ТАБРИК СЎЗИ

Ассалому-алайкум қадрли аскарлар, сержантлар ва офицерлар! Ҳурматли дўстлар!
Бугунги тадбиримиз мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ўтказилмоқда.
Сиз азиз ҳарбийларни ҳамда бутун туманимиз аҳлини мана шу улуғ байрам билан чин қалбимдан самимий табриклашга рухсат бергайсизлар.
Азиз дўстлар!
Биз биламизки азал-азалдан ҳарбийлик  касби машаққатли, шу билан бирга шарафли касб сифатида саналиб келинган. Машаққати шундаки, ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталиги учун барча масъулият ҳарбийларимиз зиммасига тушади. Улар кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, қаҳратон совуққа ҳам, жазирама иссиққа ҳам бардош бериб ватанимиз тинчлигини, унинг сарҳадларини қўриқлаб келишмоқда.
Бугун биз, миллий армиямиз ҳарбий ватанпарварлик, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий саноат соҳасида дунёдаги энг яхши тажрибаларни қўллаган ҳолда, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди, деб ғурур билан айта оламиз. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таянчи ва суянчи бўлган замонавий ҳарбий хизматчилар тимсолида биз авваламбор чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятга, ўз муқаддас ҳарбий бурчини бажариш йўлида қатъий ирода ва мустаҳкам тайёргарликка эга бўлган, она юртимизга садоқатли, мард ва фидойи инсонларни кўрамиз ҳамда улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. 
Мустаыиллик йилларида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш бўйича ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди.
Ватан ҳимоячилари кунини кўтаринки ва таъсирчан руҳда, ҳақиқий халқ байрами сифатида, янгича шаклда ташкил этиш мақсадида  Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёрлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида ”ги фармойиши қабул қилинди.
Туманда ушбу фармойишнинг ижросини таъминлаш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, ҳарбийлар билан учрашувлар, спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Азиз тадбир қатнашчилари!
Ватанни ҳимоя қилишдек мураккаб, айни пайтда дунёдаги энг олижаноб ва масъулиятли бурчни шараф билан адо этиб келаётган инсонлар  кўплаб топилади.
Худди шундай, илиқ фикрларни мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада юксалтириш, ёшларни миллий ғоя ва она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, Ватан ҳимоясига муносиб ёшларни тайёрлаш борасида ҳормай-толмай иш олиб бораётган Мудофаа ишлари бўлими ходимлари тўғрисида ҳам айтишимиз мумкин.
Мана шу қутлуғ байрам кунида Сизларнинг барчаларингизга  ўзимнинг улкан миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Азиз дўстлар, мард ва жасур ҳарбийларимиз ҳамда тантанамиз қатнашчилари!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Эътиборларингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM