Каттақўрғон туман ҳокими Жамшид Насриддиновнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган байрам ТАБРИГИ

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

 

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар ҳамда туманимиз меҳмонлари!

Қадрли юртдошлар!

 

Бугун юртимизда улуғ байрам, катта тантана. Ўзбекистон халқи жонажон Ватанимиз истиқлолининг шонли ўттиз икки йиллик тўйини зўр шоду хуррамлик билан нишонламоқда.

Мустақиллик художўйлик, оилани севиш ва тинчликпарварликдан келиб чиқадиган маданиятнинг авж нуқтаси бўлмиш қадриятларга таянувчи цивилизациянинг тимсоли ва жилоланишидир. 

Шу муносабат билан сиз, азизларни “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилаётган энг улуғ ва азиз байрам билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг самимий ва энг эзгу тилакларимни билдираман.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Юртбошимизнинг чексиз меҳрибонлиги натижасида туманимиз янгидан барпо этилмоқда. Сўнги йилларда туман маркази, тумандаги барча инфратузилма объектлари, аҳоли хонадонлари, халқнинг яшаш тарзида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Халқимизнинг яшаш шароити, турмуш тарзини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, моддий манфаатдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида туманимизда жами 34,6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, аҳолимизга хизмат кўрсатиш соҳасида 473,3 млрд.сўмлик  хизматлар  кўрсатилган.

Жорий йил январ-июл ойлари якуни билан Ҳудудий инвестиция дастури доирасида лойиҳаларнинг умумий қиймати 17,2 млрд. сўмлик 42 та лойиҳа ишга тушириш натижасида 216 киши иш билан таъминланган. Шунингдек, 2023 йилда туман бўйича 98,3 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар ўзлаштириш режаси белгиланган бўлиб, амалда январ-июн ойлари якуни бўйича 92,8 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди ва хорижий кредитлар режага нисбатан 245%га бажарилди.

Шу йилнинг ўзида 37 та маҳаллада жами 141,3 км йўллар таъмирланиб, шундан асфальт  64,9 км масофага асфальт ётқизилди, шағал 76,4 км йўлга шағал тош тўшалди. Ушбу йўлларни таъмирлаш учун жами 44,04 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 635-ВМ-сонли қарорига асосан туманнинг 8 та маҳалла ахолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 3 та сув иншоати қурилди. 17 км узунликдаги сув тармоқларини тортиш ишлари 8,8 млрд. сўм маблағ эвазига бажарилди.

Бундан ташқари Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги
408-сонли Қарори асосида 22 та маҳаллада 28,9 млрд.сўм маблағ эвазига
165 км масофага сув тармоғи тортиш ишлари бажарилган бўлиб,  ушбу кўрсатгич 2023 йил 15 август ҳолатига марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасининг 43,6 %ини ташкил этади.

Электр энергияси таъминоти сифатини тубдан яхшилаш мақсадида жорий йилда тумандаги 11 та маҳалла ҳудудида 27,7 км  электр тармоғи тортилиб, 830 дона темир-бетон таянч устунлари ва 15 дона янги трансформатор ўрналди. Бу ишларни бажариш учун 1,751 млрд. сўм миқдоридаги маблағ сарфланди. Табиий газ таъминотида эса 2023 йилнинг 87 ойи давомида 2 та маҳаллада 1500 метр газ тармоқларни реконструкция қилиниб, мавжуд 436 дона газ тақсимлаш пунктларини таъмирланди.

Қадрли тумандошлар!

Ҳозирда туманимиз аҳолисини уй-жой билан таъминлаш асосий эътибор марказимизда бўлиб қолмоқда. Шунинг учун  умумий қиймати 41 млрд. сўмга тенг бўлган Боғот МФЙдаги 2 та 5 қаватли 30 та хонадонли, М.Улуғбек МФЙдаги 1 та 5 қаватли 32 хонадонли, Гўзал МФЙдаги 1 та 5 қаватли 20 хонадонли ва Яккабоғ МФЙдаги 2 та 5 қаватли 60 хонадонли уй-жойлар қурилиши давом эттирилиб, ушбу уй-жойлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йилда туманимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли Қарори асосида 3,84 млрд. сўм маблағ эвазига 2 та умумтаълим мактаби, 8,4 млрд. сўм маблағ эвазига эса 2 та МТТ биносида реконструкция ишлари амалга оширилиб, бугунги кунда фойдаланишга топширилиш арафасида. Бундан ташқари 2023 йил 1-мавсумда ғолиб деб топилган “Очиқ бюджет” ташаббуси доирасида 3- ва 32-умумтаълим мактаблари капитал таьмирланиб, фойдаланишга топширилади. 1, 35, 40,102 ва 23-умумтаълим мактаблари ҳамда 1-ИДУМга қўшимча 100 ўринли бинолар, 51-умумтаьлим мактабига спорт зал биноси, 22 ва 39-мактабларга фаоллар зали қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

 “Каттақўрғон туман томорқа хизмати” МЧЖ  15 та маҳаллалардаги 9 000 та хонадонларни қамраб олган бўлиб, ушбу хонадонларга қулупнай, дала атрофига малина уруғ ва кўчатлари етказиб беради ҳамда етиштирилган маҳсулотларни бозор нархларида харид қилади. Бунинг натижасида жорий йилда мазкур жамият аъзоларининг бу йилги ўртача даромади қулупнайдан 70-80 млн.сўм ва малинадан 6-7 млн.сўмни ташкил этган.

Кузатилаётган сув тақчиллигини эътиборга олиб, аҳоли томорқаларда сув таъминотини яхшилаш бўйича 7 та маҳаллада 8 артезиан сув қудуқлари қазилиб, 240 та хонадонларнинг 19,2 гектар томорқа майдонлари ер ости сув билан таъминланди. Йил давомида 1200 гектар ерлар ўзлаштирилиб, ушбу майдонларга 300 гектар дуккакли, 600 гектар ток, 100 гектар мойли ва 200 гектар полиз экинлари экилиб, бугунгача 415  гектар ер майдонлари тўлиқ ўзлаштирилди.

Жорий йилда аҳолига  тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган бўлиб, бугунга қадар 6 та хусусий шифохоналар ташкил этилди ва ушбу шифохона масканларида 2000 дан зиёд беморлар даволаниб чикди.

Аҳоли саломатлигини доимий назоарт қилиш мақсадида ҳозирги кунда туман марказий шифохонаси таркибида 5 та ҳамда марказдан олисда 16 та тез тиббий ёрдам автомашиналари ва диспечерлик хизмати кечаю-кундуз фаолият олиб бормоқда.

Қадрли туманимиз аҳли!

 Фурсатдан фойдаланиб, сиз азизларни, мўътабар нуронийларимиз, азиз ака-укаларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, азму шижоатли ёшларимизни, бутун халқимизни Мустақиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Барчамизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган она халқимиз доимо омон бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2023 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM