Туман ҳокимининг Наврўз байрами табриги
Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Қадрли, туманимиз аҳли!
Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли байрамимиз – Наврўз туфайли она-табиат янада чирой очмоқда.
Халқимиз азал-азалдан Наврўзни "Йилбоши" деб бежиз атамаган. Сабаби айнан шу байрам кириши билан дала-даштлар янги қиёфага киради, гўёки кўкламнинг майин шабадаси ҳар биримизнинг кўнглимизга ҳузур бағишлаши билан бирга бутун борлиқни уйғотиб, ғайрат-шижоат бахш этаётгандек.
Халқимиз асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни янада мустаҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган Наврўзни қут-барака ва тўкинчилик байрами сифатида нишонлаб келмоқда.
Бу йилги Наврўз тантаналари туманимизда ўзгача бир руҳда, янгиликларга бой тарзда ташкил этилмоқда. Наврўз байрами арафасида истироҳат боғларида, маҳалла марказларида, аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Минглаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди, қабристонлар атрофи ва йўлаклари тартибга келтирилди, ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр ва эътибор кўрсатилди.
Мойбулоқ аҳоли массивидаги кенг адирликларда бўлиб ўтган Наврўз сайли шодиёналари халқимизга катта қувонч ва хурсандчилик улашди, десак муболоға бўлмайди. Байрам тантаналарида миллий ва халқ ўйинлари мусобақаси, ҳунармандчилик кўргазмалари намойиш этилиб, барча ҳудудларда баҳор таомлари бўлган сумалак, ҳалим каби баҳорий таомлар тайёрланди. Наврўз сайлида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазмалари, спорт мусобақалари ташкил этилди ва унда туманимизнинг кўплаб фуқаролари иштирок этдилар. Бир сўз билан айтганда, Наврўз байрами тантаналари чин маънода халқ сайлига айланиб кетди.
Табиатнинг оламшумул ўзгаришларига ҳамоҳанг шаклда ҳаётимиз ҳам ўзгариб, тобора янгиланиб бормоқда. Янги қурилган уй-жойлар, равон ва текис кўчалар, таълим ва тиббиёт масканлари, обод қишлоқлар ва ишлаб чиқариш корхоналари туманимиз кўркига кўрк қўшиб, халқимиз турмушига фаровонлик олиб кириб, қалбларга завқ бағишламоқда.
Бугунги кунларда миришкор деҳқону фермерларимиз улкан ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошлаш арафасида туришибди. Биз уларга жорий йилимиз қутлуғ келишини, етиштириладиган ҳосиллари мўл бўлишини тилаб қоламиз.
Туманимиз аҳлига шарқона янги йилимиз бахт ва шодлик, қувонч ва хурсандчилик олиб келишини тилаймиз.
Сиз, азизларни Наврўзи айём билан чин юракдан муборакбод этаман. Байрам шукуҳи кезиб юрган ушбу нурли лаҳзаларда барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қилаётган эзгу ишларингизга файзу барокат тилайман.
Наврўз – кириб келаётган йил боши илоҳим юртимизга қут-барака, халқимизга тинчлик, хотиржамлик ва фаровон ҳаёт олиб келсин. Ҳар бир хонадон бахт ва қувонч қўрғонига айлансин!
Аъзамхон Бахрамов,
Каттақўрғон туман ҳокими.