БИР СОҲИЛ ФАРЗАНДЛАРИ Каттақўрғонлик шоирлар Пахтачида бўлиб мушоирада қатнашди

[jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp we]

Нарпайда бошланган ул дили туғён,
Бугун Пахтачида мавжланди чунон.
Энди бу тўлқинлар сен сари боргай,
Қалам – дафтарингни оч Каттақўрғон!

Нарпайлик ва пахтачилик маънавиятчилар ташаббуси билан бошланган хайрли бир иш – “Бир соҳил фарзандлари” номи остида ижод аҳлини ўз атрофига йиққан адабий давра бугун Пахтачида бўлиб ўтди. 
Туманимиздаги 25 сонли мусиқа мактабининг байрамлар зали чинакам байрамона тусга кирди. Қалбини, юрагини шеъриятга бахш айлаган 8 ёшдан 80 ёшгача бўлганлар жам бўлишди бунда. Дарвоқеа, энди бир соҳил атрофидаги шеърпарастлар даврасига Каттақўрғон тумани ижодкорлари ҳам қўшилишди. Бу гулхан бугун баҳор қуёшидан-да оташлироқ ёнди. Бу оташ эса, қишнинг аёзларидан озор чеккан кўнгилларни бироз бўлса-да, ўз тафти бирла илитди.
Каттақўрғон туманидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳасан ака Алматов бошчилигидаги ижод карвони: Мурод Муҳаммад Султон, Файзулло Турдиев, Отабек Мирзақобиловлар қалам йўниб келишган бўлса, Нарпайдан Ҳасан ака Исоқов, Мақсуд Мирзаев, Гулбаҳор Барнохўжаева, Умида Қурбонова, Гулшода Тўраева синггари шерюраклар етиб келишди. Пахтачидан эса, Жўрақул Нарзуллаев, Эгамназар Тонготаров, Замира Маманиёзова, Гулчирой Олтин, Санжарбек Сафаров ва яна бир қатор ёш йигит қизлар саф тортиб турдик.
Мушоира узоқ давом этди. Токи мен:

Шеърларга тўлиб кетган,
Юрак деган жойимиз бор.
Бўлди-да, кетдик энди,
Бир пиёла чойимиз бор.

Дея, шоирона тўхтатмагунимча улар шеър ўқишдан тўхташ ниятлари йўқ эди.

Очиғи жуда қувондим!
Биласизми нега? Чунки, Зарафшон дарёси соҳилида азал-азалдан ижодга, шеърга ошиқ кўнгиллар кўп бўлишган. Уларни яна қайта бир сафга йиға бошлаганимизга қувондим. Одатда, спорт ва ёки бирор бир фан мусобақалари ўтказиш мақсадида туманлар бирлашарди. Бугун эса, шеър айтиш учун Самарқанднинг уч тумани бир соҳил атрофида бирлашди. Қачонлардир, биздан кейинги авлод бу каби мушоиралардан завқ олиб, кўнгли шеър оташига тўлиб, қалби СЎЗ соҳилига сингиб, биргина сўз билан: “ Шу давраларни ташкил қилганларга раҳмат!”- деб қўйса, бас. Зотан, адабиётнинг кучига тенг кела оладиган ҳалича бирор куч топилгани йўқ! Бу куч эса, биз ижодкорларнинг билакларида эмас, юракларида жўш уради. 
Айтганча, Зарафшон дарёсидан сув ичгувчи бошқа туман ижодкорларини ҳам ўз даврамизга чорлаб қоламиз. Насиб бўлса, тез кунларда Каттақўрғон туманида кўришгунча, соғу – саломат бўлинг.

Ҳурмат билан: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўлмасбек Самарқандий.

2015-2024 © Каттақўрғон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM