Буюк давлат асосчиси

Амир Тумур (тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағай ибн Амир Барқул) 1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилган. У ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳимоячисидир.


XIV асрнинг 60-йилларида Мовароуннаҳрда ҳукм сурган ниҳоятда оғир сиёсий ва иқтисодий вазият мамлакатни бирлаштириб, кучли бир давлат ташкил этишни тақозо қилмоқда эди. Буни яхши тушунган Амир Темур ўзининг барча ҳаракатини Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузишга қаратади. Бундай мақсадни амалга оширишда у руҳонийлар, ҳарбийлар, савдогарлар ва шаҳар ҳунармандлари табақаларига суянади. Ўзининг ақл-заковати, шижоати ва шуҳрати ёрдамида у Мовароуннаҳрни мўғуллар ҳукумронлигидан озод этиб, бу қадимги мамлакатда мустақил давлат барпо этади. 

Амир Темур Ҳиндистон ва Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳудудий асос билан идора этган. Унинг  "... давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим",  - деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. У умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Салтанат пойтахти Самарқанд Амир Темур даврида айниқса гуллаб яшнади. У шаҳарда саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурдирди. Шаҳар ташқарисида эса боғ-роғлар ва бўстонлар барпо этилди.

Амир Темур давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашган. У тиббиёт, риёзиёт, фалаккиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намоёндалари, шунингдек, илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказган. Амир Темур даврида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланган.

Амир Темур давлати ўзига хос тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда Хуросон ва Мовароуннаҳрда XVI аср бошларигача ҳукмуронлик қилган.

Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиёти йўлида шубҳасиз улкан аҳамият касб этади.

2015-2019 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM