САЙЛОВ КОДЕКСИ — ХОЛИСЛИК ВА ҲАҚҚОНИЙЛИК ИФОДАСИ

Ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бу — эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлиги ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар бевосита давлат ва жамият бошқарувида иштирок этади. Шу боис, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқлари сирасига киради.

Ушбу умумэътироф этилган асосларга таянган ҳолда мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларидан иборат бўлса-да, афсуски, ҳануз яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.

Мазкур белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Унинг лойиҳасини тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги тўлиқ хатловдан ўтказилди. Мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш бўйича тўпланган амалиёт умумлаштирилди. 50 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг бой тажрибаси ўрганилди, уларнинг ижобий ютуқлари асосида самарали, халқчил нормаларни ишлаб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. У жами 5 турдаги муҳокама ва экспертизадан ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди, фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик экспертизаси, илмий экспертиза, амалиётчи мутахассислар, яъни сайлов комиссиялари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари экспертлари ўртасидаги қизғин муҳокамалардан ўтди. Уларнинг якунига кўра 400 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.

  Ушбу кодекс тарқоқ ҳолдаги 5 та қонун («Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида мужассам этди ва ушбу кодекси қабул қилингунга қадар мавжуд бўлган 26 та ҳужжат; хусусан, Ўзбекистон Президенти сайлови, Олий Мажлисга сайлов, Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги қонунлар ўз кучини йўқотди.

Мамлакатимизнинг барча халқаро стандартларни ўзида акс эттирган Сайлов кодекси икки қисм, 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди: Хусусан Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш тартиби бекор қилинди. Бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлик (150 нафар) ўринлари сақлаб қолинди. Сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланди, ягона ҳужжат – сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» бекор қилиниб, муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда фойдаланиш имкони яратилди. Шунингдек, сайловларни ташкиллаштириш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби жорий этилиб, сайловчига сиёсий партиялар томонидан имзолар тўплаш жараёнида бир неча номзодлар ёки партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш имкони берилди.

Сайлов кодекси орқали ушбу қоидаларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани демократик руҳда ўтадиган сайлов жараёнларида холислик ва қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Равшан НУРМАТОВ,

туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM