Мустақилликка туҳфа: «Ёшлар кутубхонаси» иш бошлади

Китоб – энг одил дўст, беминнат муаллим, бебаҳо хазина. Дунёдаги энг зўр кашфиёт ҳам китобдир. Китоб бўлмаганда буюк кашфиётларнинг қай бири ихтиро қилинган бўлар эди? Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Каттақўрғон туманида “Ёшлар кутубхонаси” фойдаланишга топширилди.
    Ёш ташаббускор Абдували Эргашев томонидан ташкил этилган зиё масканининг очилиш маросимида туман ҳокими Аъзамҳон Бахрамов,  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят ва туман кенгаши ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

  Бу нафақат ёшларимизнинг, балки ота-оналарнинг ҳам севимли масканига айланишига ишонаман, деди маърифат ва зиё масканининг очилишида сўзга чиққан туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик айёми арафасида ушбу маскан халқимизга энг муносиб совға бўлганлиги эътироф этилди.

  – Бундай замонавий кутубхоналар туманимизда бўлармикан, деб ўйлардим, – дейди 1-ИДУМ ўқувчиси Оғабек Тошмаматов. – Бугун шундай кутубхона туманимизда иш бошлади. Кутубхонанинг очилиши мустақиллигимизнинг 28 йиллигига туманимиз ёшлари учун катта совға бўлди.  

​​​​​​

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган кутубхонада 5 000 га яқин бадиий асарлар, болалар ҳамда тарихий ва илмий адабиётлар ўрин олган. Шунингдек, зиё масканида 10 та замонавий компьютер, тезкор интернит тармоғи йўлга қўйилган бўлиб, адабиётларнинг электрон нусхалари ҳам шакллантирилган.

 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM