insurez
08-06-2024 15:54

Каттақўрғоннинг энг йирик маҳалласи янги қиёфа касб этди


 

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Каттақўрғон туманидаги «Мелихўжа» маҳалласида «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонлари асосида олиб борилган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлар натижасида маҳалланинг инфратузилмаси тамомила янгиланди.

Шу муносабат билан кенг жамоатчилик ва маҳалла фуқаролари иштирокида янги объектларнинг очилишига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирларда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, «Мелихўжа» маҳалласи Каттақўрғон туманининг ҳудудийлик жиҳатидан энг катта, ижтимоий-иқтисодий шароити оғир тоифадаги ҳудуди ҳисобланарди. 5 та қишлоқ — Мелихўжа, Тонг қўрғони, Энамяхши, Энамяхши-2 ҳамда Агрезнинг умумий майдони 7155 гектарни, кўчалари сони 12 тани ташкил этади. Маҳаллада 1157 та хонадон, 1182 та оила бўлиб, 5421 нафар аҳоли истиқомат қилади.

«Обод хонадон» мезонларини жорий этиш йўналишидаги амалий ишлар натижасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлик асосида маҳалладаги ўта оғир шароитда яшовчи, эҳтиёжманд тоифадаги 16 нафар оилаларнинг турар жойлари жорий ва капитал таъмирлаб берилди. Шунингдек, жами 857 та таъмирга муҳтож хонадонлар таъмирланиб, ободонлаштирилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 44 нафар фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди, 21 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 48 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, 61 нафар фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиши, 19 нафарининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига ёрдам кўрсатилди.

Аҳолининг муҳтож қатламига ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида 20 нафар ижтимоий дафтарларда турган фуқароларга 471 миллион сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди, 10 нафар фуқарога банк кредити олишда кўмаклашилди, 17 нафар шахсга 170 миллион сўмлик асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидиялар ажратилди.

«Обод кўча», «Обод маҳалла» мезонларини жорий этиш йўналишидаги амалий ишлар натижасида маҳалла ҳудудидаги ички кўчаларнинг жами 15 км қисмига асфальт ётқизилди, 2,2 км қисми асфальт қопламаси билан жорий таъмирланди, 28 км ички тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизилди, 3 та қабристонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, 2 та ТП пунктлари янгидан ўрнатилиб, 14 та ТП капитал таъмирланди, 37 км СИП кабеллар тортилди, 3,1 км. узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, 730 та янги темир-бетон устунлари ўрнатилди, маҳалла ҳудудининг асосий кўчалари 84 та тунги ёритиш чироқлари билан таъминланди, аҳолига 78 та янги газ баллонлари етказиб берилди, 3 та газ тақсимлаш пунктлари ва 2,8 км газ тармоғи таъмирланди.

Маҳаллада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва қурилиш ишлари давомида ҳомийлик ва ҳашар йўли билан 7 та хонадан иборат замонавий маҳалла биноси барпо этилиб, «маҳалла еттилиги» фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Маҳалла биносининг ён қисмида жойлашган гузар биноси таъмирланиб, хотин-қизлар учун тикувчилик йўналиши ташкил этилди.

Шунингдек, маҳалладаги 4 та умумтаълим мактабларининг 1 тасида мукаммал таъмирлаш, 3 тасида жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

Бундан ташқари, Мелихўжа қишлоғида жойлашган 19-ДМТТ биноси ҳомийлик ҳисобидан қарий 4 миллиард сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланди.

Аҳолининг тиббий муҳофазасини кучайтириш, уларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида «Мелихўжа» маҳалласининг Гулобод кўчасида янги «Гулобод» оилавий шифокорлик пункти қурилиб, зарур замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Бугун мазкур янги объектларнинг барчаси фойдаланишга топширилди. Ислоҳотлардан мелихўжаликларда розилик кайфияти ҳукмрон.

— Қисқа фурсатда бизнинг «Мелихўжа» маҳалласидаги 5 та қишлоқнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Кўримсиз бўлиб турган кўчалар ва уйларга файз кирди, — дейди маҳалла фаоли Ғуломқодир Тўйчиев. — Ўз қишлоқларида бўлаётган шундай катта ўзгаришларни кўрган фуқароларимизнинг ҳаётга бўлган иштиёқи, давлатимизга бўлган ишончи ҳам ортди. Бугун ҳамманинг кўзида қувонч. Бу юртимиздаги ислоҳотларнинг самарасидан далолат.

Маҳаллада аҳоли айниқса, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 та янги «Workout» спорт майдончалари ташкил этилди, футбол майдони таъмирланиб, қарийб 2200 метр пиёдалар йўлаги барпо этилди.

Бундан ташқари, маҳаллада эркаклар сартарошхонаси, аёллар гўзаллик салони, 2 та тарансформаторларни қайта таъмирлаш цехи, 1 та трансформатор эҳтиёт қисмлари савдо бўлими, 5 та паррандачилик цехи, 2 та автобекат, 7 та озиқ-овқат маҳсулотлари дўкони, 1 та оталар чойхонаси, 1 та дорихона, 6 та бошқа турдаги савдо марказлари барпо этилиб фойдаланишга топширилди.

Хуллас, бугун «Мелихўжа» обод масканга айланди.

Teglar
- -