Уй ҳайвонларига паспорт расмийлаштириш мажбурийми?

Шу йилнинг 26 август куни "Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги низом"ни тасдиқлаш ҳақидаги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгач, бу интернет нашрларида тарқалди ва ижтимоий тармоқларда шов-шув келтириб чиқарди. Ветеринария паспорти тўғрисида аҳолида туғилган турли тушунмовчиликлар ҳамда янги тартибнинг қатор муҳим жиҳатларига аниқлик киритиш мақсадида туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Абдимўмин ПАЙЗИЕВга мурожаат қилдик.
- Ветеринария паспорти нима?
- Ветеринария паспорти -идентификация қилинган ҳайвонларга расмийлаштирилган, ҳайвон эгасини белгиловчи, ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат. Аслида ҳайвонларга биркалаш, тамғалаш, жетонлаш ва чип ўрнатиш орқали индивидуал рақам бериш ва ветеринария паспорти расмийлаштириш тартиби икки йил олдин - 2017 йил 22 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига асосан жорий қилинган. Унда сақланаётган (боқилаётган) ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилиши алоҳида таъкидлаб ўтилган (қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин).
- Уй ҳайвонларига паспорт расмийлаштиришнинг қандай афзалликлари мавжуд?
- Идентификация қилинган ҳайвонларни ягона электрон маълумотлар базасига киритиш фақат қулайликлар туғдириб, бир қанча муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Аввало, ҳар бир уй ҳайвонини назоратга олиш, унинг саломатлигини назорат қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Бундан буёғига ҳар бир ҳайвон тури туғилганидан кейин белгиланган муддатда идентификация қилиниб, рўйхатга олинади, унинг қандай касалликларга чалингани, қачон эмлангани қайд этиб борилади. Келажакда савдо дўконларидан гўшт маҳсулотлари харид қилаётганда уларнинг "тарихи"дан ҳам бохабар бўламиз.
- Идентификация қилиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?
- Ҳайвон эгалари ҳайвон туғилгандан маълум муддат ўтгач доимий яшаш жойидаги ветеринария хизмати вакилига мурожаат қилиши лозим. Ветеринария хизмати ходими ариза келиб тушгандан сўнг 3 кун ичида жойига бориб ҳайвонларни идентификация қилади. Низомда белгиланган тўлов шунинг учун ундирилади. Қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан 14 кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар 4 ойлигидан, чўчқа болалари 1 ойлигидан, ит ва мушуклар 3 ойлигидан ҳисобга олинади. Ҳайвонлар эгаси алмашганда, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчирилганда доимий яшаш жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига 7 кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйиш учун мурожаат қилади. Бунда ҳайвон янгидан идентификация қилинмайди ёки янги паспорт берилмайди. Эски паспортига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Давлат ветеринария хизмати вакилига ҳайвон эгалари ҳайвон сотилгани ёки ҳадя қилинганини ветеринария паспортида тасдиқлатишга мажбурдир, бунда ҳайвон эгалари ўзларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини ҳам тақдим этади.
- Идентификация қилиш мажбурийми?
- Қорамоллар, қўй ва эчкилар, чўчқалар, отлар, эшаклар ва туялар, итлар ва мушукларни идентификация қилиш шарт. Ушбу шартни бажармаслик ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш ҳисобланади ҳамда тегишли жавобгарликка олиб келади.
- Нобуд бўлган ёки сўйилган ҳайвонларнинг паспорти ветеринария вакилига қайтариб бериладими?
- Ҳайвон эгалари ҳайвон сўйилганда (нобуд бўлганда, йўқ қилинганда) ҳайвоннинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортини (электрон идентификациялашда фақат ветеринария паспортини) 7 кун муддатда доимий яшаш манзили бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига ҳисобдан чиқариш учун тақдим қилади. Сўйилган ҳайвонларга ихтисослашган сўйиш корхонасининг ветеринария врачи томонидан ҳайвон эгасига берилган "Ҳайвон сўйилганлиги тўғрисида" маълумотнома ҳам тақдим этилади. Сўйиш мақсадида импорт қилинган ҳайвонлар идентификация қилинмайди. Ушбу ҳайвонлар келтирилган вақтдан бошлаб етти календарь кунида сўйилиши шарт.
Ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлари учун тўлов ундириладими?
- Ҳа, аммо кўп миқдорда эмас. Идентификация қилиш шартномага асосан амалга оширилади ва қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:
- ҳар бир қорамол, от, эшак ва туялар учун 4 минг 460 сўм;
- ҳар бир қўй, эчки ва чўчқалар учун 3 минг 345 сўм;
- ҳар бир ит ва мушуклар учун 2 минг 230 сўм.
Идентификация учун тўлов туман (шаҳар) ветеринария бўлимлари ҳисобварағига, нақд пул ва нақд пулсиз шаклда бажарилади. Ветеринария паспорти йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда унинг дубликати бепул берилади.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM