг қатор моддаларида кўзда тутилган қонун бузилишларига йўл қўйилган.
Агар қонунчилик талабларига риоя этилса қайд этилган ҳуқубузарлик ҳолатлари содир бўлмаслиги ва кимлардир жавобгар бўлиб қолмаслиги мумкин эди. Бунинг учун эса солиқ тўловчиларимиздан озгина эътибор ва масъулият талаб қилинади, холос. Афсуски, олиб борилаётган кўплаб тарғибот-ташқиқот ишларига қарамай, ҳали ҳам орамизда шунга ўхшаш қонунбузарликлар учраб тургани ачинарли ҳолдир. Бу борада инспекциямиз ходимлари томонидан келгусида ҳам профилактик ишларни олиб бориш давом эттирилади. 
Халқимизда: "Қарс икки қўлдан чиқади", - деган нақл бор. Шундай экан, солиқ тўловчиларимиз ҳам уларга яратилган имтиёз ва эркинликлардан оқилона фойдаланиш билан биргаликда ўз олдиларидаги масъулиятни ҳам унутмасликлари керак. Олиб бораётган фаолиятингиз бўйича солиқ идораларига ўз вақтида ва тўғри талқиндаги ҳисоботларни топширишни унутманг. Шундагина сизга нисбатан турли жазо чоралари қўллашга ҳожат қолмайди. Бир сўз билан айтганда, солиқ тўлови маданиятини юксалтириш сиз ва бизнинг олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM