"ДНК" текшируви опа-укани бир-биридан ажратди

Оила аталмиш катта мактаб остонасига қадам қўяётган фарзандларимизнинг оқ-қорани таниб, бу муқаддас қўрғоннинг юкини елкага олишга қодир бўлгандагина бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада катталарнинг, ота-оналарнинг сергак ва масъулиятни доим ҳис қилиши қўрғоннинг эрта дарз кетишининг олдини олади.
Афсуски, ҳаётимизда шундай воқеалар ҳам содир бўлиб турибди-ки, эшитган қулоқ оғринади, кишининг кўнгли хира тортади. Сизу бизга ибрат бўлиши учун қуйидаги воқеликни келтириб ўтишни лозим топдим.
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўр­ғон туманлараро судига Эъзоза Каримова (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган)дан мурожаат келиб тушди. Ундан маълум бўлишича, Эъзозанинг ота-онаси 2017 йилда аммасининг ўғли Мансур Назаровга унаштириб қўйишади. Ҳали оиланинг нима эканлиги, унинг мажбурияти қандай, шаъни, қадр-қиммати ҳақида мутлақо тушунчага эга бўлмаган ёшлар унаштирилгач тез-тез учрашиб туришади. Бу учрашувлар туфайли бўлғуси эр-хотиннинг муносабатлари тобора "қуюқлашиб", Эъзоза Мансурдан ҳомиладор бўлиб қолади. Вақт ўтиб бундан хабар топган Мансур Эъзоза билан ҳеч қачон бирга бўлмагани, унга "қўлини учини ҳам теккизмаганини" рўкач қилиб, боласидан тонади.
Қариндошлар ўртасида келишмовчиликлар авж олди. Бу суд жараёнигача давом этди. Эъзоза никоҳсиз, тўй маросимларсиз қонуний отаси ҳали маълум бўлмаган ўғил фарзандни дунёга келтирди. Мансур ўз фарзандини ҳали-ҳамон тан олмасдан келарди. Суд қарори билан норасида гўдак тегишли равишда тиббий экспертизадан ўтказиладиган бўлди. "ДНК" боланинг отасини аниқлаб берди: у Мансур Назаров бўлиб чиқди. Адолат қарор топди, отадан алимент пули ҳам ундириладиган бўлди. Бироқ... 
Катталарнинг лоқайдлиги сабаб ушбу ҳодиса туфайли бир қанча муаммолар юзага келди. Биринчи навбатда, қудалар - бир қориндан талашиб тушган опа-укалар бир умрга юз кўришмас бўлди, оила қурилмасдан барбод бўлди, эл ичида уларнинг номи қора бўлди.
Мана, кўряпсизми, оддийгина бўлғуси келин-куёвларнинг тўйдан олдинги учрашувларига бепарволик, оила остонасига қадам қўяётган ёшларнинг ҳали бунга тайёр эмаслигининг оқибатида қанча фожеа юзага келяпти. Бу, ўз навбатида, сизу биз, барчамизнинг маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғлом бўлиши учун курашишимиз лозимлигини англатади. Бу каби иллатларнинг авж олиши вирус каби бошқаларга юқишидан аввал бирдамлик билан унинг олдини олишимиз лозим.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM