Муваффақиятли довон

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Мана, туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўчмас из қолдираётган яна бир йилимиз якунланиб бормоқда. Ўтиб бораётган 2018 йил туманимиз ҳаётида том маънода улкан бунёдкорлик ва иқтисодий силжишларга эришилган йил сифатида тарих саҳифаларига киради. Бу йилги эришилган муваффақиятлар замирида халқимизнинг мардовор меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ.

2018 йил "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да туманда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг барча соҳалари ҳажмлари кескин ўсди. Халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб бормоқда. Туманда жорий йилда кўплаб ижтимоий объектларнинг қад ростлаши, саноатнинг жадал суратлар билан кириб келаётганлиги, тадбиркорлик фаолиятининг янада авж олаётганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Йил давомида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватланиши, турли соҳаларда инвестицон дастурларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида туманда сезиларли инвестицон муҳит яратилди. 

Жумладан, туман инфратузилмасини яхшилаш соҳасида жорий йилда туманда 38,8 километр узунликда асфальт ётқизиш ишлари бажарилди, 39,5 километр ички йўллар таъмирланди. Ушбу ишларни бажаришга 12,7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу кўрсаткич ўтган йиллардагига нисбатан бир неча баробар кўп эканлигини алоҳида эътироф этиш зарур. "Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш" давлат унитар корхонасига йўл қурилишида фойдаланиладиган янги замонавий техникалар харид қилинди. Бунинг натижасида корхонанинг иш унумдорлиги ошди, иш сифати тубдан яхшиланди. Кўп йиллардан буён фаолият кўрсатмаётган 2 та асфальт заводи модернизация ва реконструкция қилиниб, фаолияти қайта тикланди. Туманда инерт материаллар ишлаб чиқарувчи завод қурилди.

Туманда саноатни ривожлантириш ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш мақсадида юқори кучланишли "Оқдарё" ним станциясидаги 6,3 мегаваттли трансформатор ўрнига 16 мегаваттли трансформатор ўрнатиш учун қиймати 12 млрд. сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Электр таъминоти тизимини яхшилаш бўйича жорий йил давомида 7,8 км паст кучланишли, 4,5 км юқори кучланиш ҳаво электр тармоқлари реконстукция қилинди, электр таянч устунларининг 186 тадан ортиғи алмаштирилди. 7 дона янги трансформаторлар ўрнатилди, 76 дона трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланди. Шунингдек 206 та тунги ёритиш чироқлари янги тежамкор лампаларга алмаштирилди.

Туманда газ таъминотини яхшилаш бўйича 2,5 км узунликдаги янги газ қувурлари тортилди, 10 дона янги газ тақсимлаш қутилари ўрнатилди. Қоракўлча қишлоғи тўлиқ газлаштирилди. 

Туман ҳокимлигининг ёрдамида "Сув оқова" ташкилоти фаолияти қайта йўлга қўйилди. Тизимга қарашли мавжуд ичимлик суви каналлари ва насослари таъмирланди. 5,6 км узунликдаги янги сув қувурлари ўтказилди. Бу тадбирлар натижасида маҳаллий аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби маълум миқдорда қондирилишига эришилди.

2018 йилда туманнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурларига асосан саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги йўналишларида жами қиймати 51 миллард 921 миллион сўм (шундан ўз маблағи 24 миллиард 741 миллион сўм, банк кредити 27 миллиард 180 миллион сўм) бўлган 158 та лойиҳалар амалга оширилиб, 790 та янги иш ўринлари яратилди. 

Ушбу дастурдан ташқари жами умумий қиймати 25 млрд. 237 млн. сўм (шундан ўз маблағи 19 млрд. 185 млн. сўм, банк кредити 6 млрд. 52 млн. сўм) бўлган  31 та лойиҳа амалга оширилиб, 700 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Туманимиз иқтисодий тузилмасида қишлоқ хўжалиги етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда фойдаланиладиган 25448 гектар ер майдонида пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полиз экинлари етиштириш, чорвачилик каби қатор ишлаб чиқариш йўналишларида самарали меҳнат қилинди.Жумладан, туманимиз фермер хўжаликлари томонидан бу йили 27379 тонна ғалла, 20963 тонна пахта етиштирилиб, давлат хирмонларига етказиб берилди. Деҳқончилик билан шуғулланиш учун табиат инжиқликлари сабаб ўта оғир келган жорий йилда ҳам деҳқонларимизнинг ҳар йилдагидан кўра кўпроқ меҳнат қилиб, ўз ишларига масъулият билан ёндашганлари ҳурматга лойиқдир. Туманда бошқа турдаги қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришда ҳам яхши натижаларга эришилди. Жорий йилда  8,6 млн.сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари четга экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан анча юқоридир. Пиллачилик, боғдорчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик соҳалари ҳам жадал ривожланиш йўлига кирмоқда. Туманда иссиқхоналар ташкил этиш ва унда сифатли маҳсулотлар етиштириш борасида катта силжишга эришилди. 

Жорий йилда умумий инвестиция қиймати 35,6 млрд. сўм бўлган ижтимий соҳа объектлари қурилиш ишларини амалга оширилди. Хусусан: соғлиқни сақлаш тизимида қиймати 5,7 млрд. сўмлик 3 та, Халқ таълими тизимида қиймати 10,6 млрд. сўмлик 7 та, мактабгача таълим тизимида қиймати 19,4 млрд. сўмлик 5 та, спорт-соғломлаштириш соҳасида 1,1 млрд. сўмлик 1 та объект қуриб битказилди.
 
Шунингдек, хусусий ва давлат шерикчилиги асосида умумий қиймати 25,5 млрд. сўм бўлган 17 та болалар боғчалари қурилиши ишлари якунига етмоқда. Бунинг натижасида 1000 нафардан кўпроқ мактабгача ёшдаги болажонларимиз келгуси йилда янги қуриб битказилган боғчаларда тарбиялана бошлайдилар. 

Жорий йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш-ободонлаштириш ишларига ажратилган 6,6 миллиард сўм маблағ ҳисобига туман марказий шифохонаси ҳудудида 3 қаватли янги бино қурилиб фойдаланишга топширилди, туман ҳокимлиги биноси атрофини ободонлаштирилиб кўкаламзорлаштирилди, туман марказидаги истироҳат боғи таъмирланди, боғ ҳудудида нурли мусиқий фавворалар қурилди, 30 км масофадаги ички йўллар таъмирдан чиқарилди, 22 км сув иншоотларини реконструкция қилинди, мавжуд 17 та кўп қаватли аҳоли турар жойлари инфраструктураси яхшиланди. 

Жорий йилда 4 та массивда умумий қиймати 21,5 млрд. сўмлик 122 та 2 сотихли 3 хонали арзон уй-жойлар, 2 та массивда умумий қиймати 16,1 млрд. сўмлик 16 та хонадондан иборат 2 қаватли 8 та уй-жойлар қурилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29-мартдаги  "Обод қишлоқ дастурини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича туманда Каттаминг ва Қоракўлча қишлоқларида "Обод қишлоқ" дастури рўёбга чиқарилди. Дастур доирасида умумий қиймати 14,5 млрд. сўмлик 9 та ижтимоий соҳа объектлари қуриб битказилди, умумий қиймати 2,9 млрд.сўмлик 12 та бозор инфратузулма объектлари фойдаланишга топширилди, 5,5 млрд. сўм эвазига 12,9 км асфальт ишлари бажарилди, 32,5 км тупроқ йўлларига тош-шағал ётқизилди, 4,9 км ичимлик суви тармоғи янгиланди, 2 та янги сув насослари қурилди. 4,3 км узунликдаги газ тармоқлари ва 26 та газ тарқатиш қутилари капитал таъмирланди. 371 дона суюлтирилган газ учун мўлжалланган маиший газ балонлари аҳолига тарқатилди. Маҳаллий аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини тўлақонли таъминлаш мақсадида 2 та янги трансформатор ўрнатилди. 7 та трансформатор пункти ва 7 км электр тармоқлари таъмирланди. 78 та темир-бетон таянчлар ўрнатилди ҳамда 122 та хонадонга янги электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Бундан ташқари, 935 та аҳоли уй-жойларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Туманда  табиий газ ва электр энергияси етказиб беришдаги узилишларга деярли барҳам берилди.

Жорий йилда туманга чет эл инвестицияларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг натижасида туманга 2018 йилда 368,5 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари жалб этилди. 

Ҳозирги пайтда туманда тўғридан-тўғри хорижий инвесторлар иштирокида йирик лойиҳаларни амалга ошириш жараёни бошлаб юборилган. Хитойнинг нуфузли "GANSU HTHGYA CEMENT Co LTD" компанияси ва Ўзбекистоннинг "Zamon injinirihg" корхо¬наси ҳамкорлигида "HENGYUAN CEMENT" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ҳамкорлигида туманимизда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона қурилишига тамал тоши қўйилди. Лойиҳа қиймати 420 млн. АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида йилига 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади ва 1200 нафар янги иш ўринлари яратилади.  

Туркия давлати инвесторлари билан ҳамкорликда инвестиция ҳажми 5,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тикув-трикотаж фабрикасининг қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Ушбу лойиҳа келгуси йилнинг 1-чорагида ишга туширилиши белгиланган бўлиб, 600 нафар янги иш ўринлари яратилади. Фабрикада ишлаб чиқариладиган маҳсулот тўлиқ экспортга йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, "Stoun holding group" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси ташкил этилиб, инвестиция қиймати 1,2 млн. долларлик мармарни қайта ишлаш заводи қурилмоқда. Ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида 300 та янги иш ўринлари яратилади.

Жорий йилда туман миқиёсида умумий лойиҳа қиймати 28 млрд. сўмлик 15 та кўмирда ишлайдиган энергия тежамкор ғишт заводлари қурилди. Ушбу заводларда 700 дан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш ўринларига эга бўлди.

Халқаро молия ташкилотлари томонидан туманимиздаги 11 та корхонага жами 3 млн.109 минг АҚШ доллари қийматида имтиёзли шартлар асосида кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида 7 та чорвачилик комплекси, 3 та замонавий иссиқхона, 2 та умумий қиймати 350 минг АҚШ доллари бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар ташкил этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида 150 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Жорий йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони янада ортди. Йил давомида 372 та юридик мақомга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. 1100 га яқин фуқароларимиз якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатига олиниб, ўз фаолиятларини бошладилар. Тадбиркорларимиз томонидан йил давомида барпо этилган кўплаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги янги объектларни алоҳида эътироф этиш зарур. Туманда тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида уларга ўз бизнесларини амалга оширишлари учун етарли миқдорда ер майдонлари ажратиб берилди, кўплаб бўш турган бинолар "ноль" қийматда тадбиркорлар ихтиёрига ўтказиб берилди. Пайшанба шаҳарчаси ҳудудидаги собиқ Марказий шифохона ўрнида кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. 

Жорий йилда эришилган ютуқлар билан бир қаторда ҳали ечимини кутаётган муаммоларимиз ҳам топилади. Кириб келаётган янги йилда заҳматкаш халқимиз бу йилги йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда туманимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида янада юқори кўрсаткичларга эришиш учун ҳалол ва шижоат билан меҳнат қиладилар деб ишонамиз.

Азиз юртдошлар! Барчангизга кириб келаётган янги 2019 йил муборак бўлсин. Янги йил хонадонингизга тинчлик, хотиржамлик, бошлаган хайрли ишларингизга қут-барака олиб келсин.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM