Бир ҳовуч тупроқ-бир коса олтинга тенгдир

Image_tadbir: 

Юртимизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилган. Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишга қаратилган эътибор сабаб, нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортмоқда, балки оилаларнинг турмуш фаровонлиги, даромади ҳам юксалмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган галдаги вазифалар белгилаб олинди. 

Шу муносабат билан туман ҳокимлиги, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, вилоят ва туман Ҳалқ қабулхоналари ҳамда маҳалла жамғармаси, “Нуроний” жамғармаси ва тегишли ташкилотлар  ҳамкорлигида аҳоли томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш бўйича ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
 
Ўқув семинар иштирокчилари Мундиён маҳаласидаги аҳоли томорқалари билан яқиндан танишиб, экин экилиши, ерларни шудгорлаш жараёнларини кузатдилар. Аҳолига деҳқончилик қилишлари учун картошка, помидор, сабзи, пиёз уруғлари тарқатилди. Бундан ташқари кам таъминланган оилаларга мевали ва бошқа дарахт кўчатлари берилди. Тадбиркорликни хоҳловчилар томорқадан унумли фойдаланиш бўйича билимини оширди.

Кўпинча ҳамюртларимиз пул топиш, яхши яшашни орзу қиладию, аммо оёғи остидаги ердан унумли фойдаланишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Ушбу тадбир давомида кўрган-эшитганларини ўз томорқасида амалга оширса, мақсадга мувофиқ бўларди.

– Одамларнинг ерга муносабати ўзгариб, томорқадан самарали фойдаланиш маданияти юксалмоқда, – дейди туман фермерлар Кенгаши раиси Мардон Мавлонов. – Тадбирдан асосий мақсад  шахсий томорқа хўжалигидан самарали фойдаланишда аҳолига яқиндан кўмаклашиш, имтиёзли кредитлар ажратиш, томорқа эгаларига арзон баҳоларда уруғлик ва мевали дарахт кўчатлари, минерал ўғит ва кимёвий препаратлар етказиб беришни йўлга қўйиш, иссиқхона ташкил этиш, аҳоли томорқаларини ҳайдаш учун қишлоқ хўжалик техникалари билан таъминлашга қаратилди.

–  15 сотих ерга иссиқхона қуриб, помидор, бодринг булғор қалампири етиштирамиз, – дейди Муллакичкина маҳалласида яшовчи фуқаро Хуршид Жамолов. – Кўчат етиштириш жуда нозик иш. Иссиқхона ҳароратини мўътадил сақлаш, кўчат парваришлаш билан боғлиқ ҳар бир жараён ўз вақтида, сифатли бажарилиши лозим. Бунинг учун, албатта, муайян тажриба ва малака зарур. Шу йили Сурхондарё деҳқонларидан картошкани қопга экишни ўргандим. Иссиқхона  атрофидаги бўш турган жойларга  70 қоп экдим. Уларнинг ҳар қопидан 15 кг ча ҳосил оламан ва май ойининг бошларида ҳар килограм картошкани 7-8 мингдан сотиб, рўзғоримга ишлатаман. Меҳнатимни орқасидан ҳар йили 70-80 миллион даромад қиламан.

Ерни боқсанг ер сени боқади дейди, Мўллакичкина қишлоғида 80 ёшни қаршилаган Зувайдилла бобо Мирзаев. Ургутдан 70  туп гилос кўчатини олиб келиб экдим. Улар ҳозир ҳосилга кирган. Гилослар орасига ҳозир редиска экканман. Ердан бир йилда 3-4 марта ҳосил оламан.

Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасига хизмат кўрсатувчи идора ва ташкилотлар томонидан ўз хизматлари бўйича кўргазма ташкил этилди.

2015-2019 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM