Депутатлар тумандаги "газ" ва "электр" корхонаси масъулларини сўроққа тутишди

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситалари вакиллари, депутатлар ҳамда кенг жамоатчилик орқали аҳолининг кенг қатламига етказиб бориш мақсадида туманимизда матбуот анжуманлари ташкил этила бошлади ва келгусида мунтазам равишда ўтказиб борилади.
Туман ҳокимлигида ўтказилган дастлабки анжуман туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ва “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси таҳририяти вакиллари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Шунингдек, маҳаллий аҳолидан келиб тушган мурожаатлар салмоғига қараб бу галги учрашувга туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбари Фарҳод Пирматов ва туман газ таъминоти корхонаси етакчи мутахассиси Бекзод Нормуродовлар таклиф этилди.
Ошкора ва ишчанлик руҳида бўлиб ўтган учрашувда жойлардаги ўтказилган учрашувлар давомида депутатларга сайловчилар томонидан келиб тушган мурожаатлар ва ечимини кутаётган муаммолар бўйича ўзаро мулоқот ташкиллаштирилди.

Депутатлар томонидан берилган саволларга иккала корхона мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Савол ва мурожаатларнинг мазмун-моҳияти билан танишар эканмиз, аксарият саволлар ҳозирда халқимизни қийнаб келаётган электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш, трансформаторлардаги кучланиш қувватларининг етишмаслиги, электр узатиш линияларидаги носозликларга қаратилди. Шунингдек, ҳозирда ўрнатилаётган янги русумдаги электрон ҳисоблагичларни сабабсиз ишламай қолаётгани билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича етарли жавоблар олинди.
Туман аҳолисига оқим газ ва суюлтирилган газ балонлар етказиб беришдаги муаммолар тўғрисида ҳам ушбу соҳа мутахассисига етарлича саволлар берилди. Ушбу саволлар бўйича депутатлар яқин вақтларда газ балонлар онлайн тизим асосида етказиб беришга ўтилиши, ҳар бир балонга “чип” сезгир алоқа датчиги ўрнатилиши бўйича ахборотга эга бўлишди.

Шунингдек, йиғилиш қатнашчиларига газ етказиб бериш тизимида 1 апрелдан бошлаб жорий этилаётган янги тизим тўғрисида ҳам тушунчалар берилди.  Бу тизимнинг жорий этилиши туман аҳолисини суюлтирилган ва табиий газ билан таъминлашдаги ҳозирда мавжуд бўлган муаммоларнинг бартараф этилишига имкон яратади.
Учрашув сўнгида қатнашчилар бу каби йиғилишлар бардавомлигини таъминлаш депутатлар иш унумдорлигини ошишига сабаб бўлишини алоҳида таъкидладилар.
Туман Кенгаши депутатлари келаси ҳафтада тумандаги Бургансой маҳалласи ҳудудида ташкил этиладиган кўчат экиш тадбирида оммавий равишда қатнашиш истагини билдиришди.
Шу каби навбатдаги учрашув февраль ойининг охирги кунлари ташкил этилади ва унга туман Мактабгача таълим ташкилоти ҳамда туман Соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарлари таклиф этилади.

2015-2024 © Kattaqo'rg'on tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM