ОРАМИЗДАГИ ОДАМЛАР

Бундан бир неча кун олдин, юртимизда қиш ўз ҳукмини ўтказаётган шу дамларда, кундуз соат икки яримларда Жумабой маҳалласи Жумабой кишлоғида яшовчи 7 ёшли Қиличбек Бахриддинов укаси, 3 ёшли Нишонбек билан ўйнаб келиш мақсадида уйидан 750 метрча узоқликдан оқиб ўтадиган "Зах завур" ариғи ёнига боришади. Завур қирғоғи қировнинг эриши туфайли сирпанчиқ бўлиб қолгани боис, Қиличбекнинг укаси Нишонбек сирғаниб, зовурда оқаётган оқова сувга тушиб кетади ва сувда оқа бошлайди. Нишонбекни сувга тушиб кетганидан қўрқиб кетган акаси нима қиларини билмай уйига томон югуради. Шу кетишда завурдан тахминан 500 метрча узоклиқда бир юмуш билан шу ёқларда юрган Жумабой маҳалласи Паст қишлоғида яшовчи Жўрабек Зиёдовга дуч келади. Жўрабек Қиличбекнинг чала-чулпуқ гапларидан ҳолатни тезда тушуниб етади ва болани қутқариш учун завур томонга югуради. Завур ёқалаб бир чақиримдан ортиқроқ югуриб бораётиб, сув устида қимирламай оқиб кетаётган болани кўради ва устидаги тўнини ечади. Қолган уст-боши билан ўзини сувга ташлаб, болани сувдан олиб чиқади. Лекин, бола ҳушсиз ва нафас олмас эди. Жўрабек боланинг нафас олиши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилади: Нишонбекнинг тилини тортади, сунъий ҳаво беради, боланинг кўкрак қисмини кетма-кет босиб,  оёғини осмонга кўтаради. Шу йўл билан уни ҳаётга қайтаришга ҳаракат қилади. Оллоҳга шукурлар бўлсинки, бу кўрсатилган ёрдамдан сўнг бола бир сесканиб, чуқур нафас олади ва ҳаётга қайтади. 
Жўрабек боланинг ҳўл бўлган уст-бошларини ечиб ташлайди, уни ўзининг тўнига ўраб, болани кўтарганча қишлоқ томон юра бошлайди. Завурдан 700 метрлар тепага қараб юргандан сўнг ёрдамга бошқа одамлар ҳам етиб келишади. Тез ёрдам чақирилади. 
Ҳикоямиз қахрамони Жўрабек Зиёдов шунда ҳам болани қўлидан қўймай тиббий тез ёрдам машинасида шифохонага ҳам бирга боради. Шифокорларнинг тегишли муолижаларидан кейин анча фурсат ўтиб Нишонбек ўзига келади ва унинг юзига кулгу югурганини кўргандан кейингина Жўрабек уст-боши жиққа намлигини, ўзи ҳам совуқ қотаётганини сезади. 
Ҳозирда Нишонбекнинг соғлиги жойида. Қахрамонимиз Жўрабек Зиёдов эса ўз юмушлари билан банд. Жўрабекнинг бу одамийлиги ва қаҳрамонлигидан болакайнинг ота-онаси, қолаверса барча Жумабой маҳалласида истиқомат қилиб келаётган ёшу қари бирдек миннатдор. Баракалла Жўрабек!

 

Фарҳод Қаршиев,
Жумабой МФЙ раиси.

2015-2020 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM