Лангар ота зиёратгоҳи туманимизда шундай гўзал гўшалар бор

 

Ўлкамизга фасллар келинчаги фасли баҳор келиб,борлиқ табиат яшил либосга,гул-чечакларга бурканди.Оқтоғ тизмаларидан ичкарига кирган сари ана шундай гўзал манзара кўз ўнгингизда намоён бўлади.

Ҳа, жаннатмакон юртимизнинг ҳар қаричи биз учун азиз ва  муқаддас.Ана шундай азиз ва  муқаддас жойлардан бири туманимиз марказидан 30-35 километр узоқликда жойлашган Лангар ота зиёратгоҳидир.Ёнбош қишлоғи юқорисида Оқтоғ ён бағрларининг баланд тоғ ва қоялар ичра Лангар ота  зиёратгоҳижойлашган Лангар ота зиёратгоҳига бориш учун қияликлардан,жарликлардан,сойлардан ўтиб,тор тош йўллардан ўтишга тўғри келади.Бу йўллардан фақат тажрибали ва эпчил ҳайдовчилар юра олади. Қиш совуғидан музлаган йўллардан юришдан,баҳорда сел тошқинларидан қўрқиб одамлар бу фаслларда зиёратгоҳга келишмайди. Лекин ёз ва куз бошларида бу ерга келувчи зиёратчиларнинг кети узилмайди.Оқтоғ дараси ўртасида жойлашган зиёратгоҳ атрофларида наъматак,зира, ҳазорсуван ва бошқа кўплаб доривор ўсимликлар ўсади.Минглаб булоқлардан пайдо бўлган сойда шарқираб оқаётган  сув табиатга,қишлоққа, инсонларга оби ҳаёт рисқ-насиба улашади. Қишлоқ  аҳолиси  асосан узумчилик, чорвачилик билан шуғулланади.

Лангар ота зиёратгоҳига киришда айланаси 15 метр, баландлиги 30 метр бўлган кекса тут дарахти бор. Шу ердан Лангар ота зиёратгоҳи бошланади. Бу ерда шохлари тарвақайлаб ерга ётиб қолган, кекса танасининг ярми қуриган  тол дарахтига кўзингиз тушади. Ҳамон ҳаёт учун курашиб яшаётган бу толнинг қолган қисми гуркираб ўсмоқда.Шунингде зиёратгоҳда кекса ва ёш тут ҳамда ёнғоқ дарахтлари кўп. Лангар ота  зиёратгоҳи баландлигида 50-60 сотих текис супа шаклидаги жой бўлиб, бу ерга тут ва ёнғоқ дарахлари соя солиб туради. Дарахтлар ораларидан жилғалар оқиб ўтиб,сойга қўшилади.Унинг ёнида қурилган каттагина бинонинг  ичи гиламлар,кўрпа-тўшак,идиш-товоқ,қозон-ўчоқларга тўла.Уларни бу ерга зиёратчилар олиб келишар экан. Лангар ота  қадамжосига келган зиёратчилар улардан бемалол фойдаланишади.Сал нарироқда масжид бўлиб,унда зиёратчилар намоз ўқишлари мумкин.

   Лангар ота зиёратгоҳидан оқиб ўтувчи сойда сузиб юрган балиқларни кўрасиз. Бундай балиқлар Ургут булоғи, Нурота булоғи ва Ғаллаоролдаги Саидваққос булқоқларида ҳам бор. Лекин, улар   бир жойда тўпланиб турадиган сувда яшайди. Лангар ота зиёратгоҳидаги сой эса шарқираб оқиб туради. Шундай бўлсада бу сойдаги балиқлар зиёратгоҳдан 500-600 метр узоқликкача бориб, яна қайтиб келади. Зиёратгоҳдан узоқда бундай илоҳий балиқларни кўрмайсиз. Бу илоҳий балиқларнинг ўз ватани-Лангар ота зиёратгоҳидан узоқлаб кетмаслигини кўриб, табиат мўжизаларига лол қоласан. Кексаларнинг айтишларича балиқлар бу ерни ҳеч қачон тарк этмас экан. Одамлар бу балиқларни ушламайди,емайди ва уларга зиён етказмайди.Шилдираб оқаётган сойнингн тубидаги қумларигача кўриниб турадиган зилол сувига,унда сузиб юрган балиқларга қараб,бу ернинг мусаффо ҳавосидан нафас олиб дилингиз яйрайди,кўзингиз қувонади,руҳингиз кўтарилади. Туманимизда шундай гўзал гўша борлигидан фахрланасан.

     Сизда “Лангар ота  ким?”- деган савол туғилиши мумкин. Ривоятларга қараганда 13-асрларда бу ерга тасаввуф илми  ва Нақшбандия тариқатибилимдони Хожа Маҳмуд Лангарий деган зот келади. Бу зот аҳолига энг қурғоқчилик даврларда ҳам деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил олиш сирларини ўргатади,ерларга  буғдой эктиради. Хожа Маҳмуд Лангарий ўгитларига қулоқ тутган бу ер аҳли деҳқончилик қилишиб,ердан доимо мўл ҳосил олишган экан.

Туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 26 апрелда ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Лекин, ҳар бир ҳоким ҳудудимда тарихий обидалар ёки манзарали жойлар кўп, деб хотиржамликка берилмаслиги керак. Меҳмонхона, музей, транспорт ва йўллар, сервис, овқатланиш жойлари келаётган туристларни қабул қилишга тайёрми? Бунинг учун қайси ҳоким тайёргарлик қилди?”, дея савол қўйди.Видеоселектор йиғилишида Президент туризм қишлоқлари учун қўшимча имтиёзларни эълон қилди. 1 июлдан бошлаб:- туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар 3 йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор йўғи 1 фоизини тўлайди; - оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ушбу қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов лагерлари ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади.

Туманимиз тадбиркорлари ҳам бундай имкониятдан кенг фойдаланиши зарур.Энг аввало Лангар ота зиёратгоҳига олиб борувчи йўлни созлаш керак. Йўллар яхшиланиб,микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилсасайёҳлар келиши кўпаяди. Қишлоқда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилса, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жойлаштириш имкониятига эга бўлинади.Туристлар учун қишлоқнинг табиий маҳсулотлари, миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиш, урф-одатларни намойиш этиш, агро-туризм йўналишида чорвачилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончиликнинг қадимий услублари билан танишишни йўлга қўйиш лозим. Бу ерда сайёҳларни пиёда, от ва бошқа уловларда сайр қилдириш, қишлоқнинг ўзига хос табиати билан таништириш имконияти бор.

 Зиёратгоҳда дўконлар,ошхоналар ташкил этилса, зиёратгоҳ дизайни ўзгартирилиб,ободончилик ишлари олиб борилса,жойларга скамейкалар қўйилса, тоғ туризми йўналишида гид экскурсовод фаолият юритса ва сайёҳларга бошқага қулайликлар яратилса мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек,қўшимча иш ўринлари яратилади.

Шуни унутмаслик керакки, ҳозирги кунда туризм соҳаси жаҳондаги энг сердаромад соҳалардан бири ҳисобланади.Чунки, туризм соҳасининг иқтисодиётдаги улуши тобора ортиб бормоқда.

Хулоса қилиб айтганда, тоғ ён-бағирларида бундай дам олиш масканларининг ташкил этилиши,албатта, сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади ва туман иқтисодиётига даромад олиб келади.

Эшпўлат САФАРОВ,

“Каттақўрғон:кеча ва бугун”газетаси мухбири.

2015-2022 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM