ҚАҲРАМОНЛАР ХАЛҚИМИЗ ҚАЛБИДА АБАДИЙ ЯШАЙДИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

                        “Яхши кексалар бўлмаган ерда ,яхши ёшлар ҳам  бўлмайди”     

                                                                                                                                                              Адигей мақоли                                            

Каттақўрғон тумани ва шаҳрининг  тарихини яхши биладиган инсонлар азалдан бу ҳудудда илм-фан, маориф, санъат тараққий этгани ва кўплаб салоҳиятли алломалар, давлат арбоблари, ижодкорлар етишиб чиққанини  алоҳида таъкидлашади. Ана шундай беназир устоз,эзгу амаллар ижодкори  бўлган каттақўрғонликлардан бири Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов эди.   

Ҳасан Норбекович  Нормуродовнинг ҳаёт йўли барчамиз учун ибратли десак муболаға бўлмайди. Нуфузи баланд СамДУ ни тамомлагач Каттақўрғон туман мактабларида ўқитувчилик,кейинчалик партия ва давлат ишида,халқ таълими,касаба уюшма тизимида турли масъул вазифалар, қарийб ўттиз йил вилоят миқёсида раҳбарлик лавзимларида ҳалол ва  фидокорона меҳнат қилиш ҳар қандай инсон учун ҳам катта бахт. Минглаб шогирдлар тайёрлаш, илм-фан, маданиятни ривожлантириш билан боғлиқ саноқсиз муаммоларни ҳал этиш, ижодкорларни руҳлантириш...айтаверсак, устознинг савобли ишларининг адоғи йўқ. Шу боис Ҳасан Нормуродовнинг халқ орасида ҳурмати бениҳоя  баланд эди. Бу ҳурмат отахоннинг вафотидан кейин янада юқори даражага кўтарилди. Катта-ю кичик унга ҳурмат-эҳтиромини бажо этишни  ўзининг бурчи деб биларди...

Устоз билан Самарқанд шаҳридаги вилоят “Нуроний” жамғармасида бўлиб ўтган сўнгги учрашувимиз кечагидай ёдимда. Янги асарим-“Сўфи Оллоҳёр” драмам учун маълумот, фактлар йиғиб юрганимни  эшитган эканлар, шекилли “Ижодий изланиш қандай бораяпти? Манбалар анча кўпайгандир?” деб сўраб қолдилар. Мен Сўфи Оллоҳёрнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ишонарли маълумотлар жуда кам экани, буюк шоиримизнинг таржимаи ҳоли яхши ўрганилмаганини эслатдим. Устоз фикримга қўшилган ҳолда “Афсуски,  Сўфи Оллоҳёрнинг бебаҳо адабий-маънавий мероси ҳам халқимизга,  қизиқувчан ўқувчиларга тўлиқ етиб боргани йўқ. Бу хатони бугунги адабиётшунос, тарихчи, маънавиятчилар албатта тўғрилашлари зарур” дея алоҳида таъкидлаб қўйдилар.

“Драмангиз Каттақўрғон театрида саҳналаштирилиши режалаштирилаётгани  ҳақида матбуотда ўқигач  ўзимда сақлаб келган буюк шоир ҳақидаги тўрт-беш  китобни кутубхонамдан топиб,ажратиб қўйган эдим.Улардан ижодий ишингизга фойдаланинг. Кейин бу китобларни мендан эсдалик сифатида асраб юринг. Абдулла Орипов айтганидай бизни ҳам  боғлаб қўйгани йўқ” Қадрдон устознинг  қўлларидан китобларни қабул қилар эканман беназир инсондан ўша дақиқаларда нақадар миннатдор эканимни сўз билан тасвирлай олмайман...

Каттақўрғон туманидаги 2-умумтаълим мактабида Ҳ.Нормуродовнинг хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир халқ таълими ходимлари, ўқувчи-ёшлар, туман нуронийларининг беназир устозга билдирган эҳтиромлари бўлди. Кечада қаҳрамон билан бир олийгоҳда ўқиган,туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбарининг ўринбосари  Қ. Ахмедов, журналист М.Эргашев, мактаб ўқитувчиларининг хотиралари , анжуманлар залини безаб турган  Ҳ.Нормуродовнинг ҳаётидан лавҳалар акс эттирилган  тарихий суратлар, ўқувчилар томонидан ижро  этилган махсус дастур, куй-қўшиқлар тадбирга файз киритди. Шундай чоғда буюк Навоий ҳазратларининг:

“Бу гулшан ичраки йўқтур баҳо гулига сабот,

 Ажаб саодат эрур қолса яхшилик била от.”

деган ўлмас сатрлари ҳар бир қалбда такрорланган бўлса ажабмас. Анжуман якунида мактаб маъмуриятининг “Йилнинг энг яхши ўқувчиси” деб топилган ўқувчига янги ўқув йилидан бошлаб Ҳасан Нормуродов номидаги мукофот (стипендия) топширилиши эълон қилинди.

                                                              Муҳаммадали ЭРГАШЕВ.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM