Каттақўрғон туман ҳокими Бахрамов Аъзамхон Усмоновичнинг. ҚУРБОН ҲАЙИТИ БАЙРАМИ ТАБРИГИ

Ассаломуалайкум, муҳтарам юртдошлар, азиз каттақўрғонликлар!
Ҳурмат ва эҳтиромга муносиб нуроний отахонлар!
Аввало, барчангизни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этаман.Шу улуғ айём кунларида туманимиз аҳлини  катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринкилик билан нишонланадиган муборак Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, сизларга тинчлик, омонлик ва фаровонлик тилашдан беҳад мамнунман.
Қурбон ҳайитинидунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори туманимиз мўмин-мусулмонлари ўзгача қувонч, алоҳида шодлик билан нишонлайдилар. Чунки ушбу кунда  Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда бўлган қалбларимиз шавқланадиган ажойиб кундир.Бугун юртимизда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳамда ёш авлодни инсонпарварлик ғоялари, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 
Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олийжаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Қутлуғ айём - ҳайит арафасида меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саховат, етим ва ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш каби эзгу ишлар амалга оширилади.
Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгариш ва янгиланишлар кучайиб бораётган бир пайтда, туманимизда ҳам салмоқли ижобий ўзгаришлар барчамизнинг кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Эришаётган ютуқларимиз, халқимиз турмуш даражасининг тобора яхшиланиб бораётгани, туманимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар бу йилги байрамга алоҳида файз ва тароват бағишламоқда.
  Азиз дўстлар! Барчангизни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор, самимий табриклайман!
Хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, ўзларингизга мустаҳкам соғлик, қилаётган барча ишларингизга файзу барака тилайман.

2015-2019 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM