Карантинда меҳнат муносабатлари қандай белгиланади?

Пандемия ва карантин вақтида иш берувчи ва ходимлар томонидан энг кўп берилаётган 10 та саволга касаба уюшмасидан жавоб:

 

Савол: Ходимларни масофавий ишлашга ўтказиш қандай низом асосида амалга оширилади?

Жавоб: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келишилган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлининг “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланган ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3228, 28.03.2020 й).

Мазкур низомда, карантин даврида иш берувчининг ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиши талаблари белгиланган.

 

Савол: Қандай тоифадаги ходимлар вақтинча масофавий ишлаш тартибига ўтишда имтиёзга эга?

Жавоб: Биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар масофавий ишлаш тартибига ўтказилиши лозим. Улардан кейин бошқа ходимларга ҳам шундай ишлаш тартиби қўлланилиши мумкин. 

 

Савол: Масофадан ишлаш деганда ўзи нимани тушунамиз?

Жавоб: Бунда ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан, доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.

 

Савол: Масофавий ишлаш учун иш берувчи алоҳида буйруқ чиқариши шартми?

Жавоб: Албатта, ходимни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг муддати кўрсатилган буйруғи билаш расмийлаштирилиши лозим. Бундай буйруқ чиқариш учун эса меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади.

 

Савол: Ходим масофадан ишласа, унга ҳақ тўлаш масаласи қандай бўлади?

Жавоб: Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баровар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

 

Савол: Ходимнинг масофавий ишда ишлагани меҳнат таътилига чиқишига таъсир қиладими?

Жавоб: Йўқ, таъсир этмайди. Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг таътил жадвалига мувофиқ меҳнат таътилига чиқиши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиши ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.

 

Савол: Карантин пайтида ишга бормаса бўладими?

Жавоб: Йўқ, бу ишга бормаслик учун асос бўлмайди. Фақатгина сиз ишлайдиган ташкилот карантинга ёпилган бўлса, ишга бормаслигингиз мумкин.

 

Савол: Масофавий ишга ўтаётганда меҳнат шартлари қандай белгиланади?

Жавоб: Масофавий ишлар тартиби жорий этилганда иш берувчи ва ходим ўртасида илгари тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартириш киритилади. Меҳнат шартномасида масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олинади. Бу ўзгартиришда меҳнатнинг шартлари билан бирга қуйидагилар ҳам кўрсатилади:

— электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқа тартиби;

— ходимга иш учун зарур бўлган жихозлар, техника воситаларидан фойдаланиш тартиби;

— ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш. Интернет тармоғидан фойдаланиш;

— ходимга иш берувчи томонидан берилган жихозлар бузилганда зарарни қоплаш бўйича шартлар;

— ходим шахсий жихоз, техника воситаларидан, Интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш тартиби;

— ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;

  • ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда, ходимни доимий ишга ўтказиш шартлари.

 

Савол: Карантин пайтида маош қисқарадими?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 156-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қайси тартибда ўрнатилган бўлса, уша тартибда ўзгартирилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг якка шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга унинг розилигисиз йўл қўйилмайди. 

Истисно тариқасида бундай ўзгартиришга:

— технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар юз берган тақдирда, башарти, меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса;

  • қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қуйилиши мумкин.

Бўлажак ўзгартириш ҳақида ходим камида икки ой олдин огоҳлантирилиши лозим.

 

Савол: Карантинга олинган ходимга бериладиган нафақа миқдори қанча?

Жавоб: Коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган, деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

 

Усмон КАРИМОВ,

вилоят касаба уюшмалари

ташкилотлари бирлашмаси кенгаши

бўлим мудири

2015-2020 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM