Янгиобод узуми жаҳон бозорига чиқмоқда

Яқин йилларгача Янгиобод аҳоли массивидаги узумчилик хўжаликларида узумзорлардан олинадиган ҳосилдорлик ўта паст даражада эди. Ток майдонлари ижарачиларига бўлиб берилиб, уларга деярли ҳеч қандай шароит яратилмаган, ҳатто ижара шартномалари ҳам тузилмас эди. Ишни тўғри ташкил этилмаганлиги, даромад олишга бўлган қизиқишнинг ҳаминқадарлиги катта майдонни эгаллаган узумзорлардан на давлат, на аҳоли арзигулик фойда олмасди.
Ҳудудда узумчилик ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ўтган йили "Янгиобод узум экспорт" масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Жамиятда янгидан ташкил этилган ишчан муҳит дастлаб 287,5 гектар майдондаги узумзорга сифатли ишлов беришдан бошланди. Етиштирилган маҳсулотни шу ернинг ўзида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотнинг асосий қисмини хорижга   экспорт қилишга қаратилган бизнес лойиҳа асосида иш олиб борилди. 
- Ишни узумзорларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганишдан бошладик, - дейди "Янгиобод узум экспорт" масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Мусурмон Юнусов. - Дастлаб мавжуд узумзорларни тўлиқ қайта инвентаризациядан ўтказдик ва серҳосил навлар экиш ор­қали токзорларни ёшартириш ишларига алоҳида эътибор қаратдик. Сув тақчиллигини бартараф қилиш мақсадида 2 та янги артезан қудуғи ишга туширилиб, биттаси жорий таъмирланди. Натижада ўтган йили 300 тонна узум етиштирилди. Қайта ишланган майиз маҳсулоти илк бор 150 минг АҚШ долларига Хитойга экспорт қилинди. Бу йил ҳам мўл ҳосил етиштирилган. Ўтган йилгига нисбатан ҳосилдорлик  2-3 баровар кўп бўлиши кутилмоқда.
Жамият аъзолари узумзорни яна 70 гектарга кенгайтириш устида иш олиб боришмоқда. Баҳорда 40 гектар ер майдонга  ўтқазилган "қора кишмиш" навли ток кўчатлари ҳозирда баравж ривожланмоқда. Келгуси йил баҳорда яна 30 гектарда ана шундай узумзор барпо этилиши режалаштирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда қишлоқ хўжалигида узумчилик ҳам сердаромад соҳа ҳисобланади. Ана шундай соҳа ривожи йўлида жаҳон бозорига чиқаётган Янгиобод майизи ўз харидорларини топмоқда.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM