Уйингиз ноқонуний қурилганми? Унда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинг

2018 йил 20 апрелда Президентимизнинг "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги Фармони қабул қилинган эди.

Ушбу фармонда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш назарда тутилган бўлиб, мазкур акция 2019 йил 1 майга қадар давом этиши белгиланган. Фармонда ижроси юзасидан туманимизда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Хўш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга эгалик ҳуқуқини бериш тартиби қандай?

Фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман ҳокимининг номига белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилади. Мурожаат этувчининг паспорти нусхаси, оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари илова қилинади. Бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.

Фуқаролар томонидан тақдим этилган ёлғон маълумотлар ёхуд унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги аризани қабул қилишда рад этиш учун асос ҳисобланади. Тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Давлат хизматлари маркази ходими томонидан сканерланади ва бир соат мобайнида тизим орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман (шаҳар) филиалларига юборилади.

Мурожаатлар 11 иш кунида кўриб чиқилади ҳамда ариза натижаси аризачига телекоммуникация тармоқлари орқали хабар қилинади.

Фуқаролар ўртасидаги мулкий низоларни ҳал қилиш комиссия ваколатига кирмайди, бундай низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади. Бунда мулкий низолар ҳал қилингандан сўнг ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг эгаси бир марталик акция муддати тугагунга қадар ушбу Низомда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Комиссия томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин, деб топилганда комиссия ишчи органи далолатнома тасдиқланган куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига мурожаат этувчи бир марталик йиғимни тўлаши учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактурани тизим орқали юборади.

Давлат хизматлари маркази ҳисобварақ-фактура тушганидан сўнг бир соат мобайнида фуқарони бу ҳақда ахборот-коммуникация тизимлари орқали хабардор қилади ҳамда ҳисобварақ-фактурага ўзининг муҳрини босиб унга тақдим этади. Ҳисобварақ-фактура тушган кундан бошлаб 4 иш куни мобайнида ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган тўловни (энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдордаги бир марталик йиғим) амалга оширилади.
Бир марталик йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг ишчи комиссия  органи томонидан тайёрланган қарори лойиҳаси тақдим этилган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида қабул қилинади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳамда ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими қарорининг нусхаси у қабул қилинган кундан бошлаб, 1 иш куни мобайнида Комиссия ишчи органи томонидан Давлат хизматлари марказига тизим орқали юборилади. 

Давлат хизматлари маркази туман (шаҳар) ҳокимининг қарори нусхаси тушганидан сўнг бир соат мобайнида мурожаат этувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизимлари орқали хабардор қилади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимининг қарори нусхасига ўзининг муҳрини қўйиб, мурожаат этувчига тақдим этади.
Ушбу ҳужжат мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳамда ер участкасига умрбод эгалик қилиш учун белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Қуйидаги ҳолларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи берилмайди:
- аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда) зид равишда жойлашган иморатларга;
- магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек аэродромлар ҳамда чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашган иморатларга;
- қонун ҳужжатлари билан қурилиши тақиқланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳамда табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган иморатларга;
- ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.

Фуқаролар комиссия қароридан норози бўлган тақдирда, бир марталик акция муддати тугагунга қадар тегишлилиги бўйича юқори турувчи комиссияга ёхуд судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM