Ўксик қалблар мурувватдан мамнун

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Азалий қадриятларимиз, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, ота-боболаримизнинг орзу-умидлари, ўтмиш ва бугунимизни ўзида мужассам этган қутлуғ шодиёна — Наврўзи олам яқин. Юртимизда кўклам нафаси уфуриб турган паллаларданоқ ушбу улуғ айёмга тадорик кўра бошлаймиз.

Бу йил ҳам вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан энг азиз байрамни урф-одат ва анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда, кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шу боис аллақачон шаҳар ва туманлар, маҳллаю қишлоқларда Наврўз сайиллари бошланиб кетди. Дўстлик, ҳамжиҳатлик, қардошлик улуғланган, аждодлар анъанаси бардавомлигининг ифодаси бўлган Наврўз айёми муносабати билан кўплаб хайрли ишларга қўл урилмоқда. Биргина Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан бир қатор эзгу ишлар қилингани фикримизни тасдиқлайди.

Яқинда туман истироҳат боғида “Меҳр-мурувват улашайлик!” шиори остида ташкил этилган тадбир ҳам шулар жумласидандир.

Шу куни байрамона безатилган истироҳат боғида туман ҳокимлиги вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, кексаю ёш жам бўлди. Тадбирга тумандаги ногиронлиги бўлган фуқаролар ва уларнинг яқинлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъмиланган оилалар вакиллари таклиф қилиниб, улар учун байрам дастурхони ёзилди.

Хайрия тадбирида сўзга чиққан туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов барчани кириб келаётган Наврўз байрами билан табриклади. Халқимиз интиқ кутадиган бу шодиёна муносабати билан кўплаб хайрли ишларга қўл уриш, юрт ободлиги ва кўркамлигига ҳисса қўшиш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ҳар бир ватандошимизнинг бурчи эканлигини таъкидлади. Президентимиз томонидан халқимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бўйича қилинаётган ишларни эътироф этди. Ушбу хайрли ишлар туманда ҳам изчил давом этаётганини қайд этди.

Тадбирда туман ҳокими томонидан ногиронлиги бўлган 90 нафар катта ёшдаги фуқаро ҳамда ва 10 нафар ёш болага ногиронлик аравачалари ва байрам совғалари топширилди. Шунингдек, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ва туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 54 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва якка ёлғиз кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, бепул дори-дармон ва моддий ёрдам сифатида пул маблағлари берилди.

— 12 ёшли фарзандим учун анча вақтдан буён ногиронлик аравачасига муҳтож бўлиб, моддий аҳволимизнинг оғирлиги боис ололмасдан келаётгандик, — дейди Бўстон маҳалласида яшовчи Ирода Нарзуллаева. — Бунга туман ҳокимлиги алоҳида эътибор қаратиб, фарзандимга ногиронлик аравачаси совға қилишди. Наврўз биз учун қўшалоқ байрам бўладиган бўлди. Халқ дардини тинглаб, барча раҳбарларни халққа яқин қилган Президентимиздан, туманимиз раҳбарларидан чексиз миннатдорман.

Топширилган совғалар ўксик, эътибор ва ғамхўрликка муҳтож қалбларга қувонч улашди. Туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган клнцерт дастури барчага хурсандчилик бағишлади.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM