ЖАНГОҲЛАРДА  ҚОЛГАН ЁШЛИГИМ...

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

9  МАЙ - ХОТИРА  ВА ҚАДРЛАШ  КУНИ

  Мамлакатимизда  “9 Май - Хотира  ва  қадрлаш  куни “ умумхалқ  байрами сифатида кенг  нишонланиб  келинади. Байрамда Иккинчи  жаҳон  урушида ҳалок  бўлганлар жасорати  хотирланиб, бугун  сафларимизда  туриб  Ватан  обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-алоқий жиҳатдан  тарбиялашга ҳисса  қўшаётган  фахрийлар  эъзозланади. Фашизм  устидан қозонилган ғалабада ўзбек  халқининг ҳам  мардонавор  ва  салмоқли ҳиссаси бор. Иккинчи  жаҳон  урушининг оловли  жангоҳларидан омон  қайтганлардан бири Пайшанбалик Раҳмат бобо Қобиловдир. У киши  билан  учрашиб, уруш хотираларини сўзлаб беришини  сўрадик.

         -Менинг ёшлигим оғир даврга тўғри келди, - дея сўз  бошлади Раҳмат  бобо. - Жуда қийин даврларда яшадим. Шу сабаб мактабда ҳам дуруст ўқий олмадим, чунки очарчилик даври, бир парча нон топиш амри маҳол эди. 1943 йил январь ойида  ҳарбий хизматга чақиришди.   Ульяновск шаҳри атрофидаги ўрмонзорда уч ой тайёргарлик кўриб, урушни эса Воронеж шаҳри яқинидан бошладик. 2-Украина фронти 32-танк десантида аввал оддий солдат, кейин разведкачи бўлиб хизмат қилдим. Харьков шаҳрини озод қилишда қатнашдим. Полтава  шаҳрини озод қилишда ярадор бўлдим. Даволаниб яна қисмимга қайтдим ва жангни давом эттирдим. Днепр дарёсини жанг билан кечиб ўтдик. Кривойрог шаҳрида оғир ярадор бўлдим. Атрофимдагилар мениўлди деб ташлаб кетишибди. Шунда бир ўзбек йигити “Чиқмаган жондан умид деб  шифохонага олиб борибди. Шифохонада мени ювиб-тозалаб ўзимга келтиришганида, ўша ўзбек йигитининг мени таниб, “Бу Раҳмат-ку!”-дегани қулоғимга кирди. У ўзимизнинг Мўминхўжа қишлоғидан экан. Менинг ҳаётимни сақлаб қолди. Бўлмаса ўша ерда ўлиб кетардим. Даволаниб яна қисмимга қайтдим. Кировоград шаҳрида яна ярадор бўлдим, яна даволаниб қисмга келдим.  Шунда командирдан “Мени пиёдалар қисмига ўтказинг”, деб илтимос қилдим. У рози бўлгач, мен пиёдалар армиясида хизмат қила бошладим. Жанг билан Руминияни озод қилгач, бизни қисмимизни билан Польша давлати ҳудудига юбориб, 1-Украина фронти таркибига ўтказишди. Польша учун бўлган жангларда оёғимдан ярадор бўлдим. 1945 йил 5 январда  қисмимга қайтиб келдим. Жангдаги жасоратим учун мени 1-даражали Шуҳрат ордени билан мукофотлашди. Сўнгра Германия тупроғига ҳам жанг билан кириб бордик.  Германия ерида Одер дарёси бўйида бир қишлоқ устида  жуда қаттиқ жанг бўлди. Қишлоқ бир неча марта қўлдан-қўлга ўтиб турди. Қишлоқ фашистлардан бутунлай озод бўлгач, мени ҳам иккинчи даражали Шуҳрат  ва Қизил юлдуз орденлари билан мукофотлашди.

         Шундан кейин қисмимизни Чехословакияга ўтказиб юборишди. У ерда Прага шахрини озод қилишда қатнашдим. Қисмимизга Эльба дарёсига чиқиб кўприкни эгаллаш ва Америка армиясини  Прагага киришга  йўл қўймаслик вазифаси юклатилган экан. Бу воқеадаги хизматларимни ҳам юқори баҳолашди. Чехиянинг катта ордени билан тақдирлашди ва уни Чехия Президентининг шахсан ўзи кўкрагимга тақиб қўйди. Шу билан 1945 йилнинг охиригача Прагада қолиб кетдик. Кейин қисмимизни Австрия давлати ҳудудига ўтказишди.

         Урушни Прагада тугатиб, қолган вақтимизни 1945 йилда Чехословакияда, 1946 йилдан 1950 йилгача  Австрияда ўтказиб, у ерда тинчлик ўрнатишда иштирок этдик. 1950 йил 25 апрелда менга уйга қайтиш учун рухсат беришди ва хурсанд бўлиб уйга қайтиб келдим. Бугунги  бахтиёр  ёшларни  кўриб жангоҳларда  қолган ёшлигим эсга тушади ва уларга  тинчликни қадри улуғ, уни қадрига  етинг дейман, - дея ўзининг етти йиллик уруш саргузаштлари ҳақидаги ҳикоясини тугатди Раҳмат бобо.

         Урушдан кўп жароҳатлар олиб, тирик қайтган Раҳмат бобо аввалига устахонада, 1952 йилдан эса ўз колхозига келиб, электромонтёр бўлиб  35 йил беминнат, фидойи меҳнат қилиб нафақага чиқди. Ҳозирда 98 ёшни қаршилаган Раҳмат бобо фарзанд ва набиралари қуршовида  қарилик гаштини суриб, фаровон  ҳаёт кечирмоқда.

                                           Жаҳонгир САФАРОВ.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM