Кимга фойда беҳуда ёлғон ва оламга ғавғо солишдан...

Бугун ижтимоий тармоқлардан бирида “Мактаблар пахта теримига мажбурланмоқда”, деган мақола орқали гўёки Каттақўрғон туманида мактаб ўқитувчилари пахта теримига мажбуран жалб қилинаётгани муносабати билан “уларга ёрдам беринг” деган мазмунда “хитоб” пайдо бўлди.  
Аслини олганда, Каттақўрғон туманида мактаб ўқитувчиларини пахта теримига мажбуран жалб қилиш деган нарсанинг ўзи йўқ. Бу бариси мақола муаллифи томонидан ўйлаб топилган бўҳтондан бошқа нарса эмас. Қолаверса, ўзининг кимлигини, воқеанинг қаерда бўлаётганини, шикоят қилган ўқитувчиларнинг исми-шарифини ошкор қилишга ботинолмаган “шоввоз”нинг қўлида ўнлаб суратлар борлиги билан таҳдид қилаётганининг ўзи кулгилидир.   
Ижтимоий тармоқдаги суратга қараб, шунча узоқ масофадан туриб пахта даласидаги инсонларнинг ўқитувчи эканини муаллиф қандай аниқладийкан, деган ҳақли савол туғилади. Қизиқ, бугунги кунда қайси мактабда дарслар қўшиб ўтилмоқда? Исботи борми? 
          Шу ўринда ушбу масала бўйича туман халқ таълими бўлими мудирининг изоҳини келтирамиз: Каттақўрғон тумандаги барча умумтаълим мактабларида жорий йилнинг 11 ноябр кунидан эътиборан ўқув йилининг 2-чораги бошланди ва ҳозирда мактабларда барча дарс машғулотлари тўлиқ олиб борилмоқда. Таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган барча ўқитувчилар ўзларига беркитилган фанлар бўйича аниқ жадвал асосида дарс ва тўгарак машғулотлари билан банд. Ўқувчиларнинг таътил кунлари ва бошқа кунларда, жумладан ҳозирги кунда ҳам таълим муассасаларидаги ўқитувчилар умуман пахта теримига мажбуран жалб қилинмаган.                          
     Ўқитувчиларнинг ишдан бўш вақтлари ва дам олиш кунлари нима иш қилишлари ва нима билан шуғулланишлари уларнинг ўз ихтиёрларида. Ўқитувчиларнинг ишдан бўш вақтлари ҳамда дам олиш кунларини назорат қилиш туман халқ таълими бўлимининг ваколатига кирмайди. 
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати шуни маълум қиладики, туман ҳокимлиги билдирилаётган важларни муаллифлар билан биргаликда бевосита ўрганиб чиқишга доимо тайёр. 
Тармоқларда берилаётган мақола, пост муаллифларидан эса ҳар бир ҳолатни обдон ўрганиб, кейин мақола ёхуд пост нашр этишлари мақсадга мувофиқлигини эслатиб ўтган бўлар эдик. 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM