ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (570-сон, 09.07.2019 й.)
 

   Қарор билан Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик асосида берилиши мумкин бўлган давлат мулки объектларининг рўйхати тасдиқланди.
     Шунингдек, қарор билан Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик асосида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун алоҳида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварағи маблағларини жамлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
     Унга кўра, махсус ҳисобварақдаги маблағлардан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга имтиёзли кредит бериш учун маданият ва санъат нодавлат муассасаларини ташкил этиш мақсадида фойдаланилади.
     Бундан ташқари, қарор билан Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик шартлари асосида фаолият юритадиган маданият ва санъат нодавлат муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
     Мазкур низом нодавлат театр ва цирклар, ҳайвонот боғлари, маданият саройлари, концерт заллари, маданият марказларига татбиқ этилади.
     Бюджетдан субсидиялар маданият ва санъат нодавлат муассасалари ҳаражатларининг бир қисмини қоплаш учун йиллик даромадлари ва харажатлари ҳажмидан, маданий хизматлар кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалардан келиб чиқиб ажратилади.
     Унга кўра, тадбиркор субсидиялар ажратиш учун молия органига тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади.
     Маданият ва санъат нодавлат муассасаси бюджетдан субсидия олишга буюртманомани ҳисобот ойидан кейин икки ой давомида тақдим этиши мумкин.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM