Тараққиётнинг нурли пиллапоялари

Тарихий Миёнқол ороли тексликларида қўним топган Каттақўрғон тумани уста деҳқонларию қўли гул ҳунармандлари, довруғи дунёга кетган ҳолвапазларю пазанда нонвойлари билан донг таратган. Бир томони Нурободнинг кенг адирликлари, бир томони Қўшработнинг оқ тоғ тизмалари билан туташиб кетган туманда кейинги икки йил ичида барча соҳаларда улкан ислоҳотлар жараёни бошланган. Яқин ўтмишда самарасиз, дея қаровсиз аҳволга ташлаб қўйилган майдонларда бугун энергия тежамкор кичик корхоналар, замонавий иссиқхоналар бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари сўнгги бор Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг  бориши билан яқиндан танишиш асносида галдаги вазифалар юзасидан берган кўрсатмаларида Каттақўрғон туманининг салоҳияти ҳақида ҳам тўхталиб, мавжуд барча имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш лозимлигини эътироф этган эдилар.
Хўш, бу борада ўтган давр мобайнида туманда қай даражада эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Йўл қурган аслида етар муродга 

Бундан икки йил илгари Тошкент-Бухоро (М 37) халқаро магистрал йўлидан туман маркази Пайшанба шаҳарчаси томон бориладиган йўлдан ўтган бўлсангиз яхши биласиз. Ўйдим-чуқур ва тунлари зим-зиё бўлган кўчалар ҳар қандай киши кўнглини ранжитар аҳволда эди. Ўтган йили туманда олиб борилаётган  қурилиш-бунёдкорлик ишлари ана шу йўлни равон йўлга айлантиришдан бошланди. 11 километрлик ушбу асосий серқатнов йўл мукаммал таъмирланиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Йўл атрофи ободонлаштирилиб, ўзгача қиё­фага келтирилди. Қуёш ботиб, атрофни қоронғулик чулғаганда  қишлоқ йўлида эмас, шаҳарнинг ёп-ёруғ марказий кўчаларидан бирида кетаётгандек сезасиз ўзингизни. 

Туманда сўнгги бир йил ичида ички йўлларни тартибга келтириш, таъмирлаш борасида ҳам катта ишлар бажарилди. Биргина "Обод қишлоқ" Давлат дастури бўйича Мундиён , Валижон, Муллакўрпа қишлоқларида 20 километр йўлни тўлиқ таъмирдан чиқариш кўзда тутилган. Қисқа фурсатда 3 километрдан зиёд йўл таъмирдан чиқарилиб, 4,6 километр узунликда пиёдалар юришига мўлжалланган йўлаклар қурилди. 100 га яқин тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 2018 йилда эса  жами  38,8 километр йўлга асфальт ётқизилиб, 39,5 километр ички йўл таъмирланган. Бунинг учун 13 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. 

Йиллар давомида йўл қурилиш ишлари хўжасизларча эътибордан четда қолганлиги боис, муаммоларнинг тўпланиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлсада туманда йўл қурилиш соҳасида босқичма-босқич олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари муаммолар салмоғини кескин камайтирмоқда.

-Туманнинг 60 йиллик тарихини яхши биламан, - дейди  меҳнат фахрийси, таниқли пахтакор Ғайбулло Рўзиев. - Лекин кейинги 30 йил ичида ҳозиргидек йўлларни таъмирлашга, тартибга келтиришга бу қадар катта эътибор қаратилганини эслай олмайман. Қишлоқлардаги нотекис, ноқулай йўллар текисланиб, тартибга келтирилмоқда. Тош тўкилиб, асфальтланмоқда. Албатта, барча йўлларни биратўла таъмирлашнинг ўзи бўлмайди. Бугун туманимиз раҳбарлари ўз қишлоғи, маҳалласи ободлиги йўлида қайғураётган инсонларга албатта ўз ёрдам қўлларини чўзмоқда. Бир аччиқ ҳақиқатни айтиш керак, яқин икки йил олдин туман маркази Пайшанба шаҳарчаси чанг тўзон ичида қолганини бир кўз олдингизга келтиринг. Тунги ёритиш масаласини гапирмасак ҳам бўлади. Бугунчи, бугунги равон йўллардан одамларнинг розилиги чексиз.

Бир келиб кетинг, қишлоғимизга...

Ўтган йили туманда иккита қишлоқ "Обод қишлоқ" дастури асосида қайта таъмирланиб, ободонлаштирилди. Бу йил эса Мундиён, Валижон ва Муллакўрпа қишлоқларида кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Учта қишлоқда  жами 7 минг 400 га яқин аҳоли дастур шарофатидан баҳраманд бўлишади. Ушбу қишлоқларда электр, газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, мактаблар ва боғчалар, шифохоналар, якка тартибдаги уй-жойларни мукаммал таъмирлаш, автобус қатновини йўлга қўйиш, ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва тартибга келтириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Дастурда белгиланган ишларни амалга оширишда юзлаб юртдошларимиз фаол қатнашмоқда. Муҳими шундаки, бу ишларни бажаришга маҳаллий аҳоли, фермерлар ва тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш­япти.

Бизнинг узоқ тарихга эга Мундиён қишлоғимиз ҳам "Обод қишлоқ" дастурига киритилганидан қишлоқ аҳли беҳад хурсанд бўлди, - дейди меҳнат фахрийси  Баҳром Рўзиев. - Нуронийлар ташаббуси билан ҳашарлар уюштирилиб, хайрли ишга ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз. Тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилгани боис, дастур ижроси давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, томорқа майдонларидан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар барпо этиш, чиқиндиларни ташиб чиқариш, ҳовлилар, жамоат жойларини ободонлаштириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, янги-янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шахобчалари қурилиши масалалари ҳам ижобий ҳал этиляпти.

Ҳа, бир сўз билан айтганда туманда обод манзиллар сони тобора орт­моқда.

"Кумуш тола" дунёга юз тутмоқда

Туманда пиллачиликни ривожлантириш имкониятлари катта бўлсада, етарли эътибор берилмагани, соҳага фан ютуқлари олиб кирилмагани, айниқса, пиллакорларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаганлиги боис, ипакчилик соҳаси камдаромад соҳалар қаторига тушиб қолган эди. Кейинги икки йилда соҳа ривожига бўлган алоҳида эътибор катта ривожланишлар палласини бошлаб берди. 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM