ҚУРИЛИШЛАР САМАРҚАНД ШАҲРИНИНГ ТАРИХИЙ-МЕЪМОРИЙ КЎРИНИШИГА СОЯ СОЛМАСЛИГИ ЗАРУР

Вилоят ҳокимлигида Самарқанд шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларда уй-жой фондини бошқариш, сақлаш ва таъмирлашни таъминлаш ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Муҳокамада шаҳардаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар аҳолининг бугунги талабига жавоб бермаслиги, шаҳарнинг тарихий обидалари жойлашган қисмида уй-жойларни қуришда ҳануз ўзбошимчалик қилинаётганлиги хусусида танқидий фикрлар билдирилди.

Шаҳримизнинг қадимий гўзаллигини, шакл-шамойилини сақлаб қолиш борасида, унинг чиройига кўланка солаётган, қурилиш-архитектура талабларини бузаётган ҳолатлар ҳали ҳам кузатилаётганлиги мутасаддиларга кўрсатиб ўтилди.

Айрим ҳамшаҳарларимизнинг бино ва иншоотларини шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда, 2-3 қават қилиб қураётганлиги қадимий обидаларга зарар етказаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Муҳокамада кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилди. Шаҳарнинг қурилиш ва архитектура соҳаси учун мутахассисларни танлашда, уларни жой-жойига қўйишда бўшлиқлар мавжудлиги, мутахассисларда инновацион ёндашув етишмаётганлиги, ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси ўта пастлиги билдириб ўтилди.

Муҳокама якунида мутасадди раҳбарларга зарурий кўрсатмалар берилиб, юклатилган вазифалар ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM