ТАЪЛИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЁШЛАРИМИЗНИНГ ИҚТИДОРИ ВА ЮКСАЛИШИ ОМИЛИДИР

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Туман халқ таълими бўлими мудири Собир Ибрагимович Минбоевнинг Каттақўрғон туман УСТОЗЛАР МИЛЛИЙ ФОРУМИдаги маърузаси қисқа матни

Ассалому алайкум ҳурматли форум иш­тирокчилари!

Сизларни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз  байрам - Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда Билимлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Барчамизга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, ташаббуслари билан мамлакатимизда халқ таълими тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёш авлодни тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва кадрлар тайёрлаш борасида миллий моделнинг яратилгани ва у мукаммал эканини амалда исботлаётгани бугун халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги "2022-2026 йилларда  халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони, шунингдек, "Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ана шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми, ҳуқуқий асоси, десак, муболаға бўлмайди.  Умумтаълим мактабларида 11-синфларнинг ташкил этилиши, битирувчилар учун олтин ва кумуш медаллар таъсис этилгани, жаҳон стандартлари талабига  жавоб берадиган Президент мактаблари, математика ва табиий фанларга ихтисослашган мактаблар очилиши, ўқитувчининг жамиятдаги обрў-эътибори, нуфузини янада ошириш, буларнинг барчаси - келажагимиз эгаси бўлган ёшларнинг камолоти йўлида амалга оширилаётганлигини халқимиз кўриб, тўғри англаб, қўллаб-қувватлаётгани бизни қувонтиради, албатта.
Фармонда ўқитувчиларга берилаётган кенг имкониятлар ва халқ таълими тизими ходимларининг моддий манфаатдорлигини ошириш бўйича янги имтиёз ва ғамхўрликлар,  таълим сифати ва самарадорлигини ошириш учун кенг кўламли ислоҳотлар белгиланган.
Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ таълими ходимларига фарзандлар таълим-тарбиясида ота-оналар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бориш тизимини кенгайтириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган топшириқлар ижросини таъминлашдек масъулиятли ва шарафли вазифаларни юклайди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти таълим сифати, адолат ва шаффофлик мезонлари асосида ягона мақсадга - таълим узлуксизлиги, изчиллиги, ижтимоий талаблардан келиб чиққан ҳолда таълим мазмунини янгилаш орқали комил инсонни вояга етказишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Қадрли форум иштирокчилари! Якунланган 2021-2022 ўқув йилида эришилган умумий кўрсаткичларга эътиборларингизни қаратмоқчиман:
Тумандаги жами 44271 ўринли   103 та умумтаълим мактабларида бугунги кунда 50748 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларга 3894 нафар, жумладан, 179 (4,6%) нафар олий тоифали, 533 (13,7%) нафар биринчи, 1253 (32,2%) нафар иккинчи, 1929 (49,5%) нафар мутахассис тоифасидаги педагоглар таълим-тарбия бериб келишмоқда. Ўтган ўқув йилида уларнинг сафига олий таълим муассасаларини битирган 85 нафар ёш ўқитувчи келиб қўшилди. Давр талабидан келиб чиққан ҳолда 2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатган ўрта махсус маълумотли педагоглардан 55 нафари олий ўқув муассасаларининг сирт­қи бўлимига ўқишга қабул қилинди. Ҳозирги кунда туманимизда сиртқи бўлимларда таҳсил олаётган педагоглар сони 265 нафардан ошди. Шунингдек, аттестацияга жалб этилган 501 нафар педагог кадрлардан 17 нафари олий, 76 нафари 1-тоифага, 187 нафари 2-тоифага эга бўлишди. Таъкидлаётганимиз қуруқ рақамларгина эмас, бу орқали умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифати  яхшиланиб, замон талаблари асосида ташкил этилаётганини кўриш мумкин.
Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари деярли барча мактабларда кўнгилдагидек олиб борилди, десак муболаға бўлмайди. Энг муҳими, олдинги давр­ларда шу соҳада йўл қўйилган хато-камчиликларга барҳам берилди.
Жорий йил инвестиция дастурига мувофиқ 44- ва 95-умумтаълим мактабларда жами 2 млрд. 842 млн. сўмлик қурилиш ишлари олиб борилиб, 240 ўринли қўшимча янги бинолар бунёд этилди.
"Обод қишлоқ" дастури асосида 71-мактабнинг 420 ўринли биноси мукаммал таъмирланди. "Очиқ бюджет" лойиҳаси орқали 6 та мактабда биноларни мукаммал таъмирлаш ва қўшимча бинолар қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, туман ҳокимлигининг кўмаги билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жорий таъмир учун 657 млн.сўм  ажратилиб, уларнинг ҳисобидан қўшимча қурилиш материаллари умумтаълим мактабларига етказилди.
Ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлаш  масаласи доимо долзарб бўлиб келган ва айни пайтда ҳам диққатимиз марказида бўлиб турибди.
Туман мактабларида 103 нафар кутубхоначи фаолият кўрсатмокда. Кутубхоналарда 139 минг нусха бадиий, шундан 12300 донаси методик китоблар мавжуд. 541 805 дона дарслик китоблар жамланиб, мактабларнинг дарсликлар билан таъминланиши айни пайт­да 99,8 %ни   ташкил этади. Ўтган ўқув йилида 5 минг нафардан зиёд биринчи синф ўқувчиларига 69095 дона дарслик ва ўқув қўлланма Президент совғаси ҳисобидан бепул етказилди.
Ҳурматли кенгаш қатнашчилари, азиз ҳам­касблар!
Энг муҳими, 2021-2022 ўқув йилида аъло баҳоси ва намунали хулқи билан туманимиз халқ таълими шуҳратини оширган, устозлари ишончини оқлаган ўқувчилар сафи янада кенгайганини фахр билан тилга олсак арзийди. Улар халқаро ва республика, вилоят ва туман миқёсида ўтказилаётган турли кўрик-танлов, билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ҳамда спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришдилар.
Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 2021 йилнинг 13-14 декабрь кунлари "Ўзбекистон ёшлар форуми-2021" ҳафталиги доирасида умумтаълим мактабларининг 9-,10-,11-синф­лар ўртасида инглиз тили, физика ва математика фанларидан ўтказилган фан олимпиадасида Каттақўрғон тумани ўқувчилари математика ва инглиз тили фанларидан ғолибликни қўлга киритишди. Булар:
Инглиз тили фанидан:
15-мактаб 9-синф ўқувчиси Турсунова Нодира Алишер қизи учинчи;
 51-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Давронова Диёра Зафар қизи биринчи ;
2-мактабнинг 11 синф ўқувчиси Рашидова Амина Ўктам қизи иккинчи ўрин.
Математика фанидан:
102-мактаб 9-синф ўқувчиси Хушвақтов Сухробжон Ҳасан ўғли иккинчи;
4-мактабнинг 10 синф ўқувчиси Раҳмонов Самариддин Камолиддин ўғли иккинчи;
48-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ботиров Муҳаммадали Жамил ўғли учинчи ўринни эгаллашди.
Жорий йилнинг 26 март куни математика, физика, кимё, биология фанларидан Ал-Хоразмий олимпиадасининг ҳудудий (вилоят) босқичида 15-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Озодов Камолиддин биология фанидан 2-ўринни, 17-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Аширбоев Шерзоджон 3-ўринни эгаллаб, олимпиаданинг Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди ва унда муносиб ўринларни эгаллашди.
Асосий фан олимпиадасида 9 нафар ўқувчимиз ғолибликни қўлга киритди. Булар:
9-синф бўйича:
она тили ва адабиёт фанидан 17-мактаб ўқувчиси Саидаҳмадова Зуҳра Пўлат қизи биринчи, география фанидан 42-мактаб ўқувчиси Қаршиев Шохрух Шуҳрат ўғли  2-ўринни қўлга киритган бўлса,
10-синф бўйича:
она тили ва адабиёт фанидан 57-мактаб ўқувчиси Боймуродова Мадина Толиб қизи биринчи, 17-мактаб ўқувчиси Шопўлатова Сарвиноз Шуҳрат қизи  2 -ўрин соҳиби бўлишди.
француз тили фанидан 48-мактаб ўқувчиси Ҳакимова Меҳрангиз Акмалжон қизи  2-ўринни қўлга киритди.
11-синф бўйича:
тарих фанидан 26-мактаб ўқувчиси Исмоилов Алишер Азамат ўғли 1-ўрин, она тили ва адабиёт фанидан 1-ИДУМ ўқувчиси Жаҳонгирова Севара Нағматилло қизи  2-ўрин, география фанидан 26-мактаб ўқувчиси Эшниёзов Шамшод Дилшод ўғли  3-ўрин, физика фанидан 64-мактаб ўқувчиси Омонов Муҳаммадамин Бегмамат ўғли 2-ўринга муносиб топилди.
Бундан ташқари, 4-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Раҳмонов Самариддин Камолиддин ўғли математика фанидан, 15-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Юсупова Зарина Шуҳратовна биология фанидан, 64-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Омонов Муҳаммадамин ва 1-ИДУМ ўқувчиси Пўлатов Умрзоқ физика фанидан халқаро фан олимпиадасининг саралаш босқичида иштирок этиб, Раҳмонов Самариддин Камолиддин ўғли кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Асосий фан олимпиадасининг Республика босқичида тумандаги 1-ИДУМнинг 11-синф ўқувчиси Жаҳонгирова Севара Нағматилло қизи она тили ва адабиёт фанидан 1-ўринни қўлга киритиб, 3 600 000 сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди. Жаҳонгирова Севара ўзи танлаган олий таълим муассасасининг фанлар блокидаги она тили ва адабиёт фани бўйича тест синовида максимал баллни олдиндан қўлга киритди.
Жорий йилнинг 24 июнь куни Самарқанд шаҳрида "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида ўтказилган фестиваль доирасида умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида "Вилоят ҳокими" олимпиадаси бўлиб ўтди.
Унда туманимиздаги:
4-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Раҳмонов Самариддин математика фанидан 1-ўрин, 51-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Давронов Дониёр 2-ўрин,17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Саидаҳмадова Зуҳра она тили ва адабиёт фанидан 3-ўрин, 57-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Боймуродова Мадина 2-ўрин, 57-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Жамолова Лазиза тарих фанидан 2-ўрин, 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ёрқулов Дилшод геграфия фанидан 2-ўринни эгалладилар.
Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ўтказилган "Бир миллион ўзбек дастурчилари" лойиҳаси асосида "IT-tanlov" кўрик танловининг вилоят босқичида 51-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Давронов Дониёр "Front end veb dasturchi" йўналишида фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Жорий ўқув йилида фидокорона меҳнати, изланиш ва ташаббуслари, ўқувчиларининг юқори кўрсаткичларга эришганлари, халқ таълимини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссалари учун   15-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Д.Низомова "Шуҳрат" медали, 35-мактаб директори Н.Қаюмова, 42-мактаб директор ўринбосари Х.Маматов, 64-мактаб физика фани ўқитувчиси М.Холмуродова, 45-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Л.Давронова, 57-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Р.Равшановлар "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони ҳамда 35-мактабнинг тасвирий санъат ўқитувчиси ў.Жўраев "Халқ таълими фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирлангани барчамизни беҳад қувонтирди. Фидойи устозларимизни ажойиб­ ютуқлари билан яна бир марта самимий қутлаб, келгуси ишларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Спорт соҳасида  ўқувчиларимиз томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар жорий ўқув йилида янада кўпайганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, 43-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Эргашева Шаҳноза шу йил 20-25 июнь кунлари Жиззах шаҳрида қизлар ўртасида ўтказилган бокс бўйича ­Ўз­бекистон чемпионатида 75 кг вазнда 1-ўринни,  25-28 июль кунлари Қозоғистон Республикаси Алмаота шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда 3-ўринни қўлга киритиб туманимиз, вилоятимиз, қолаверса, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди. Шунингдек, вилоятлар ўртасида бокс бўйича ўтказилган нуфузли мусобақада 4-мактаб ўқувчиси Шер­қулов Муҳаммад 66 кг. вазнда, 43-мактаб ўқувчиси Ҳайитов Норбек 42 кг вазнда, Эркинов Шоҳжаҳон 46 кг вазнда 1-ўринни қўлга киритганини ҳам фахр ва ифтихори билан қайд этамиз.
Ҳурматли кенгаш йиғилиши иштирокчилари! Доноларнинг ибораси билан айтганда, ютуқлар ўзимизники. Лекин амалга ошмай қолган режалар, иш жараёнида йўл қўйилган хато-камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳақида ҳам бугун атрофлича тўхталиб ўтишимиз шарт, деб ўйлайман. Ва шу борада сизнинг таклиф-мулоҳазаларингиз, фикрларингизни билишни истардик.
Туман халқ таълими бўлими, шунингдек, мактаблар фаолиятида якунланган ўқув йилида талай муаммо ва камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Ҳозирги кунда тумандаги барча таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари жадаллик билан олиб борилган бўлса-да, қатор умумтаълим мактабларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари охирига етказилмаган. Иссиқлик тизими ҳамда қозонхоналарни мавсумга тайёрлашда ҳам муаммолар мавжуд.  
Энг ачинарлиси, жами ўқитувчиларнинг атиги 2% олий тоифали ўқитувчилардир. Мутахассис кадрлар, жумладан, психологлар, чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик фани ўқитувчилари билан таъминланиши даражаси паст эканлиги, 22 та мактабда чет тили фани ўқитувчилари етишмаслиги бизни ташвишга солиб турибди.
Таълим муассасаларида ота-оналари, қариндошларига эргашиб ёки ўзбошимчалик билан чет элга чиқиб кетаётган ўқувчилар учраётгани бу ўта долзарб масалага етарлича эътибор қаратилмаётганини кўрсатади. Бу эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Фарзандларимиз ҳаётида ана шундай фожиа­лар содир бўлмаслиги учун мактаб, маҳалла, ота-оналар, ёшлар ташкилоти, нуронийларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини кучайтиришимиз шарт.
Тумандаги аксарият таълим муассасаларида ҳалигача ҳам  видео кузатув мосламалари ўрнатилмаган. Ачинарлиси, видео кузатув мосламалари ўрнатилган айрим таълим муассасаларида улардан фойдаланмасдан келинмоқда. Натижада мактабда ўтказилаётган ўқув-тарбиявий жараён, спорт ва маънавий-маърифий, бошқа тадбирлар веб саҳифасида ёритилмай қолмоқда.
Ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда ёшларни замонавий билим ва тажриба, миллий ва умумбашарий қадриятларга содиқлик руҳида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш устувор вазифалардан биридир. Умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этиладиган маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги 7 та индикатор ёрдамида баҳоланиб, ҳар 6 ойда рейтинг ишлаб чиқилади ва "қизил", "сариқ", "яшил" тоифаларга ажратилади. 2020-2021 ўқув йилида туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги "Яшил" тоифадаги мактаблар бор йўғи 7,8%ни ташкил этган бўлса, жорий ўқув йили якуни бўйича  90%ни ташкил этди.
2021-2022 йилда ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, мактабларда маънавий ва маърифий муҳитни яхшилаш мақсадида маҳалладаги Ёшлар етакчиси ва мактаб директори ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, умумтаълим мактабларида дарс машғулотлари тугагандан сўнг кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари ва тадбирлар зали доимий ишлаши таъминланиб, мактаблар маҳалла учун "Маънавият маскани"га айланди. Фарзанд тарбияси борасида ота-оналар, айниқса, оталар масъулиятини ошириш мақсадида ҳар чорак якуни билан "Оталар йиғилиши"ни ўтказиш тизими жорий қилинди.
Тумандаги 6 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган тарбияси оғир ўқувчиларга Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар бўлимларининг ходимлари, ҳарбий хизматчилар номма-ном бириктирилиб, профилактик тадбирлар амалга оширилди.
Ўқувчиларнинг қизиқишларига қараб мактабларда бахшичилик, мақом, эстрада, театр, рассомчилик, бадиий ҳаваскорлик йўналишларида 28 та тўгарак ташкил этилиб, уларга 657 нафар ўқувчи қамраб олинди.
Энг муҳими, муҳтарам Президентимизнинг 5 ташаббуси доирасида тумандаги мактабларда 1850 та тўгарак ташкил этилиб, уларга 38045 нафар (74,4 фоиз) ўқувчи жалб этилди. Беш ташаббус доирасида олиб борилган ишларимиз натижасида тумандаги 17- умумтаълим мактаби Республика миқёсида ўтказилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3 та йўналиши яъни "5 ташаббус китоб билан", "5 ташаббус - 5 имконият",   "Қизларжон", "5 ташаббус таътилда спорт билан" кўрик танловларида мутлақ  ғолибликни қўлга киритди. Шу мактабнинг 7-В синф ўқувчиси Шавкатова Мадина Республика миқёсида ўтказилган "Ўткир Ҳошимов билимдони" кўрик танловида ғолиб деб топилди. Шунингдек, якунланган ўқув йили давомида тумандаги 1-ИДУМ,1,4,35,43,51,77-мактаб ўқувчилари Республика ва вилоят миқёсида ташкил этилган бир қатор кўрик танловларда фахрли ўринларни эгаллаб, туманимиз шуҳратини оширишди.
2021 йилда 1-умумтаълим мактаби ўқувчилари "Йилнинг энг яхши китобхон мактаби" кўрик танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритди ҳамда 100 000 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Мактабнинг бу борадаги тажрибасини оммалаштириш зарур.
Жорий йилда 4-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Қурбонова Раъно "Йилнинг энг яхши кутубхоначиси" кўрик танловининг вилоят босқичида  1-ўринни қўлга киритди.
2022 йилда "Йилнинг энг фаол ёш халқ таълими ходими" кўрик танловининг вилоят босқичида 103-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Ўроқов Бунёд фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Ўйлаймизки, янги ўқув йилида уларнинг сафи янада кенгайиб, ютуқларимиз салмоғи ошиб боради.
Азиз дўстлар, ҳурматли ҳамкасблар!
Юртбошимиз яқинда халқ таълими соҳасида ислоҳотларни жадаллаштиришга бағишлаб ўтказилган виеоселектор йиғилишида соҳамиздаги энг қолоқ нуқталар ҳақида эслатиб, уларни бартараф этиш юзасидан  тегишли вазифаларни белгилаб берди. Бугунги мактабларнинг энг катта муаммоси бу - ўқитиш методикасининг эскирганлиги, замонавий таълим услубларини жорий қилиш бўйича ташаббуслар йўқлиги, олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларда таълим сифати қониқарсиз аҳволда эканлигини таъкидлади. "Агар  раҳбарлар, муаллимлар, Янги Ўзбекистонга муносиб ҳаракат қилса, фарзандларимизни давр талабига мос ўқитишимиз мумкин. Халқимиз бизга энг катта бойлигини - ўз зурриётини ишониб беряпти. Бу жуда катта масъулият. Шуни ҳис қилиб, ўзимизни қийнаб, мактабни ислоҳ қилсак, келажакка замин яратамиз" деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Туманимизда фидойи, жонкуяр, билимдон, ташаббускор ҳамда катта ҳаётий тажрибага эга ўқитувчилар, устозлар кўп. Уларга суяниб, тажрибалари ва малакаларидан самарали фойдалансак, ўқувчиларнинг салоҳияти ва билимини оширишга эътиборни кучайтирсак, баркамол авлод тарбиясида кўзлаган мақсадларимизга эришишимизга ишонаман.
Сўзимнинг якунида буюк мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомийнинг ажойиб сатрларини эслатиб ўтмоқчиман:
Устод муаллимсиз қолса гар замон,
Нодонликдан қора бўларди жаҳон.

Сизларни яна бир бор энг улуғ ва қутлуғ байрам - Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги ҳамда Билимлар куни билан чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, машаққатли, аммо шарафли, шу билан бирга катта масъулият талаб қиладиган ишларингизда муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу-баракот тилайман.

  •  
2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM