Масъулиятсиз мутасаддиларга чора кўрилди

Яқинда “Kun.uz”  интернет сайтида Каттақўрғон мактабгача таълим бўлимига қарашли 23-сон мактабгача таълим муассасасидаги аҳвол бўйича “Каттақўрғондаги дарвозасиз боғча ёҳуд туманда мактабгача таълим тизимида муаммолар ўз ҳолича қолмоқда” номли мақола чоп этилган эди. Ҳолат юзасидан мухбиримиз суриштирув олиб борди. 

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси масъулларидан олинган маълумотга кўра, мақола юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, мавжуд муаммолар атрофлича ўрганиб чиқилган. 

 

Айни пайтда мақолада кўрсатилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимлиги билан биргаликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Тумандаги “Мадраса” маҳалласида жойлашган ушбу таълим муассасаси ҳақиқатдан ҳам эски мослаштирилган 1-қаватдан иборат бинода фаолият кўрсатиб келмоқда. Бино 1956 йилда қурилган, қуввати 120 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан муассаса биносининг фасад қисми, 2 та ёзги айвончалар ва ҳожатхонаси таъмирланди, муассаса биносида мавжуд 16 та эшик ва 30 та деразалар рангланиб, 14 м.кв. шишалари алмаштирилди ва гуруҳларга 240 м.кв гилам тўшалди. Ташкилот ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, дарахтларга шакл берилиб, ҳовлисига гул кўчатлари ўтқазилган. Ҳозирги кунда муассасанинг кириш қисмига дарвоза ўрнатиш ва ҳудудини 62 метр девор билан ўраш ишлари амалга оширилмоқда. 

 Лавозим вазифаларига масъулият билан ёндашмаган бир қатор масъул шахсларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди. Жумладан, 23-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Замира Худойбердиева билан тузилган меҳнат шартномаси бошқарма бошлиғининг 16.07.2019 йилдаги 206-к-сонли буйруғи билан бекор қилинган. Бундан ташқари туман мактабгача таълим бўлимининг методисти М.Эшмуродовага ўртача ойлик иш ҳақининг 20% миқдорида жарима жазоси тайинланган. Таълим муассасасининг хўжалик мудири, ошпази ва ҳамшираси билан тузилган меҳнат шартномалари ҳам бекор қилинган.                                              

 

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM